Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:39

510 минг иш ўрни реалми ёки ёлғон?


Ўзбекистонда коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш мақсадида иш ўринлари қоғозда яратилмоқда, дейди мутахассис.
Ўзбекистонда коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш мақсадида иш ўринлари қоғозда яратилмоқда, дейди мутахассис.

Ўзбекистонда жорий йилнинг олти ойи мобайнида 510 мингтадан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Бу иш жойларининг учдан икки қисми қишлоқ ҳудудларига тўғри келади. Бироқ мутахассислар ҳукумат бераётган рақамларнинг реалликдан йироқ эканини айтишади.

Ўзбекистон ҳукуматининг 2012 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган йиғилишида, йилнинг олти ойи давомида 510,5 мингта янги иш ўринлари яратилгани ҳаиқда гапирилди.

Бу иш ўринларининг 345 мингтаси, яъни 68 фоизи, ҳукуматнинг айтишича, қишлоқ ҳудудларида жорий қилинган. Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси матбуот хизмати тарқатган пресс-релизда айтилишича, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳокимликлари олдига янги иш ўринларини янада кўпроқ яратиш вазифаси қўйилган.

Бироқ, янги иш ўринлари бўйича берилгани бу маълумот ҳақиқатга мос эмаслиги айтилади.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг бандликка кўмаклашувчи ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш туман бўлимларидан бирида оддий инспектор вазифасида ишлайдиган суҳбатдош хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир қолишини сўради. Унга кўра, аҳолига иш ўринлари яратиш ҳақида юқорига берилаётган ҳисоботларнинг ҳаммасида қўшиб ёзиш бор:

- Статистика маълумотлари юқоридагилар кўрсатмаси асосида тўлдирилади. Янги яратилган иш жойлари қоғозда расмийлаштирилади. Бу статистика саноати бор шаҳарларда қисман тўғри бўлиши мумкин, лекин қишлоқ жойлардан берилган рақамлар барчаси приписка (қўшиб ёзиш-таҳр.), дейди инспектор.

Ҳукумат берган маълумотга кўра, қишлоқ жойлардаги янги иш ўринлари асосан қишлоқ коллежларини битирган ёшлар ҳисобидан бўлаётгани айтилади. Бироқ, инспектор бу рақамларнинг қандай пайдо бўлиши схемасини чизиб беради:

- Масалан, битта коллежни 200 талаба битирган бўлса, шунинг бир 50 тасини корхона ва ташкилотларга, фермерларга бориб шунчаки, ишга “жойлаштирилади”. Булар ҳам ишламайди, аслида қоғозда ишга “қабул қилинади”. Бу бола у ерда 10 кун ишлайдими, бир ой ишлайдими, ё ўз аризаси билан ёки маъмурият буйруғи билан ишдан бўшатиб юборилаверади.Чунки иш ўринларининг ўзи йўқ, бўлса ҳам уларнинг маошлари тирикчилик учун етмайди. Бу бола бир марта статистикага тушади ва иш ўринлари яратилди, деган ҳисобот юқорига кетаверади, дейди Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг бандликка кўмаклашувчи ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш туман бўлимларидан бирида ишлайдиган инспектор.

Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида истиқомат қиладиган ва туман ташкилотларидани бирида ишлаган Абдураҳмон Сатторовнинг айтишича, коллежларни битирган ёшлар иш ўринлари тополмай овора:

- Мана бизда, медколлежни битирганлар ҳам, педколлежни битирганлар ҳам иш тополмай юрибди. Бошқа коллежлардаку ўзи талаба номигагина бор. Статистика учун ташкилотларга келадида, уни ишга олдим, буни ишга олдим, деган қоғозлар тўлдирилади. Бу кўзбўямачиликнинг ўзи, бошқача атаб бўлмайди буни, дейди қизириқлик Абдураҳмон Сатторов.

Ўзбекистон аҳолиси жорий йилда 30 миллионга етганлиги эълон қилинди. Расмий ҳисоботларда мамлакат иқтисодиётида 16 миллиондан ортиқ ишга яроқли одам иштирок этаётгани айтилади.

Ўзбекистон ҳукумати ҳар йили бир миллиондан ортиқ иш ўрни яратилаётгани ҳақида ҳисобот бериб келади.

Бироқ, норасмий маълумотларга кўра, ҳар йили 5 миллиондан 7 миллион нафаргача бўлган одамлар мамлакатдан ташқарига меҳнат муҳожири бўлиб кетадилар.
XS
SM
MD
LG