Линклар

logo-print

Парижер ишига Исроил аралашди


Валерий Парижер 2008 ва 2009 йилларда Бекободдаги қамоқхонадан Озодликка телефон орқали интервью берган эди.

Валерий Парижер 2008 ва 2009 йилларда Бекободдаги қамоқхонадан Озодликка телефон орқали интервью берган эди.

Ўзбекистонда қамохонада қолаётган Россия ва Исроил фуқароси Валерий Парижер масаласи билан Исроил элчихонаси шуғуллана бошлади. Парижер иши ҳақида Озодлик радиоси 2008 ва 2009 йилларда хабар қилган эди. Тошкентдаги Лок-бўёқ заводида бош директор ўринбосари лавозимида ишлаётган пайтда давлат мулкини талон-тарож қилганлик айби билан 2002 йилда қамоққа олинган Парижер 14 йилга қамоққа ҳукм қилинган. Кейинчалик уч марта амнистияга тушиб, қамоқ ҳукми қисқартирилган Россия ва Исроил қўшфуқароси 2012 йилда озодликка чиқиши керак эди. Лекин маълум бўлишича, чиқиши арафасида унга яна 5 йиллик қамоқ қўшиб берилган ва Парижер Жаслиқ қамоқхонасига ўтказилган. Исроил элчихонасининг айтишича, шу пайтгача Парижер ўзининг Россия фуқароси сифатида тақдим қилиб келгани боис унинг иши билан Россия ҳукумати шуғулланиб келган.

Чоршанба куни Валерий Парижернинг Исроилдаги қариндошлари Рамат-Ган шаҳридаги Ўзбекистон элчихонаси олдида намойиш ўтказди. Улар Парижерга беш йил қамоқ қўшиб берилгани ва унинг Жаслиқ қамоғига ўтказилганига норозилик билдиришди.

Валерий Парижернинг Исроилдаги қариндошлари Рамат-Ган шаҳридаги Ўзбекистон элчихонаси олдида намойиш ўтказди.

Валерий Парижернинг Исроилдаги қариндошлари Рамат-Ган шаҳридаги Ўзбекистон элчихонаси олдида намойиш ўтказди.

Асли украиналик Россия ва Исроил қўшфуқароси Валерий Парижер 2000 йилда шартнома асосида Тошкентдаги Лок-бўёқ заводига бош директор ўринбосари лавозимида ишлагани келган. 2002 йилда у давлат мулкини талон-тарож қилганлик ва қаллоблик айблари билан Ўзбекистон расмийлари томонидан қамоққа олинган.

Икки давлат фуқароси бўлганига қарамасдан, 56 яшар Парижернинг иши билан шу пайтгача, Россия шуғулланиб келган. Маҳбуснинг хотини 53 ёшли Ирина Парижернинг айтишича, эри қамоққа олинган пайтда Исроил элчихонасидан ишга аралашиш сўралганда, Яҳудий давлати дипломатлари Парижер Россия фуқаролигидан воз кечмагунча бу ишга аралаша олмасликларини айтган.

- Улар бизга “Ўзбекистон ҳукумати Исроил элчихонасига бу ишга аралашмасликни талаб қилмоқда ва Парижер Россия фуқаролигидан воз кечгандагина бир нарса қила олишимиз мумкин”, дея жавоб беришди, дейди Ирина Парижер.

Рамат-Ган шаҳридаги Ўзбекистон элчихонаси олдида пикет.

Рамат-Ган шаҳридаги Ўзбекистон элчихонаси олдида пикет.

Лекин Исроилнинг Тошкентдаги элчиси Ҳиллел Нюманнинг Озодликка айтишича, Парижернинг ўзи аввал бошданоқ бу иш билан Россиягина шуғулланишини истаган.

- У ҳибсга олинган пайтда фақатгина Россия фуқароси эканини очиқлаган холос ва Ўзбекистон расмийлари уни Россия фуқароси сифатида кўриб келган. Шу сабабдан унинг иши билан Ўзбекистондаги Россия элчихонаси шуғулланиб келган. Ҳозир унинг оиласи бизнинг ҳам аралашувимизга эришиш учун Парижернинг Исроил фуқаролиги тан олинишига оид жараённи бошлади. У шунча йилдан бери қамоқдалиги пайтида Исроил фуқаролиги борлигини очиқламай келган. Очиғини айтганда, унинг ўзи бу иш билан фақатгина Россия шуғулланишини истаган, дейди элчи Нюман.

Парижернинг ўзи ҳам, 2008 йилда Бекободдаги қамохонадан туриб Озодликка берган телефон интервюсида бу гапларни тасдиқлаган эди.

