Линклар

“Ўздунробита” ширкати муваққат бош директори Радик Даутов рафиқаси Россия фуқароси бўлган эрини Ўзбекистон қамоғидан озод этиш илтимоси билан президент Владимир Путинга мурожаат қилди.


“Ўздунробита” ширкати бош директори Беҳзод Аҳмедов Ўзбекистонни яширинча тарк этгани ортидан ширкатга вақтинча директорлик қилган Радик Даутов 27 июн куни Тошкентда ҳибсга олинган эди.

Даутов Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари томонидан “катта миқдордаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бош тортганлик”, “лицензиясиз фаолият юритганлик”, “жиноий гуруҳ таркибида олинган даромадларни легаллаштиришга уринганлик”да айбланмоқда.

Россия фуқароси бўлган эри тақдирига аралашишни сўраб президент Путинга мурожаат қилган Тамара Даутова Озодлик мухбири билан суҳбатда сўнгги умиди Кремлдан эканини айтади:

- Менинг эрим мана тўрт ҳафтадирки¸ ўзбек турмасида сақланмоқда. Бизнинг консуллигимиз томонидан қандайдир музокаралар олиб борилмоқда, лекин бу ишнинг натижаси кўринмаётир. Мен президентдан бу вазиятга аралашишни сўрайман. Чунки, биринчидан, мен “Ўздунробита”нинг оддий ходими бўлган ва атиги тўрт кун бош директор вазифасини вақтинча бажариб турган эримга қўйилган бу айбловларга ишонмайман. Директорлик фақат ишга рухсатномаси бўлгани сабабли унга юклатилди. У биринчилар қаторида ҳибс этилди ва унга ақлга сиғмайдиган даражадаги ахмоқона айбловлар қўйилди. Эримни 500 миллион доллардан кўпроқ пулни ўмарганликда айблашмоқда! Бундай вазиятда мен нима қилишни билмайман, чунки Ўзбекистонда ҳозирда олиб борилаётган тергов объективлигига ишонмайман, дейди Россия президентидан эрини озод этишда кўмаклашишни сўраëтган Тамара Даутова.


Суҳбат давомида ҳибсдаги Россия фуқароси рафиқаси Россия ва Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида эрининг суддан олдин “жиноятчига” чиқарилганидан кескин норози эканини гапиради.

Тамара Даутовага кўра, Радик Даутов 2006 йилдан бери МТС ширкатида молиявий назоратчи ваколатида ишлаган:

- Шу йилнинг июн бошларида у Ўзбекистонга жўнаб кетди ва ўша пайтдан бошлаб ҳар бир бизнинг телефон орқали суҳбатимизда домий муаммолар мавжудлиги, компанияда жуда оғир вазият юзага келгани сезилиб турар эди. Сўнги кунларда у кечаю-кундуз ишларди, телефони кўп ҳолларда ўчирилган эди. Охирги пайтларда “Иш кўп, иш кўп, мен кўп гаплаша олмайман!”, дерди. Мен ҳаëтимизда бунақанги ҳолат олдин ҳеч қачон бўлмагани учун¸ ўзим олдига кетмоқчи бўлиб турувдим. 520 миллион доллар миқдоридаги ўғирликда айбланаëтганини эшитиб¸ шокка тушдим. Мен умримда бунақанги бедодликни учратмаганман, деЙди “Ўздунробита” ширкати синдирилиши арафасида унга тўрт кун директорлик қилган Радик Даутов рафиқаси Тамара.

Россия президенти Владимир Путинга юборилган хатида Тамара эри Радик Даутов тўрт кун директорлик курсисини эгаллаган вақт давомида бирор ҳужжатга имзо чекмагани¸ зотан бунга ҳаққи бўлмаганини эътибор қаратган.

Даутованинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳуқуқ тизимлари Россия элчихонаси вакилларининг Радик билан учрашиш имконини кескин чегаралаган, ўзининг эри билан учрашишига эса мутлақ рухсат бермаган

Даутованинг айтишича¸ ҳатто Радик Даутов адвокатининг жиноий иш материаллари билан танишиб чиқишига ҳам рухсат берилмаган.

У Тоштурмада сақланаëтган Радик Даутов билан ҳозирда МТС томонидан ёлланган адвокатгина учраша олганини айтади.

“Лекин мен эрим билан учрашган адвокатларга унчалик ишонгим йўқ, чунки у Радикнинг аҳволи тўғрисида менга бирор ортиқча маълумот бермаяпти”, дейди Тамара Даутова.

- Мен оммавий ахборот воситаларини кузатиб бораман ва Ўзбекистондаги қамоқхоналарда маҳбусларни сақлаш шароитларини яхши тасаввур этаман. Юмшоқ қилиб айтадиган бўлсак, қаймоқ жой эмас... Тушуниб турибманки, шароитлари жуда оғир. Менга “У ўзини яхши ҳис этаяпти!”, дейишаяпти. Бу “яхши” сўзининг ортида нима борлигини тушуниш ҳам қийин, дейди Тамара Даутова.

Суҳбат сўнггида синдирилган МТС-Ўзбекистоннинг тўрт кунлик сўнгги директори Радик Даутов рафиқаси Тамара Даутова Озодлик орқали эрига нисбатан терговни олиб бораётган ўзбекистонлик ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига мурожаат қилди.

- Мен эримни, ўйлашимча, гаровда ушлаб турганларга мурожаат қилиб, вазиятга адолат билан ёндашишни сўрайман. Адолат юзасидан уни қўйиб юборишлари керак, чунки бу одам компаниядаги иши давомида бирор нарса учун жавоб бермаган, дейди Тамара.

Бир неча ҳафта аввал Ўзбекистон Бош прокуратураси “Ўздунробита” ширкати раҳбариятига нисбатан жиноят иши очган ва ширкатнинг бир қатор раҳбарларини ҳибс қилган эди.

Ширкатга узоқ йил давомида бош директорлик қилиб келган Беҳзод Аҳмедовнинг Ўзбекистондан қочиб кетиши ортидан Радик Даутов вақтинча бош директор вазифасини бажаришга тайинланган ва бу қарордан тўрт кун ўтиб¸ ҳибсга олинган эди.

МТС-Ўзбекистон алоқа компанияси фаолияти Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги қарори билан 17 июлдан бошлаб 10 иш кунга тўхтатилди. Ҳозирда Ўзбекистоннинг 94 фоиз ҳудудини қамраб олиб, 9 миллион абонентга хизмат кўрсатиб келган ширкат фаолияти бутунлай тўхтатилган.

Россия президентига мурожаати электрон почта орқали Кремлга юборилганини билдирган Тамара Даутова¸ суҳбат сўнгида ҳозирча президент маъмуриятидан бирор жавоб олмаганини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG