Линклар

Трамвай №2

14 июл соат 11:45да Тошкент шаҳар 2-трамвай депоси ҳайдовчиси Артём Луцев “Татра” русумли трамвайда пиёдани босиб кетди. “Пойтахт транспорти” газетасининг 20 июл куни хабар қилишича, бахтсиз воқеа Ибн Сино мавзеси Белтепа кўчасида рўй берган. Исми очиқланмаган йўловчи ўта оғир жароҳатдан шу куни шифохонада вафот этган.

Трамвай фаолиятига оид хушхабар ҳам йўқ эмас. “XXI аср” газетасига кўра, Тошкент трамвайининг 100 йиллигини нишонлашга ҳозирлик кўрилмоқда. Айтилишича, Ўзбекистон пойтахтида қўш изли транспортни барпо этиш тарихи 1896 йилга тақалади. Шу йили Белгиянинг “Сосете женерал де Белжик” ширкати кўмагида трамвай жамияти тузилган. Дастлаб от қўшилган вагон – конка қатнови йўлга қўйилган. 1912 йилда эса конка ўрнини электрда ҳаракатланувчи росмона трамвай эгаллаган.

Эҳ, учираман!

Жорий ҳафта немис полицияси вакили “Шпигел” журналига Германияда ўғирланаётган автомобилларнинг аксар қисми Марказий Осиё давлатларига, хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистонга жўнатилишини маълум қилди. Ушбу ахборотга Ўзбекистон ички ишлар идораси муносабат билдирмади. Аммо жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди раиси С. Рўзиев “Куч – адолатда” газетаси орқали фуқароларни хориждан яширин йўл билан келтирилган машиналар олди-сотдиси жавобгарликка олиб келишидан огоҳлантирди.

Тошкент вилоят божхона хизмати минерал ўғитлар талон-тарожига қарши курашни кучайтирмоқда (“Экоҳаёт” газетаси 18 июл). Мутасадди идора матбуот хизматига кўра, сўнгги кунларда Бўка туманида яшовчи Б. Улуғбековнинг уйидаги махсус ўрадан 1,3 тонна аммиакли селитра топилган. Чиноз туманида “Камаз” машинасида 7,1 тонна ҳужжатсиз аммиакли селитра олиб кетаётган А. Йўлдошев қўлга олинган. Зангиоталик Ф. Имомалиев уйида 1,2 тонна минерал ўғитни ноқонуний сақлаётгани аниқланган. Божхона хизмати минерал ўғитлардан портловчи модда тайёрлашда фойдаланилиши хавфини ҳам эслатиб ўтган.

Пул бўлса, ўқиш нақд, чақалоқ ҳам!..

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди 30 кишидан иборат жиноий гуруҳни узоқ йилга озодликдан маҳрум қилди (“Инсон ва қонун” газетаси, 17 июл). Гуруҳ аъзолари Бухоро давлат тиббиёт институти ва Бухоро юқори технологиялар муҳандислик техника институтига ўқишга киритиш ваъдаси билан 80га яқин абитуриентдан 2000 доллардан 8000 долларгача пора олган.

Жиноий гуруҳга Бухородаги олий таълим даргоҳларида ишлаб келган Миркомил Исабоев ва Элмурод Саломов бошчилик қилган. Газета хабарига кўра, бир неча йилдан буён ноқонуний ўқишга жойлаб келган гуруҳ тест пайти абитуриентлар билан алоқа ўрнатиш учун қимматбаҳо Wi-Fi тўлқинли радиоалоқа антенналари ва компютерлардан фойдаланган.

Қарши шаҳридаги “Хотин-қизлар маслаҳатгоҳи” хусусий шифохонаси раҳбари Зилола Эрназарова чақалоқфурушликда айбланиб 9 йилга кесилди (“Истеъмолчи” газетаси, 19 июл). Судланувчи жиноий фаолиятини 2003 йил 31 январда шахси аниқланмаган жувоннинг боласини ғузорлик эр-хотин Норқуловларга 200 минг сўмга сотишдан бошлаган.

Кейинроқ чақалоқ баҳоси кескин ошган. Масалан, Д. Усмонова 1,7 миллион сўм ва 1,5 миллинлик сўмлик тилла тақинчоқлар, Х. Раҳмонова 1,8 миллион сўм, О.Қобилова 2,5 миллион сўм эвазига бола сотиб олган. “Судланувчи турмушга чиқмай ҳомиладор бўлиб қолган қизларни шифохонасига қамаб қўйиб, оч қолдиришга, кўзи ёригач, қўрқитиш ва зўравонлик йўли билан болаларини тортиб олиб, катта пул эвазига сотишга одатланган” деб ёзади “Истеъмолчи” газетаси.

Шу тариқа, Эрназарова саккиз йил давомида 10 дан ошиқ чақалоқни пуллашга муваффақ бўлган. Таҳририят мудҳиш қилмишга қўл уриб келган аёлнинг жиноий фаолиятига мутасаддилар шунча пайт эътибор қаратмаганидан таажжубга тушади.

“Чайқовчи дилер билан ҳамкорлик қилинмайди”

Жорий ҳафта Ўзбекистон аҳолисининг учдан бир қисми ҳаётига бевосита таъсир этган воқеа – “Ўздунробита” алоқа ширкати фаолиятининг 10 кунга тўхталиши расмий нашрлар томонидан эътиборсиз қолдирилди. Маҳаллий нашрлар орасида “Новый век” газетаси ушбу хабарни чоп этишни лозим деб топди. Айни пайтда, мустақил нашр бошқа операторлар сим карталари баҳоси ошиб кетгани муаммосини ҳам кўтарди. Тошкентлик В. Бобкованинг таҳририятга арз қилишича, “Билайн” сим картасини 20 минг сўмга олишга мажбур бўлган. Чайқовчилик ҳолатини изоҳлаган “Билайн” матбуот котиби О. Абдураззоқов марказий офис устама маблағ олган дилерлар билан ҳамкорлик тўхтатилишини маълум қилган.

Компютер асри

Ўзбекистонликлар компютер қаршисида инглизлардан кўпроқ вақтини ўтказади. “Ҳуррият” газетаси 18 июл сонида чоп этган “Ижтимоий тармоқ виртуал қармоқми?” мақоласига кўра, Россияда ҳар бир фойдаланувчи бир кунда ўртача 10,4 соат, Туркияда 7,8 соат, Ўзбекистонда 6 соат, Англияда 5,3 соат вақтини компютер учун сарфлайди.

Мақолада Facebook, Twitter, Одноклассники ижтимоий тармоқларида ахлоққа зид, фоҳишабозлик, баччавозлик, қонхўрликка ундайдиган, мавжуд тузумларга қарши саҳифалар кўпайиб бораётганидан хавотир билдирилади. Муаллиф Интернет устидан назоратни кучайтириш ва кўпроқ маҳаллий тармоқлардан фойдаланишни жўяли деб топади: “Маҳаллий uz доменида жойлашган ва назорат қилиш имкони бўлган doira.uz, muloqot.uz, sinfdosh.uz, olam.uz каби ижтимоий тармоқларни янада ривожлантириш замоннинг ўзи тақозо этиб турган вазифалардан ҳисобланади”.
XS
SM
MD
LG