Линклар

Кейинги ой бошидан тошкентликлар чиқиндиларни турли рангдаги елимхалталарда турли рангдаги контейнерларга ташлашлари лозим бўлади. Бу тартиб-қоидалар Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгаши томонидан маъқулланган ҳамда шаҳардаги санитар-эпидемиологик вазиятни яхшилаш ва тозаликни сақлашга қаратилган, деб ёзади Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари.

Янги тартиб-қоидалар пойтахтдаги барча жисмоний ва юридик шахслар учун мажбурий экани айтилмоқда. Уларга мувофиқ, чиқиндилар беш турга бўлиниб, уларнинг тўрттасига қатъий қилиб белгиланган рангдаги елимхалталарга солиниши шарт.

Хусусан, бундан буён Тошкент аҳли ва меҳмонлари пласмассадан қилинган буюм чиқиндиларини (ичимликдан бўшаган баклажкалар ҳам шунга киради) ҳаворанг елимхалтага солиб, ҳаворанг контейнерга; қоғоз ва картон чиқиндиларини оқ елимхалтага солиб, оқ контейнерга; мева-сабзавот пўчоқларини сариқ елимхалтага солиб, сариқ контейнерга; бошқа турдаги ахлатларни эса қора елимхалтага солиб, қора контейнерга ташлашлари лозим бўлади. Бешинчи контейнер симобли лампочкалар учун мўлжаллангани айтилмоқда, аммо унинг қандай рангда бўлиши ва бу чиқиндилар қандай рангдаги елимхалтага солиниши кераклиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Айни пайтда бу контейнерлар учун маҳаллаларда махсус жойлар ажратилиши лозимлиги ва у ерда санитария-гигиена риоя қилишини шартлиги айтилмоқда.

Ҳужжат мазмунидан келиб чиқилса, чиқиндилар учун турли рангдаги елимхалталарни тошкентликлар ўзлари сотиб олишлари керак бўлади. Чунончи, унда Тошкент шаҳар ҳокимиятининг Савдо, хизмат кўрсатиш ва халқ истеъмоли молларини ишлаб чиқариш департаменти, Иқтисодиёт бош бошқармаси ҳамда Савдо-саноат палатасига маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан бирга турли рангдаги елимхалталарни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда бу елимхалталарни барча дўконларда аҳолининг чўнтаги кўтарадиган нархда сотишни ташкил этиш вазифаси юклатилиши қайд этилган.

Мазкур тартиб-қоидаларга кўра, бундан буён бинолар, иншоотлар, хусусий ва кўп қаватли уйлар олдига ахлат уюб қўйиш, шунингдек, кўчага, ариқларга ва ҳовузларга чиқинди ташлаш қатъиян маън қилинади ҳамда бу қоидага амал қилмаган кишилар тегишли тартибда маъмурий жазога тортилади.

Ҳужжат мазмунидан англашилишича, пойтахт расмийлари Тошкент кўчаларида уюлиб қолаётган ахлат муаммосини ҳал қилишга астойдил бел боғлаган кўринади. Расмий маълумотларга кўра, 2,5 миллиондан зиёд одам истиқомат қиладиган пойтахт кўчаларидаги чиқинди уюмлари кейинги пайтларда оғриқли муаммога айланаётгани хусусида маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида кўплаб материаллар эълон қилинган ва бу ҳақда Озодлик ҳам ёзганди.

Чиқиндиларни ахлат қутиларига саралаб ташлаш амалиёти кўплаб ривожланган мамлакатларда анча йиллардан буён кенг қўлланилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG