Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:07

АҚШ: 12 одамни ўлдирган Ҳолмсга айблов эълон қилинади


Жеймс Ҳолмс.
Жеймс Ҳолмс.

АҚШнинг Колорадо штати Аврора шаҳарчасидаги кинотеатрда 12 одамни отиб ўлдирган Жеймс Ҳолмсга айблов эълон қилиниши кутилмоқда. АҚШда қурбон бўлганлар хотираси учун беш кунлик мотам эълон қилинди.

Америкаликлар Колорадо штатининг Аврора шаҳарчасидаги кинотеатрда “Бэтмэн” филмини томоша қилаётганлар ўққа тутилгани оқибатида 12 одам нобуд бўлгани, 58 киши яраланганига мотам тутмоқда.

Бу АҚШнинг яқин тарихида рўй берган энг мудҳиш ҳужум экани айтилмоқда.

Кинотеатрга 20 июл куни ҳужум қилганн 24 яшар Жеймс Ҳолмс полиция томонидан қўлга олинган.

Аврора полицияси бошлиғи Дан Оатес ҳужумда яраланган одамларнинг 30 нафари касалхонада қолаётгани, улардан 11 нафарининг аҳволи оғир эканини маълум қилди.

Гувоҳларга таяниб, Аврора полицияси раҳбарининг айтишича, яхши қуролланган, қора кийимдаги, противогаз кийган жиноятчи “Бэтмэн” филмини томоша қилаётган одамларни ўққа тутишдан олдин иккита канистердаги газни кинозалда портлатган.

Гувоҳ кинотеатрдаги ўққа тутиш ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:37 0:00
Бевосита линк


Воқеадан кейин ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган Аврора шаҳри полицияси бошлиғи Жеймс Ҳолмсда бир неча минг дона ўқ бўлганини айтди.

- У маҳаллий қурол дўконидан тўртта қурол сотиб олган. Интернет орқали яна олти минг дона ўқ харид қилган,- деди полиция бошлиғи.

Хабарларга кўра, томошабинларни ўққа тутган Ҳолмс воқеа жойига етиб келган полиция ходимларига таслим бўлган.

Ҳолмс қўлга олинганидан сўнг унинг уйига портловчи моддалар ўрнатилгани аниқланди.

Уй ичига тортилган симлар портловчи моддаларга улангани учун қўшни бинода яшовчи одамлар хавфсиз жойга кўчирилиб, зарарсизлантириш ишлари олиб борилди.

Федерал тергов бюроси Колорадо университетининг нейробиолог аспиранти Жеймс Ҳолмс ҳеч қандай террорчи ташкилотга алоқадор эмаслигини билдирди. Ҳолмс мазкур жиноятни амалга оширишига нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум.

Пентагон эълон қилган баёнотда кинотеатрда яраланган томошабинлар орасида АҚШ армиясининг камида уч ҳарбийси бўлгани маълум қилинган. Баёнотда Жеймс Ҳолмс ҳарбий хизматда бўлмагани ҳам билдирилган.

Сайловолди кампаниясида сўзлаган АҚШ Президенти Барак Обама Колорадо штатидаги кинотеатрда амалга оширилган ҳужумдан "даҳшат ва қайғуга тушгани"ни айтди.

- Биз одамлар хавфсизлигини таъминлаш учун бор имкониятни ишга соламиз. Биз ушбу оғир дамларда колорадоликлар билан биргамиз,- дея баёнот берди АҚШ президенти.

Барак Обама ҳужум қурбонлари хотираси учун беш кунлик мотам эълон қилиб, давлат байроқларини ярмига туширишга буйруқ берди.

Барак Обама ва унинг бўлажак президентлик сайловидаги рақиби Митт Ромни дам олиш кунларига режаланган барча тарғибот тадбирларини бекор қилди.
XS
SM
MD
LG