- Мен биринчи навбатда Россия фуқароси бўлганим боис ҳозирча Исроилга мурожаат қилганим йўқ, деган эди Валерий Парижер 2008 йил ноябрида берган интервюсида.

Валерий Парижер 2008 ва 2009 йилда Озодликка интервю бергач қамоқхонада босимга учраган эди. Унинг ўғли 34 ёшли Ричард Парижернинг Озодликка айтишича, отаси 2012 йилда қамоқдан чиқиш муддати арафасида қамоқхона тартибини бузганлик айби билан суд қилиниб, жазо муддатига яна беш йил қўшиб берилган ва Ўзбекистондаги энг даҳшатли қамоқхона ҳисобланган Жаслиқ колониясига ўтказилган.

Элчи Нюманнинг айтишича, бу иш билан эндигина шуғуллана бошлаган Исроил элчихонаси дастлаб Ўзбекистон ҳукуматидан Парижерни Жаслиқ қамохонасидан у аввал ўтирган Бекободдаги колонияга ўтказиш илтимос қилинган.

Ирина Парижер ҳозирда эрининг аҳволи жуда ёмонлашгани ва тезкор чора кўрилмаса, ҳаётига ҳавф пайдо бўлишидан ташвишда эканини айтади.

- Уни жуда хўрлашмоқда. Тирноқлари остига игна тиқиб қийноққа солишмоқда. Унинг вазни 40 килограмга тушиб кетибди. 40 даража иссиқда кўчада темир қутига солиб қўйишар экан. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган азобга солишмоқда уни, дейди Ирина Парижер.

2006-2007 йилларда Парижернинг иши Ўзбекистон билан Россия расмийлари ўртасидаги музокараларда ҳам кўтарилган эди. Хусусан, баъзи хабарларга кўра, ўша пайтда Россия бош вазири ўринбосари бўлган Сергей Иванов Тошкентга қилган сафари пайтида президент Ислом Каримов билан суҳбат пайтида Россия фуқароси ишини ҳал қилиб беришни илтимос қилган.

Валерий Парижер 2008 йилда Озодликка берган интервюсида ўзига нисбатан очилган жиноий иш Ўзбекистон президент маъмуриятидан тушган буюртма асосида бўлганини иддао қилган эди.

- Бекободдаги қамоқхона бошлиғи “сенинг ишинг буюртма, тепадан, президент аппаратидан тушган” деган эди. Мен унга президент аппаратининг мен билан нима иши бор, деб ҳайрон қолдим. Лекин на прокуратура, на Миллий хавфсизлик хизмати менинг ишимни ҳал қилишни истаётган экан, демак ҳақиқатан ҳам бунинг ортида президент аппарати турган бўлса керак. Лекин менга нисбатан даъво қилган Дубайдаги фирманинг Ўзбекистон президенти аппаратига қандай алоқаси бўлиши мумкин?- деган эди Парижер 2008 йилда.




Бу суҳбат давомида Парижер президент маъмурияти, у билан боғлиқ бўлган шахслар ёки гуруҳлар унга қандай хусумати бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги саволимизга аниқ жавоб қайтармаган эди.

У Лок-бўёқ заводида ишлаётган пайтда ҳамкорлик қилган Дубайдаги “Aziz Trading” фирмаси билан келишмовчиликлар чиққач, бош директор ўринбосари лавозимидан кетишга қарор қилганидан кейин муаммолари бошланганини айтган эди.

Парижер шунингдек ўз иши ортида Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги нуфузли шахсларидан бири турган бўлиши мумкинлигига ҳам ишора қилган.

Парижернинг ўғли Ричард ҳам 19 июл куни, Озодлик билан суҳбатда, отасининг қамоқда қолишидан манфаатдор кишилар кимлигини билишини иддао қилди.

- Бу иш ортида ҳозирда қочиб юрган шахс турибди ва оиламизнинг фикрича, бу ишнинг ортида давлат турибди, чунки бу одам ҳозирда мамлакатда бўлмаса-да, унинг давлат идораларида одамлари бор ва улар бу шахснинг кўрсатмасига кўра иш тутмоқда, дейди Ричард Парижер.

Ота-бола Парижерлар аниқ бир исмини айтишди, лекин бу одам нима сабабдан унинг қамоқда қолишини истаётганини изоҳлай олмагани ва Озодлик мухбирининг бу шахс билан боғланиш имкони бўлмагани боис бу исмни ошкор қилмасликка қарор қилдик.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG