Линклар

ЎзААА: "Ўздунробита" истеъмолчи ҳуқуқларини бузди"


МТС билан Ўзбекистон бир-бирини айблашда давом этмоқда.

МТС билан Ўзбекистон бир-бирини айблашда давом этмоқда.

Ўзбекистон расмийлари МТС ширкатини истеъмолчи ҳуқуқларини бузганликда айбламоқда. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги сайтида эълон қилган баёнотга кўра, “Ўздунробита” аҳоли норозилигини келтириб чиқараётган мобил алоқани узиш регламентини бузган. МТС ширкатининг Москвадаги идораси вакиллари бу иддаолар мутлақо асоссиз эканини таъкидламоқда.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (ЎзААА) “МТС-Ўзбекистон” ширкати фаолиятини тўхтатганидан бир кун ўтиб, яъни 18 июл куни, ўзининг расмий сайтида эълон қилган пресс-релизда алоқа операторини олдиндан белгиланган регламентга риоя қилмаганликда айблади.

“Телекоммуникация хизматлари истеъмолчиларининг хуқуқларини химоя қилиш мақсадида юқорида қайд этилган лицензиянинг амал қилишини тўхтатишни қуйидаги регламент бўйича амалга оширишга кўрсатма берилган:

Жорий йил 17 июл куни соат 18:00 дан бошқа телекоммуникация операторлари тармоқлараро уланиши даражасида халқаро телекоммуникация тармоқларига, шу жумладан Интернет тармоғига чиқишни тўхтатиш;

3 кун мобайнида, жорий йил 17 июл соат 18:00 дан бошлаб МЧЖ шаклидаги “Ўздунробита” ҲК тармоғини Ўзбекистон Республикасининг барча худудида ўчирилишини таъминлаш”, дейилади матбуот релизида.

Релизда келтирилишича, ЎзААА раҳбарияти бу масала юзасидан “Ўздунробита”нинг янги тайинланган бош директори билан учрашган ва “айтиб ўтилган регламентга амал қилиш зарурлиги тўғрисида” огоҳлантирган.

Лекин, “Ўздунробита” ЎзАААнинг буйруғидаги талабларни ва ўз хизматлари истемолчиларининг манфаатларини инобатга олмай, тегишли чораларни кўрмай компаниянинг инфратузилмасини юқоридаги регламентни бузган холда ўчириб қўйди”, дейилади хабарномада.

Айни пайтда, МТСнинг Москвадаги бошқармаси матбуот котибияти раҳбари Елена Кохановская Озодлик билан суҳбатда “Ўзбектелеком” МТСнинг республика бўйича барча магистрал алоқа каналларини ўзиб қўйгани, шу боис МТС ички тармоғи ишдан чиққанини маълум қилди.

- Уларнинг фикрича, биз 3 кун ичида одамларни алоқадан узишимиз керак экан. Биринчидан, бу ҳолатда биз айнан улар берган кўрсатмаларга риоя қилмаган бўлар эдик, чунки қонунга кўра лицензия тортиб олинганидан кейин биз жисмонан хизмат кўрсатишга ҳаққимиз йўқ. Яъни улар ўзлари ўрнатган тартибларни бузишни биздан талаб қиляпти!

Иккинчидан, биз босқичма-босқич алоқани уза олмас эдик, чунки 17 июл куни соат кечки 18:00 да “Ўзбектелеком” магистрал каналларимизни ўчириб ташлади. Шунингдек, Электрмагнит ўриндошлиги маркази томонидан бизга базали станциялар фаолиятини тўхтатиш тўғрисида буйруқ келган эди. Буларнинг ҳаммасини инобатга олиб, расман баёнот бераманки, биз одамларга мутлақо алоқа хизматини кўрсата олмас эдик, дейди МТС расмийси.

Эслатиб ўтамиз, 17 июл куни “МТС-Ўзбекистон” фаолияти тўхтатилиши ортидан республикада бошқа алоқа операторлари сим-карталарига талаб ошиб кетди ва ҳозирда, “Узметроном” сайти хабарига кўра, Beeline ва Ucell компанияларининг сим-карталари нархи 25-30 минг сўмга кўтарилиб кетган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон хавфсизлик тизимларига яқин экани айтиладиган Узметроном нашри орқали судларга ҳозирча номаълум “ташаббускор гуруҳ” номидан Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги устидан фуқаролик судларига шикоят аризалари топширишга тайёргарлик кўрилаётгани хабар қилинди.

“Ташаббускор гуруҳ” МТС алоқа оператори ўчирилиши муносабати билан 9 миллионлик абонентлар номидан моддий ва маънавий зарар қопланилиши талаби қўйилиши эҳтимоли мавжудлигини билдирди.

Юзага келган вазиятнинг мураккаблашиб бораётганини Озодликка тушунтирган МТС расмийси Елена Кохановская ЎзАААнинг мазкур баёнотини “истеъмолчиларнинг ўринли ғазабини ўзидан бировга юклаш”, дея баҳолади.

- Улар атайин одамларнинг алоқа узилганидан юзага келган норозилик кайфиятини янада оширмоқда. Бу ЎзАААга юборилган оммавий шикоятлар кейинчалик “Ўздунробита”га ўтказиб юбориш учун қилиняпти. Қўпол қилиб айтадиган бўлсак, буни компаниямиз, маблағларимиз ва жиҳозларимизни эгаллаб олиш учун қилинаётган ҳаракат сифатида баҳоламоқдамиз, дейди МТС расмий вакиласи Елена Кохановская Озодликка.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги 17 июл куни “Ўздунробита” ширкатининг 2004 йил 28 июл куни уяли алоқа хизмати кўрсатиш учун берилган лицензиясини 10 кунлик муддатга бекор қилди.

МТСнинг Ўзбекистондаги шўъбаси ва унга қарашли барча филиалларда молиявий-хўжалик текшируви давом этмоқда.

Бир неча ҳафта аввал Ўзбекистон Бош прокуратураси “Ўздунробита” ширкати раҳбариятига нисбатан жиноят ишларини очган ва ширкатнинг бир қатор раҳбарларини ҳибс қилган эди.

Ўзбекистон прокуратураси ҳисоб-китобига кўра, жиноий гуруҳни ташкил этганликда гумонланаётган “Ўздунробита” ширкати раҳбарияти томонидан турли тўловлар асосида республика хазинасига 500 миллиард сўм зиён етказилган.

МТС-Ўзбекистон алоқаси мамлакатнинг 94 фоиз ҳудудини қамраб олиб, 9 миллион абонентга хизмат кўрсатар эди.
XS
SM
MD
LG