Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:09

Энг кўп ҳужжат топширилган олийгоҳлар рўйхати эълон қилинди


Давлат тест маркази эълон қилган бу рўйхатда¸ кўпчилик тахмин қилган қатор олийгоҳлар¸ хусусан Тошкент Юридик институти ëхуд Жаҳон иқтисоди ва дипломатия университети каби номи улуғ¸ нархи баланд ўқув даргоҳлари йўқ.

Ўзбекистондаги 57 та олий ўқув юрти орасида Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиали абитуриентлар орасида энг оммабопи ҳисобланмоқда.

Олийгоҳ қабул бўлимининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, жорий йилда мазкур ўқув даргоҳида бир ўринга 21 абитурент даъвогарлик қилмоқда.

- Ўзи режа бўйича 90 нафар талаба қабул қилишимиз лозим. 1931 та абитурент ҳужжат топширган. Буни ҳисобласак, битта ўринга 21,5 абитурент тўғри келаяпти. Ҳужжат топширганлар орасида нафақат вилоят ёшлари¸ балки қўшни Андижон, Наманган ва бошқа вилоятлардан ҳам бор, дейди суҳбатдош.

Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиали ходимининг айтишича, ўқиш жараёни амалиёт асосида яхши йўлга қўйилгани боис ёшлар орасида мазкур олийгоҳда ўқишга қизиқиш ортиб бормоқда.

Мамлакатдаги олийгоҳлар орасида оммапоблик жиҳатдан иккинчи ўринни¸ Давлат тест марказига кўра¸ бу йили Тошкент Ислом университети олган.

20 июл куни куни ниҳоясига етган ҳужжат қабул қилиш жараëнида мазкур олийгоҳда мавжуд 110 та ўриннинг ҳар бирига 13 тадан абитурент ҳужжат топширган.

Тошкент Ислом университетнинг ўзини таништирмаган ходимига кўра, ўзбекистонлик ëшларнинг бу олийгоҳга қизиқиши яхши реклама маҳсулидир:

- Аввал 900 тадан ошмас эди бизларда. Бу йил кўпайди. Биринчидан, бунинг кўпайишига сабаб университетимизнинг ҳар жума куни эфирга бериладиган “Зиë” деган кўрсатув чиқади. Ислом университетининг живой рекламаси бу. Кейин республика бўйича диний экстремизм, терроризмга қарши кураш бўйича, диний эркинлик бўйича республика бўйича бизларнинг устозлар ва бизлардаги ходимлар тарғибот-ташвиқот гуруҳида юради. Бу ҳам кўпайтиради университетга қизиқувчилар сонини. Имтиҳонда, ўқиш давомида бизларда сунъий баҳо қўйишлар ëки бошқа қинғир масалалар йўқ. Коррупция умуман давлат имтиҳонларига ҳам, ўқув фаолиятига ҳам аралашмаган. Тоза ўқиш. Шунинг учун бизларда қизиқиш катта, дейди Озодлик мухбири боғланган Тошкент Ислом университети ходими.

Ўзбекистон Давлат тест маркази маъсулларидан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, абитуриентлар орасида машҳурлиги жиҳатдан учинчи ва тўртинчи ўринда Қарши ва Термиз давлат университетлари бўлиб, бу икки олийгоҳда битта ўринга 12 тадан абитуриент даъвогарлик қилмоқда.

Жами 999 талаба қабул қилинадиган Гулистон давлат университетида эса битта ўринга 11 абитуриент ҳужжат топширган.

Шунингдек, Тошкент Солиқ академияси, Андижон давлат университети, Фарғона давлат университети ва Андижон тиббиёт институтида бир ўринга 10 абитуриент ҳужжат топширган.

Ўзбекистон олийгоҳлари орасида талаб кам бўлганлари рўйхатида Тошкент Миллий рақс ва хореография олий мактаби, Тошкент Ирригация ва мелиорация интитутининг Бухоро филиали, Тошкент Кимё-технология институтининг Қўнғирот бўлими, Ўзбекистон Давлат консерваторияси ва Тошкент Архитектура-қурилиш институти келтирилган.

Давлат Тест маркази маълумотига кўра, бу олийгоҳларда бир ўринга 2-3 та талабгор бор¸ холос.

20 июл куни Ўзбекистон олийгоҳларига абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш жараёни якунланди.

Давлат тест марказининг билдиришича, бу йили Ўзбекистон олийгоҳларига 431 500 абитуриент ҳужжат топширган. Ўтган йили бу кўрсаткич 418 мингдан кўпроқ бўлган.

Ўзбекистонда бакалаврлар учун ажратилган квота 56 минг 600 ўринни ташкил қилади. Шундан келиб чиққан ҳолда олийгоҳлар учун ажратилган бир ўрин учун ўртача 7,6 одам талабгорлик қилаётгани аниқланган.

Ўзбекистондаги 57 та олий ўқув юртида тест синовлари бу йил ҳам 1 август куни бўлиб ўтади.
XS
SM
MD
LG