Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:37

МТС-Ўзбекистон компаниясининг банк ҳисоблари музлатилди


Ўзбекистонликлар орасида МТС мобил алоқаси учун олдиндан юзлаб доллар тўлаб қўйганлар бор.
Ўзбекистонликлар орасида МТС мобил алоқаси учун олдиндан юзлаб доллар тўлаб қўйганлар бор.

МТС-Ўзбекистон мобил алоқаси17 июл куни батамом ўчириб қўйилиши ортидан, компания энди банк амалиётлари ўтказиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлди. МТС компаниясининг Москвадаги ваколатхонаси вакили бу ҳолатни Россия инвестициясига қилинган ҳужум дея баҳоламоқда.

МТС компаниясининг Россиядаги бош офиси блог-котибаси Марина Акуличнинг Озодлик радиосига айтишича, 19 июлдан бошлаб Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки МТС-Ўзбекистон компаниясининг банк ҳисобларини музлатиб қўйган:

- Биз бу ҳақда барча мижозларимизни огоҳлантиряпмиз. Бундан ташқари Ўзбекистон ТИФ миллий банки МТС-Ўзбекистон ҳисоб рақамига 17 июл куни абонентлардан тушган пулларни ҳам ўтказмаган. Ҳисобларимизни музлатиб қўйгани ҳақида банк бизга ҳеч қандай ҳужжат ҳам тақдим қилмади. Банк раҳбарияти, раис ўринбосарлари биз билан мулоқотга киришдан бош тортди. Бу МТС – Ўзбекистон компанияси бутунлай фалаж бўлиб қолди, деганидир, дейди Марина Акулич.

МТС ширкати блог-котибасига кўра, Ўзбекистон томонининг бу ҳаракатларини хориж инвесторига қилинаётган ҳужум сифатида талқин қилиш мумкин:

- Процессуал нормалар қоидаларини қўпол равишда бузган ҳолда Ўзбекистондаги бир неча идора томонидан компанияда узлуксиз текширув ўтказилиши, “Ўздунробита” персоналини қўрқитиш ва ҳибсга олиш ҳаракатларини биз бевосита Россия инвесторининг бизнесига қилинган асоссиз ҳужум сифатида қабул қиламиз, дейди Марина Акулич.

МТС вакиласига кўра, компания Ўзбекистондаги фаолияти тикланиши учун барча қонуний чораларни кўрмоқда.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкидан бу воқеага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

МТС-Ўзбекистон алоқа компанияси фаолияти 17 июлдан бошлаб 10 кунга тўхтатилган эди.

Компания мижозлари бу ҳақда олдиндан огоҳлантирилмади. Ўз ҳисобига пул қўйганлар ҳатто 17 июл куни ҳам бўлди. Абонентлар энди компания янги хизмат кўрсатадими ёки йўқми, бу ҳақда аниқ маълумотга эга эмаслар. МТС-Ўзбекистон мижозларидан бири, Ғуломжон ҳисобидаги 800 АҚШ доллари миқдоридаги пул тақдиридан хавотирда эканини айтди:

- Мен ўзбекистонликман. Россияга келган эдим. Телефоним роумингда эди. 800 долларча пули бор эди. 17 июл куни кечқурун ўчиб қолди. Энди компания ишлаб кетса яхши, ишламаса бу пулни қаердан оламан, дейди Ғуломжон.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги 17 июл куни “Ўздунробита” ширкатининг 2004 йил 28 июл куни уяли алоқа хизмати кўрсатиш учун берилган лицензиясини 10 кунлик муддатга бекор қилди.

МТСнинг Ўзбекистондаги шўъбаси ва унга қарашли барча филиалларда молиявий-хўжалик текшируви давом этмоқда.

Бир неча ҳафта аввал Ўзбекистон Бош прокуратураси “Ўздунробита” ширкати раҳбариятига нисбатан жиноят ишларини очган ва ширкатнинг бир қатор раҳбарларини ҳибс қилган эди.

Ўзбекистон прокуратураси ҳисоб-китобига кўра, жиноий гуруҳни ташкил этганликда гумонланаётган “Ўздунробита” ширкати раҳбарияти томонидан турли тўловлар асосида республика хазинасига 500 миллиард сўм зиён етказилган.

МТС-Ўзбекистон алоқаси мамлакатнинг 94 фоиз ҳудудини қамраб олиб, 9 миллион абонентга хизмат кўрсатар эди.

18 июл куни Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (ЎзААА) “МТС-Ўзбекистон” ширкатини мобил алоқани ўчиришда олдиндан белгиланган регламентга риоя қилмаганлик ва истеъмолчи ҳуқуқларини бузганликда айблади.
XS
SM
MD
LG