Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:45

Бадахшонда мартабали чекист ўлдирилди


21 июл оқшомида Ишкашим туманида Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Бадахшон вилоят бошқармаси бошлиғи Абдулло Назаров ўлдириб кетилди.

Озодлик радиоси тожик хизмати манбаларининг маълум қилишича, генерал Назаров пичоқлаб ўлдирилган. Айрим маълумотларга кўра эса, ҳужум пайтида генералнинг ёнида махсус хизматларнинг “Алфа” гуруҳидан икки ходим бўлган ва улар нима сабабдан Назаровга ёрдам беролмагани ҳозирча номаълум.

Айни пайтда юқори лавозимли чекистнинг ўлдирилиш сабаблари ва мазкур қотиллик тафсилотлари ҳам маълум эмас. Назаровнинг яқинлари генералнинг ўлдирилганини тасдиқлаганлар ва унинг жасади Душанбега олиб келинаётганини маълум қилганлар.

2010 йилгача Абдулло Назаров Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасида раис ўринбосари лавозимида ишлаган, ундан аввал эса ДМХҚнинг Сўғд вилоят бошқармасига раҳбарлик қилганди.

2010 йил йил ва ноябрида Қирғизистон матбуоти ДМХҚнинг бу мулозимини Қирғизистонда ҳокимиятдан қулатилган президент Қурмонбек Бакиевнинг яқинларига бошпана берганликда айблаб чиққан, Назаров эса бу айбловларнинг барчасини рад қилган ва “улар Тожикистондаги вазиятни издан чиқаришга қаратилган”, дея баёнот берганди.

Ўтган йили матбуотга берган баёнотида эса генерал Назаров расмий Тошкентни айблаб чиққанди. Унга кўра, қувғиндаги полковник Маҳмуд Худойбердиевни қўллаётган Ўзбекистон расмийлари унинг Тожикистонга қарши қаратилган фаолиятига тўсқинлик қилмаяптилар.

Абдулло Назаров, маълумотларга кўра, СССР давридан буён хавфсизлик соҳасида ишлаган тажрибали зобитлардан бўлган. 1991 йили “Чароғи рўз” мустақил ҳафтаномасига интервю берган Назаров 1990 йил феврал воқеаларини уюштириш ишига КГБ (ДХҚ) масъул эканини айтиб чиққан. Эслатиб ўтамиз, 1990 йил 12 февралида Душанбе марказида ўтаётган митинг оммавий тартибсизликларга айланиб кетган, ўшанда русийзабон аҳолининг мулки таланганди. Мазкур интервюдан кейин Абдулло Назаров КГБдан бўшатилган.

Аммо 1992 йил баҳорида Душанбе марказидаги Шаҳидон ва Озоди майдонларида митинглар бошланиб кетган пайтда Назаров яна матбуот энг кўп иқтибос келтирадиган шахслардан бирига айланиб қолганди. Тожикистондаги фуқаролар уруши пайтида (1992-97 йиллар) Назаров “мухолифат томонига ўтиб, уларга ёрдам бериб юрган” қабилидаги гаплар ҳам тарқаган. Тинчлик ҳақида битим имзоланганидан кейин эса уни 30 фоизлик квота асосида мухолифат томонидан Тожикистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси сафларига қабул қилганлар.

Бироқ генерал Назаровнинг ўзи фуқаролар урушида бирор-бир роли бўлмагани қайд этаркан, у ҳеч кимнинг қонини тўкмаганини таъкидлашдан чарчамасди.
XS
SM
MD
LG