Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:49

Имомга суиқасдда айбланганлар ҳукм чиққунча озод қилинди


Швециянинг Стромшунд шаҳрида ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаровга қилинган суиқасдга кўмаклашганликда айбланган ўзбекистонликлар маҳкама ҳукми эълон қилингунига қадар қамоқдан озод қилинди.

Швеция прокуратураси Ўзбекистон фуқаролари бўлган эр-хотин Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларни шу йилнинг 22 феврал куни ўзбекистонлик диний уламо Обидхон қори Назаровга суиқасд қилган шахсга кўмаклашганликда айблаётган эди.

15 май куни ҳибсга олинган айбланувчилар устидан маҳкама Стромсунд шаҳрида 12 июлдан 18 июлгача давом этди. Суд Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминова устидан ҳукм чиққунга қадар очиқда қолишлари мумкинлиги ҳақида ҳукм қилди. Ҳукмнинг 26 июл куни ўқилиши кутилмоқда.

Пайшанба куни суд қарори эълон қилинишида қатнашган ўзбекистонлик сиёсий муҳожир Аҳмаджон Озодликка бу ҳақда гапириб берди.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:03 0:00
Бевосита линк


Обидхон қори Назаров тарафдорлари Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар ҳукм ўқилгунга қадар Швециядан қочиб кетишлари эҳтимоли борлигидан хавотир билдирмоқда.

Суд жараёнини кузатган ва исми сир қолишини истаган яна бир ўзбекистонлик муҳожир Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар оқланиши мумкинлигини ҳам эҳтимолдан соқит қилмади.

Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларнинг ҳукмга қадар озодликка чиқарилиши бундай тахмин учун асосдир дейди суҳбатдошимиз.

Унинг назарида прокурор бу жуфтликнинг суиқасдга алоқадорлигини жиддий тарзда исботлай олмаган.

Суд жараëнини кузатган Аҳмаджон эса Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларнинг суиқасдга алоқадорлиги маҳкамада ўз исботини топди деган фикрда.

Пайшанба куни маҳкама прокурори Кристер Петерсон айбланувчиларга 8 йил қамоқ жазосини сўради.

Суд мажлисини кузатган Östersunds-Posten газетаси мухбири Торд Андерсонга кўра, прокурор суд терговидаги кўрсатмалардан суиқасд ортида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати турган, деган хулосани берган.

"Биз тақдим этган фактлар суиқасд имомнинг тузумни танқид қилгани учун содир этилганлиги ва унинг ўзбек хавфсизлик хизматлари топшириғи билан амалга оширилганига ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди", дея таъкидлади прокурор Петерсон, деди журналист.

Обидхон қори Назаров шу йилнинг 22 февралида Швеция шимолидаги Стромшунд шаҳарчасида ўз уйи йўлагида номаълум шахс томонидан отиб кетилган эди.

Маҳкама сўнгида сўз олган Швеция прокурори Кристер Петерсон ўзбек имомига қилинган суиқасд ортида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати турган бўлиши мумкинлиги бир қанча далиллар билан тасдиқлангани ва бу билан боғлиқ бошқа фаразлар йўқлигини, суиқасдга кўмаклашганликда гумонланаётган Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминова Ўзбекистон томонидан юборилган одамлар бўлиши мумкинлигини баён қилди.

Суиқасднинг бевосита ижрочиси ҳамон очиқда қолмоқда ва унинг ҳам Ўзбекистон фуқароси экани тахмин қилинмоқда.

Суд жараёни давомида унинг шахсига тўхталган прокурор 1978 йилда туғилган Юрий Жуковский исмини тилга олди.

54 ёшли Обидхон қори Назаров ҳамон шифохонада кома ҳолатида ётибди.
XS
SM
MD
LG