Линклар

Суиқасдда гумонланган ўзбекистонлик ҳибсда қолди

  • Ҳасанжон

Татаристон муфтийси Илдус Файзовнинг портлатилган хизмат машинаси, Қозон ш., 2012 йил 19 июл.

Татаристон муфтийси Илдус Файзовнинг портлатилган хизмат машинаси, Қозон ш., 2012 йил 19 июл.

Қозон шаҳридаги суд Татаристон муфтийси Илдус Файзовга суиқасд уюштирганлик ва унинг ўринбосари Валиулла Якуповни ўлдирганликда гумонланган тўрт шахсни икки ой ҳибсда сақлаш ҳақида қарор чиқарди.


Жиноятга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинганлар орасида икки йил олдин Татаристон мусулмонлар идорасининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи лавозимидан бўшатилган Марат Кудакаев, Татаристоннинг Высокогорский туманида яшайдиган Айрат Шокиров, “Вақф” жамғармаси раҳбари тадбиркор Мурот Галеев ва Ўзбекистон фуқароси Абдунозим Отабоев ҳам бор.

21 июл куни Қозон шаҳрининг Вахитов туман суди ҳакамлари Абдунозим Отабоев 20 сентябрга қадар ҳибсда сақланиши ҳақида қарор чиқарди.

Интерфакс ахборот агентлиги хабарига кўра, Отабоев рус тилида сўзлаша олмагани сабабли 21 июл кунги суд таржимон иштирокида ўтказилган.

Тергов ҳужжатларига кўра, Абдунозим Отабоев портлаш рўй бергунига қадар муфтийнинг машинаси ортидан юрган, портлашдан сўнг эса воқеа жойидан ғойиб бўлган.

- Унинг жиноятга алоқадор ёки алоқадор эмаслиги пухта текширилмоқда. Бу эса унинг ҳибсда сақланишини талаб этади, - деди терговчи.

Аммо адвокат Ўзбекистон фуқаросини ҳибсда сақлаш учун ҳеч қандай асос йўқ, деган фикрда.

Бундан ташқари, Отабоевнинг қарамоғида икки ёшли ва уч ойлик икки нафар ёш бола бор.

Интерфакс агентлиги маълумотига кўра, маҳкамада Абдунозим Отабоев жиноятга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаб, ҳибсга олинганидан норози эканини айтган.

- Менинг хатоим муфтийнинг машинаси портлатилган жойга яқин ерда бўлганимдир, - деган Абдунозим Отабоев.

Судда Ўзбекистон фуқароси портлаш оқибатида жабрланган Татаристон муфтийси Илдус Файзов ва суиқасд қурбони бўлган муфтийнинг ўринбосари Валиулла Якупов билан таниш бўлмаганини айтган.

Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида 19 июл куни 49 ёшдаги муфтий Илдус Файзовнинг хизмат машинаси портлатилгани оқибатида унинг икки оёғи синган ва турли даражада тан жароҳатлари олган.

Муфтийга ҳужум уюштирилишидан бир неча соат олдин унинг ўринбосари 48 ёшдаги Валиулла Якупов Қозоннинг бошқа туманида отиб ўлдирилган.

Иккала воқеа бўйича РФ Жиноят кодексининг “террорчилик”, “қотиллик” ва “суиқасд уюштириш” моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилиган.

Тергов версиясига кўра, жиноят Татаристон муфтийси ва ўқув ишлари бўйича ўринбосарининг профессионал фаолияти ҳамда рақиблари билан мафкуравий келишмовчилик билан боғлиқ.

Россия Тергов қўмитаси матбуот котиби Владимир Маркинга кўра, Илдус Файзов 2011 йил январида Татаристон Бош муфтийси этиб сайланганидан кейин Якупов билан Республикада Ислом динининг радикал қарашларини тарғиб қилиб келган ташкилотларга нисбатан қатъий позицияда турган ва бундай оқимлар фаолиятига тўсқинлик қилиб келган.

Отиб ўлдирилган муфтий ўринбосари Валиулла Якупов 20 июл куни Қозон шаҳридаги қабристонга дафн қилинди.

Татаристон Президенти Рустам Миннихонов муфтийга қарши ҳужумни амалга оширган шахсларни тутишда ёрдам берадиган маълумот учун бир миллион рубл (31,300 АҚШ доллари) мукофот берилишини эълон қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG