Линклар

Татаристон муфтийсига ҳужумда гумонланганлар орасида Ўзбекистон фуқароси бор


Татаристон муфтийсининг хизмат машинаси, Қозон, 2012 йил 19 июл.

Татаристон муфтийсининг хизмат машинаси, Қозон, 2012 йил 19 июл.

Россия Тергов қўмитаси расмийси Татаристон муфтийси ва ўринбосарига уюштирилган ҳужумга алоқадорликда гумонланганиб ҳибсга олинган беш кишининг бири Ўзбекистон фуқароси экани айтилмоқда.

Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида 19 июл куни муфтий Илдус Файзовнинг хизмат машинаси портлатилгани оқибатида унинг икки оёғи синди ва турли даражада тан жароҳатлари олди.

49 ёшдаги муфтийга ҳужум уюштирилишидан бир неча соат олдин унинг ўринбосари Валиулла Якупов Қозоннинг бошқа туманида отиб ўлдирилди.

Россия Тергов қўмитаси матбуот котиби Владимир Маркин қўлга олинган беш киши орасида Ўзбекистон фуқароси ҳам борлигини маълум қилди. Тергов қўмитаси вакили ўзбекистонликнинг шахсига оид маълумотни очиқламади.

Лекин гумонланувчилардан яна бири ҳар йили Маккага Ҳаж зиёратини ташкиллаштириш билан шуғулланиб келган “Idel-Hajj” ширкати раҳбари ҳам борлигини маълум қилди Маркин.

Унга кўра, Татаристонда кўпчилик учун таниш “Вақф” ташкилоти бошлиғи ва икки нафар маҳаллий фуқаро ҳам қўлга олган.

Тергов қўмитаси расмийси ҳужум муфтий “Idel-Hajj” жамғармаси маблағлари устидан назорат ўрнатгани билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

Владимир Маркинга кўра, Илдус Файзов 2011 йил январида муфтий этиб сайланганидан кейин “Idel-Hajj” маблағлари оқимини бевосита ўз назоратига олган.

- Файзов Татаристон Бош муфтийси этиб сайланганидан кейин улар Республикада Ислом динининг радикал қарашларини тарғиб қилиб келган ташкилотларга нисбатан қатъий позицияда турган эди. Файзов Ислом динидаги бундай оқимлар фаолиятига тўсқинлик қилди.

Бундан ташқари у Маккага Ҳаж зиёратини ташкиллаштириш билан шуғулланиб келган “Idel-Hajj” ширкатнинг пул маблағлари ҳаракати устидан назорат ўрнатган. Шу аснода мазкур ташкилот раҳбари билан можаро юзага келган. Ўз навбатида, у муфтийга таҳдид қилган, деди Россия Тергов қўмитаси матбуот котиби.

Россия Президенти Владимир Путин пайшанба кунги ҳужумларни ҳукуматга қилинган “жиддий ишора” деб атади.

Расмийлар Файзовга қарши муваффақиятсиз суиқасдни “террор акти” деб бахолади.

Татаристон Президенти Рустам Миннихонов муфтийга қарши ҳужумни амалга оширган шахсларни тутишда ёрдам берадиган маълумот учун бир миллион рубл (31,300 АҚШ доллари) мукофот берилишини эълон қилди.

Татаристон муфтийси ва ўринбосарига қарши ҳужумдан кейин Республика полицияси юқори тайёргарлик ҳолатида ишламоқда.

49 яшар Валиулла Якупов йигирма йил давомида Татаристон Муфтиятининг кучли аъзоларидан бири бўлиб келган ва яқинда маориф бўлими раҳбари лавозимини эгаллаган эди.

20 июл куни Валиулла Якупов Қозон шаҳридаги қабристонга дафн қилинди.

Россия православ черкови раҳбари патриарх Кирилл Файзов ва Якуповга қилинган ҳужум юзасидан таассуф билдириб, ушбу зўравонлик “анъанавий Ислом” ва “динлараро ҳамкорликка” берилган зарба эканини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG