Линклар

Валюта қора бозорига қарши кураш самара бермоқдами?


Ўзбекистон банкларидаги пул алмаштириш шохобчаларидан валюта сотиб олишнинг деярли имконсизлиги қора бозорнинг гуллаб-яшнаши асосий сабабларидан биридир.

Ўзбекистон банкларидаги пул алмаштириш шохобчаларидан валюта сотиб олишнинг деярли имконсизлиги қора бозорнинг гуллаб-яшнаши асосий сабабларидан биридир.

Ўзбекистон Бош прокуратураси мамлакат бўйлаб валюта қора бозорларига қарши кураш фаоллашганини айтмоқда, лекин оддий ўзбекистонликлар фикрича, ҳокимият тизимидаги коррупция бу курашни бесамар қилмоқда.

Андижонда валюта олди-сотдиси билан шуғулланадиган Насриддиновлар оиласига оид беш ака-уканинг бир кунда қамоққа олиниши Ўзбекистонда валютафурушликка қарши курашнинг кучайгани билан боғлиқ.

Бу фикрни Озодликка билдирган Ўзбекистон Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқовага кўра, бу кураш фақат бир вилоят билан чегараланмасдан бутун мамлакатни қоплайди.

- Валюта қора бозорига қарши тегишли идоралар кураш олиб боришмоқда. Қонунни бузган шахсларга нисбатан чоралар кўрилмоқда, дейди сенатор.

Суҳбат давомида Ортиқова хоним қора бозорга қарши курашнинг самара келтиришига ишонишини урғулади.

Андижонда валютафурушлик қилган оиланинг қўлга олиниши бу курашнинг ëрқин мисолидир, дейди Светлана Ортиқова.

12 июл куни Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий Интернет сайтида Андижонлик ака-укалар Абдуқаҳҳор, Баҳтиëржон, Абдуманноп, Абдусалом ва Абдуфаттоҳ Насриддиновларнинг 1200 АҚШ доллари миқдорода чет эл валютасини ноқонуний сотаëтган пайтда қўлга олинганини ëзди.

Андижоннинг Асака туманидаги кийим бозорида қўлга олинган ака-укаларнинг уйи тинтув қилиниб, 65 минг АҚШ доллари, 43 минг Россия рубли, 4700 қозоқ тангаси ва 52 миллион ўзбек сўми мусодара қилингани ҳам маълум қилди бош прокуратура.

Адолат тантанаси эмас балки кўз-кўз қилиш

Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органлари ўтказган Андижондаги қора бозор савдогарларига қарши амалиëт валютафурушлар учун сабоқ бўлади деган маънода ўзбек матбуотида ëритилди.

Айни пайтда Андижонда валюта бозори илгари қандай ишлаган бўлса, бугун ҳам савдо сусайгани йўқ, дейди пайвандчилик қилиб топган пулини долларга алмаштириш учун бозорга келган 51 яшар Ҳалил ака:

- Мана бемалол сотишяпти. Доллар керакми. Россия рублими. Ҳеч тортинмасдан бемалол валюта сотиляпти.

Ҳалил ака ён атрофига қараб, у кузатаётган вазиятни бир неча милиция ходими ҳам кўриб турганини айтади.

- Бир эмас бир нечтаси юрибди. Энди улар бирга иш қилади. Валюта сотаëтганлар ҳам милицияни одамида, дейди андижонлик уста.

Пулини қора бозорда алмаштираётган бўлсада, Ҳалил ака бундай бозорларнинг ҳақиқий маънода йўқ қилинишини тарафдори эканини ҳам қўшимча қилди:

- Бозорда атрофга аланглаб пул алмаштириб юргандан кўра бемалол банкнинг салқин биносида сўмингни долларга алмаштиришга нима етсин.

Суҳбатдошимиз Ҳалил ака банкдан фақат 500 долларгача пул алмаштириш мумкинлиги боис одамлар кўчадан пул алмаштираëтганини айтади.

Пул туғадиган паспорт

Андижондаги“Асакабанк”га телефон қилиб пул алмаштириш учун чеклов борасида сўрадик.

“Асакабанк” мулозимининг тушунтиришича, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси 2000 долларгача бўлган пулни паспортини кўрсатиб бемалол алмаштириши мумкин.

Айни пайтда банк мулозими хозир банкда доллар қолмаганини ҳам эслатиб қўйди.

Доллар камëблиги эса ўзига хос “тадбиркорлик” учун ўзан бўлгани кузатилади.

Банк атрофида юрган “тадбиркорлар атрофдагиларнинг паспортларини 25000 сўмга “ижарага олиб” алмаштирув пунктидан 2000 доллар пул олишади.

Кейин бу доллар қора бозорда сотилади.

Бу тижоратнинг мантиғини бизга Андижонлик Ҳалил ака тушунтирди:

- Алмаштирув пункти фақат ўзининг одамларигагина доллар сотади. Четдан борганлар эса пул тугади деган стандарт жавобни олишади, дейди суҳбатдош.

Бу дарднинг давоси

Мамлакатнинг икки бурчаги Хоразм ва Андижондаги валюта қора бозори билан боғлиқ вазиятни ўша ердаги оддий харидорлар кўзи билан кузатдик.

Ҳар иккала ҳудуд учун муштарак бир ҳолат юзага чиқди. Биринчидан, валюта қора бозоридаги ҳаракатлар милиция паноҳида амалга ошмоқда. Иккинчидан, мижозлар орасида амалдорлар ҳам кўп.

Ўзбекистон Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқовага кўра, мамлакатда бундай ҳолатлар учрашини эътироф этиб, у коррупциянинг "классик кўриниши" дея атади.

- Ижро ҳокимияти вакилларининг валюта қора бозорига аралишиши бу коррупциядир. Бундай амалдорларга қарши ҳеч аямасдан курашамиз. Коррупция иллат, афсуски бу иллат бизда ҳам бор. Биз бу иллатга қарши курашяпмиз. Хабарингиз бўлса, 2010 йил ноябрида концепция ҳам ишлаб чиқдик. Бу концепцияда босқичма-босқич кураш ҳақида гап боради. Бу курашнинг натижа беришига ишончим комил, дейди Светлана Ортиқова.



2010 йил Ўзбекистон жазо қонунининг 177-моддаси, яъни “Валютани сотиш мақсадида қонунсиз харид қилиш” моддасига ўзгартиш киритилган эди.

Айни ўзгартиш мазмунига кўра, валютафуруш Ички ишлар ходимлари билан ихтиëрий фаол ҳамкорлик қилса, жиноий жазодан озод қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG