Линклар

logo-print
Сурия аскарлари якшанба куни пойтахт Дамашқнинг Меззе мавзеида камида йигирма нафар қуролсиз кишини ўлдирган. Reuters агентлигининг хабар қилишича, аскарлар бу кишиларни исёнчиларга хайрихоҳ ва аксилҳукумат кучларига ёрдам қилган, деган гумон билан отиб ташлаган. Суриялик ҳуқуқ фаоллари кўчалардан 20-30 ёшлардаги 20 кишининг жасади йиғиштириб олинганини таъкидламоқда.

Башар Ассадга содиқ кучлар кеча оғир қуроллар ва вертолетлардан фойдаланган ҳолда пойтахт Дамашқнинг Барзаҳ мавзеи ҳамда унга ёндош икки маҳаллага ҳужум уюштирган.

Ҳукумат кучларига қарши курашаётган исёнчиларга кўра, якшанба куни ҳарбийлар Дамашқнинг Меззе мавзеидан ҳам мухолифат тарафдорларини сиқиб чиқарганлар.

Шунингдек, Алеппо шаҳрида ҳам шиддатли жанг бораётгани ҳақида хабарлар келмоқда. Якшанбага ўтар кечаси Алеппода исёнчилар президент Башар Ассаднинг отаси Ҳафез Ассадга қўйилган тош ҳайкални парчалаб ташлаганлар.

Лондонда фаолият олиб бораётган суриялик ҳуқуқ фаоллари маълумотларига кўра, 16 ойдан буён тўқнашувлар тинмаётган Сурияда шу кунгача қурбон бўлганлар сони 19 мингдан ошиб кетган.
XS
SM
MD
LG