Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:25

Ўзбекистонда авжи саратонда “қор ёғди”


Аслида, ёз жазирамасида қўққис лайлак қор ташлаб берганида ҳам одамлар бунчалик таҳлика-саросимага тушмасди. Мамлакат республика бошқарувидан воз кечиб, шартта монархия тузумига ўтганида ҳам ўзбек мардум бунчалик хавотир дарёсига ғарқ бўлмасди.

Бир кунда ҳе йўқ, бе йўқ МТСнинг 9 миллиондан ошиқ мижози кўчада қолди, ҳа, муболағасиз кўчада қолди. Узоғини яқин, оғирини енгил қилган уяли алоқа воситасидан, турмушнинг даққи машаққатларида ўйинчоғу овунчоқ улфатидан маҳрум бўлди улар. Билайн, Юселл ширкатларининг кечагина ерда ётса ит искамайдиган рақамлари отлиққа топилмайдиган арзанда матоҳга айланди. Бояқиш одамлар куппа-кундуз куни чайқовчию олибсотарларга ем бўлди.

МТСнинг ёпилиши, бу воқеа ортидан юзага келган сарсонгарчиликлар атайин уюштирилгандек...

Уяли алоқа ширкати жиноят қилган бўлса бордир (Ким билсин, расмий рақамларга ҳам ишонч йўқ – қудрат эгаларининг кайфиятига қараб анвойи тилда сўзлайди улар).

Хўп, МТСнинг паймонаси тўлибди, пешонасидагини кўрар. Лекин бунинг учун нега миллионлаб абонент жабр чекиши керак?!

Мутасадди раҳбарларимизни Ўзбекистоннинг учдан бир аҳолиси тақдири ўйлантирмагани қизиқ. Масалани йўқ ердан муаммо чиқармай, ётиғи билан ҳал қилиш ҳам мумкин эди. Абонентлар икки оёқ бир этикка тиқилганида – атиги ярим кун олдин эмас, бир ҳафта, боринг ана, уч кун олдин огоҳлантирилса бўларди.

Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги МТСни ёпишга бир кунда қарор қабул қилмагани аниқ. 9 миллион оилали хонадонни супириб ташлаш қарори агентлик раисига тушида бирдан аён бўлиб қолганига ишонадаган анойи топилмаса керак.

Боз устига, бу масала агентликдан а-анча юқори давраларда ҳал бўлгани шубҳасиз.
Инсон ҳуқуқлари бузилиши деганда кўпроқ сўз эркинлиги, диний эркинликнинг чекланиши ҳақида сўзланади. Менга қолса, МТС мижозларини кўчада қолдиришга журъат қилганлар ҳам инсон ҳуқуқларини боплаб оёқости қилди.

Инсон ҳақ-ҳуқуқи муқаддас тушунчага айланган Ғарбни гапирмай. Шундай воқеа шўро қуюшқонини биз билан теппа-тенг узган Шарқий Европа мамлакатларида бўлганида (аслида, уларда ҳам бундай воқеа бўлмайди, фараз қилиб кўринг дейман-да), жабр кўрганлар қандай чора қўлларди?

Менимча, қозилар шикояту арзномаларга кўмилиб қоларди, маҳкамалар эшиги зулфини узилиб, ошиғидан чиқиб кетарди, одамларни сарсон қилган мансабдорлар бўлса, бор бисотини (сўнгги чақасигача!) компенсация учун сарфларди.

Майли, биз ўзбеклар учун утопия гаплардан нақл қилиб кўпчиликка кулги бўлмай. Одамларнинг қадр-қиммати ҳисобга олинмай қўйганига хийла кўникиб қолдик-ку, тўғрими? Лекин ушбу воқеа ортидан давлат ҳамёнига келтирилаётган зарарни ким тўлайди?! Оббо, яна қайси зарарни айтяпсан, биродар дейсизми? Ахир, деҳқон кетмонини, ишчи дастгоҳини, тужжор молини ташлаб, тирикчилигини йиғиштириб, битта рақам кетидан кунлаб чопди, ҳали ҳам чопяпти-ку!..

У эмас, бу эмас, тўққиз миллиондан ошиқ киши бир тўда амалдорлар қўлида тажриба қуёнчаси вазифасини ўтаб беряпти. Мансабдорлар одамларнинг сабр косаси (коса нима бўлибди, сабр хумдони!) тўлган-тўлмаганига яна бир карра ишонч ҳосил қиляпти. Айни синов мобайнида соҳибқудратлар одамлар устидан хандон отиб куляпти, ичаги узулгудек қотиб куляпти, музаффарона-заҳарханда куляпти.

Ўзи шундоқ ҳам иқтисодий муаммолар одамларни алифдан долга айлантириб қўйган. Рақам олиш ташвиши эса ўлганнинг устига тепган бўлди. Бу воқеа “Инсон қадри ҳар нарсадан азиз” деган шиорлар популизм экани, одамлар кўзини бойлаш, шамғалат қилиш учун ўйлаб топилган ялтироқ иддаолар эканини алайно ошкор қилди.

Тасодиф (ўзи дунёда ғирт тасодиф бормикин?) туфайли қаҳрамонга айланган Юселл ва Билайн ширкатлари ҳар қанча мижоз бўлса, сифатли хизмат кўрсатишга қурбимиз етади, дея қоп-қоп ваъдалар берди. Бироқ уларнинг қурби нимага етишини ҳамма кўрди. 16 кило тош кўтаришга ўрганган полвоннинг елкасига 160 килоли тошни юклаб қўйсангиз майишиб кетади-ку, улар ҳам шундай уятли аҳволга тушди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас, томоша эндигина бошланди. Тошкент саҳнасида премера қилинган спектаклнинг кейинги пардалари вилоятларда қўйилади. Дунёнинг бирор давлатида учрамайдиган томошадан қуруқ қолманг!
XS
SM
MD
LG