Линклар

logo-print

Қирғизистон суди Лондон олимпиадаси муносабати билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилиниши кўзда тутилган жиноятни содир этган спортчи Айсулуу Тинибековани жиноий таъқиб қилишни вақтинча тўхтатди.

Бишкек шаҳар Ленин туман суди 17 ёшли Ясмина исмли қизни калтаклаганликда ва унга оғир тан жароҳати етказганликда айбланаётган Айсулуу Тинибекова устидан суд жараёнини Лондон олимпиадаси якунлангунига қадар тўхтатиб туриш ҳақида қарор чиқарди.

Маълум бўлишича, суд Қирғизистон олимпиадага тайёрлаш маркази раҳбари Назриддин Ақилбеков ва мураббий Нурбек Изабеков илтимоси билан ана шундай қарор қабул қилган. Суд қарорида мазкур икки шахс спортчи Айсулуу Тинибековани кафолатга олгани, агар олимпиададан сўнг Айсулуу судга келмаса, уни кафолатга олганлар жиноий жавобгарликка тортилиши қайд этилган.

Айсулуу Қирғизистон тарихида кураш бўйича олимпиада мусобақасига қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган ягона қирғиз қизи ҳисобланади. Агар судда у Ясминани калтаклагани исботланса, маҳаллий қонунчиликка мувофиқ, 5 йилга қамалиши мумкин.

Суд қарори курашчи қиз Айсулудан жабрланганини иддао қилаётган тарафда норозилик пайдо қилди. Ясминанинг онаси Нурила Қўчқўрбаева суд қарори устидан Коррупцияга қарши кураш агентлиги ва судлар кенгашига шикоят қилишини айтди.

- Қизим руҳий томондан ҳам жабрланган. Руҳшуносларга мурожаат қилганмиз. Унинг нафас олиши ҳам қийинлашган, мияси чайқалган. Кейинги йили қизимнинг бурнини пластик операция қилдиришимиз керак экан. Унинг икки бурун суяги сингани учун яқиндагина битта операцияни қилдирдик, - деди Нурила Қўчқўрбаева.

Айсулуу Тинибекова ўзига билдирилаётган айбларни инкор этиб келади. Спортчи қиз матбуот билан мулоқот қилишни истамагани учун журналистлар саволларига унинг ўрнига адвокати Тимур Жанаев жавоб бераяпти.

- Ясминанинг кўрсатмалари нотўғри. Бу иккала қиз муштлашиб кетган. Бўлган воқеа бўлиб ўтди, энди уни унитиш керак. Буларнинг мақсадлари Айсулууни олимпиадага боришига тўсқинлик қилиш. Мана шу йўл билан жабрланганлар ҳимоямдаги одамни шантаж қилишмоқчи, - деди Тимур Жанаев.

Айсулуунинг мураббийси Нурбек Изабеков эса жабрланувчи тарафдан “Қирғизистон шарафини ҳимоя қиладиган қизнинг бир қошиқ қонидан кечиш”ни талаб қилмоқда.

- Жабрланувчиларнинг асосий мақсади Айсулууни олимпиадада қатнаштирмаслик бўлаяпти. Бу мен учун тушунарсиз ҳолат. Жабрланувчилар ўз манфаатини қирғиз халқининг манфаатларидан устун қўйишмоқда, - деди мураббий.
Айсулуу Тинибекова Лондон олимпиадасида эркин кураш бўйича мусобақаларда иштирок этиши режалаштирилган эди. Агар Бишкек шаҳар суди Ленин туман суди қарорини бекор қилмаса, Айсулуу Тинибаева Қирғизистондан Олимпиадада қатнашган ягона эркин курашчи аёл сифатида тарихга киради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG