Линклар

logo-print

“Дўстлик” чегара пункти қайта очилди


"Дўстлик" чегара пунктининг Қирғизистон томони (2012 йилнинг 20 июлида олинган фотосурат).

"Дўстлик" чегара пунктининг Қирғизистон томони (2012 йилнинг 20 июлида олинган фотосурат).

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги “Дўстлик-автодорожний” назорат-ўтказиш пунктидан 22 июлдан эътиборан яна одамлар ва автомобиллар ўта бошлади.

Бу ҳақда Озодликка Қирғизистон Давлат Миллий хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари матбуот котиби Гулмира Бўрубаева маълум қилди.

- Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара муассасалари ўртасида ўтказилган музокаралар натижасида 22 июлдан, яъни кечадан бошлаб қирғиз-ўзбек чегарасидаги “Дўстуқ-автодорожний” пунктидан одамлар ва транспорт воситалари ҳеч қандай чекловсиз ўтказилаяпти. Кечадан бери бу ўтказиш пункти эрталабки соат 8.00 дан 20.00 гача одатдаги тартибда ишлай бошлади, - деди Гулмира Бўрубаева.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 18 июл куни Ўзбекистон қирғиз-ўзбек чегарасидаги “Дўстлик-автодорожний” назорат-ўтказиш пунктини бир томонлама ёпиб қўйган, бу 17 июл куни чегаранинг баҳсли ҳудудларидан бирида икки давлат чегарачилари ўртасида содир бўлган отишма ҳосиласи ўлароқ баҳоланганди. Ҳар икки тарафдан биттадан аскар қурбон бўлишига олиб келган бу отишмада ўзбек расмийлари қирғизларни, қирғиз расмийлари эса ўзбекларни айблаган.

“Дўстлик” пункти ўзбек-қирғиз чегарасидаги икки давлат фуқаролари пиёда ўтиши мумкин бўлган ягона назорат-ўтказиш маскани бўлиб ҳисобланади. 2010 йилги Ўш қирғинидан сўнг Ўзбекистон Қирғизистон билан чегараларини бир томонлама ёпиб қўйган, икки мамлакат ўртасидаги 17 ўтказиш пунктидан бирортаси ишламаётган эди. Бу ҳар икки мамлакат фуқароларига қийинчиликлар туғдириб, бу борада шикоятлар кўпая бошлаганидан кейин 2011 йил 26 октябрида Ўш ва Андижон чегарасидаги бу чегара пункти икки томонлама борди-келди учун очилган эди.

“Дўстлик” чегара пункти ёпиқ бўлган 4 кун давомида - 18 июлдан 22 июлгача қўшни давлатга ўтмоқчи бўлган икки давлат фуқаролари орасида норозилик кучая бошлаган ва бу ҳақда Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG