Линклар

Россия Президенти Владимир Путин ноҳукумат-нотижорат ташкилотлар ҳақидаги мунозарали қонунга имзо чекди.


Янги қонунга мувофиқ хориждан молиялаштириладиган ва сиёсат билан шуғулланувчи ноҳукумат-нотижорат ташкилотлар Адлия вазирлигида “хориж агенти” сифатида рўйхатдан ўтиши керак бўлади.

Июл ойи бошида Россия Давлат Думаси томонидан қабул қилинган ва Федерация кенгаши тасдиқлаган мазкур қонун ноҳукумат-нотижорат ташкилотларни йилнинг ҳар чорагида ўз молиявий фаолияти ҳақида Россия расмийларга батафсил ҳисобот беришга мажбур қилиш орқали улар устидан назоратни кучайтиришга қаратилган.

Янги қонун тегишли идораларга ноҳукумат-нотижорат ташкилотлар фаолияти бўйича доимий ва олдиндан эълон қилинмаган текширувлар ўтказишга рухсат беради.

Янги қонунни бузганлик учун катта миқдорда жаримага тортиш ёки озодликдан маҳрум этиш назарда тутилган.

Кузатувчиларга кўра, “хорижий агент” сўзи Россия ва қатор давлатларда кўпчилик учун “жосус” деган маънони англатади.

Таҳлилчилар янги қонун ҳамма ноҳукумат-нотижорат ташкилотларга эмас, фақат Кремл маъқулламаган ташкилотларга тааллуқли бўлади деган фикрда.

Нотижорат ташкилотлар ҳақидаги қонун лойиҳаси 13 июл куни Думада қабул қилинганидан кейин “Справедливая Россия” фракцияси депутати Иля Пономарёв мазкур қонун Кремлни қўллаб-қувватловчи нотижорат ташкилотларга тааллуқли бўлмаслигини айтганди.

- Биз ҳозиргина нотижорат ташкилотлар ҳақидаги қонунни муҳокама қилдик. Агар ноҳукумат-нотижорат ташкилоти черков, давлат ёки бизнес томонидан тузилган бўлса, мазкур қонун унга тегишли бўлмайди, деган мустаснони киритиш орқали мамлакатимизда ҳар қандай жиноий таъқибдан сақловчи ва кафолатловчилар кимлар эканини белгилаб бердик, деган эди депутат Иля пономарёв.

Танқидчилар янги қонунни Владимир Путин май ойида президентликнинг учинчи муддатини бошлаганидан кейин фуқаролар эркинликларини чеклаш йўлидаги уринишнинг бир қисми деб бахолаган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари мазкур қонунни “репрессив” деб атаган.

АҚШ Давлат департаменти ҳам июл ойида Россиянинг янги қонуни хусусида ташвиш билдирган.

Европа Иттифоқи эса мазкур қонунни “асоссиз” деб уни қоралаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG