Линклар

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги 17 июл куни “Ўздунробита” ширкатининг 2004 йил 28 июл куни уяли алоқа хизмати кўрсатиш учун берилган лицензиясини 10 кунлик муддатга бекор қилганидан сўнг МТС қарийб тўққиз миллион абонентига хизмат кўрсатишни тўхтатди.


Қўл телефони аллақачон кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурган миллионлаб ўзбекистонлик чорасизликдан “U-cell”, “Билайн” ва бошқа алоқа операторларига ўтиб кетмоқда.

Бошқа алоқа операторлари бу қадар кўп сонли мижозни ëппасига қабул қилишга тайёр бўлмагани сабабли бутун Ўзбекистон бўйлаб уяли алоқа ва Интернет хизматлари сифати кескин пасайиб кетди.

Айни пайтда, МТС хизматининг узилгани тижоратчиларни олди-берди, хориждаги меҳнат муҳожирларининг Ўзбекистондаги яқинлари билан эркин мулоқот қилиш, қолаверса, минглаб оддий фуқароларни кундалик салом-алик ва бир-бирларидан аҳвол сўраб туриш имконидан мосуво қилди.

"Ҳафта саволи" рукнининг бугунги сонида респондентларга “МТСнинг узилиши Сизнинг ҳаëтингизга қандай таъсир қилаяпти?” деган савол билан мурожаат қилдик.


Ғайрат, Видеостудия соҳиби, Хоразм:

- Бизлар мижозларимиздан айрилдик. Телефон тўхтамас эди. Бирдан тўхтаб қолди. Чунки рекламаларимизнинг ҳаммасида фақат МТС телефон рақамлари берилган эди. Ҳозир Билайн телефонимиз бор. У рекламага қўйилмаган. Фойдаси бўлмаяпти уни. Мижозларимизда ҳам МТС эди. Масалан, бизларда тўрт телефон бор, ҳаммаси МТС. Хотинимда, икки қизимда, ўғлимда. Ҳаммасиники МТС эди. Кўпга келган тўй¸ деб ўтирибмиз.

Мадина опа, тадбиркор, Тошкент:

- Мижозларнинг анча-мунчаси МТСда эди. Насия билан ҳам ишлайверамиз баъзида. Виждони борлари қидириб “мен мана шунақа номердаман” деб айтди. Виждони уйғонмаганлари, бу нарса эсига келмаганлари анча-мунча. Конечно зиëн кўради одам. У фақат пул билан боғлиқмас. Қадрдонларингиз бор, дўстларингиз бор. “Меники Билайн, мен уларни тополмасам, улар мени топиб олишади” десам майли эди. Умуман ҳаммаси МТСда бўлганлар бир-бирини топиши қанчалик қийин бўлаëтганини ўзингиз тасаввур қилаверасиз. Жуда қийин бўлаяпти. Савдода анча қийинчилик. Кўпчилик номер олиб улгурмади. Чунки тайëр турган номер йўқ эди. Номер оладиган жойлар тирбанд бўлиб ëтибди. Проблема кўп ҳали. Мижозлар нормалний ишлай олмаяпти телефон нормалний бўлмаëтганига. Алоқа жуда ëмонлашди. Кўпчилик ўзини Юселга урган. Юселнинг линиясининг дабдаласи чиқиб ëтибди. Гаплашиш имконияти йўқ. Сиз гапирганингизни у тушунмайди, уникини сиз тушунмайсиз. Қийин.

Санжарали Имомов, драматург:


- Ижодкор одамни бундай олиб қарасангиз, қўл телефони жуда керак бўлаверадиган нарса эмас. Инсон қўл телефонига қайсидир даражада мутеъ ҳам бўлиб қолади. Ўзимнинг телефоним МТСдан бўлмагани учун шахсан ўзим тарафимдан шу қийинчиликларни кўрганим йўқ. Менга боғлиқ бўлган одамлар ҳаммаси номер олди. Шаҳарлик сифатида мен бу нарсани жуда катта ташвишли нима бўлди деб гапира олмайман.

Ботир, талаба, Тошкент:

- МТС синганига Интернет йўқ, телефон яхши ишламаяпти. Билайнга, Юселга ҳам ўтсам ҳам Интернет ишламайди, ўзидан ўзи узилиб қолади. Ўртоқлар билан, бошқалар билан мулоқот аввалгидаймас. Ҳаммаси ўчиб қолган. Телефон ҳам гаплашаëтган жойда ўзидан ўзи ўчиб қолади, антенна тушиб кетади. Антенналар ҳаммаси ўйнаб ëтибди. Юсел компаниясида оддий симкарталар 5000 эди. Ўшаларни расман 20 минг қилиб қўйишибди.

Тўлқин, Қўқон, Самара:


- Уйдаги болаларнинг ҳаммаси Билайн ишлатади. Бизда Билайн ишлаб турибди. Менга учалик таъсир қилгани йўқ. Лекин шу компаниянинг ишламай қолгани халққа қийинчилик туғдирадида. 9 миллион аҳоли 4-5 кундан бери телефони ишламай тургандан кейин қанча қийинчлик вужудга келиши мумкини. Шеригим менинг телефоним билан кеча бир-икки марта уйим билан боғланди. Ишласа керак деб¸ кутиб ўтирибди. МТС компанияда экан ҳаммасиники. Кечагина гаплашдим уй билан. Билайнда ундай қийинчилик йўқ.

Мавлуда, талаба, Сурхондарë:

- Агар мен ўзимдан келиб чиқиб гапирадиган бўлсам, ким учундир ғалати эшитилиши мумкину, менимча анча фойдали бўлди. Чунки ҳамма танишларим, курсдошларим МТС тутарди. Лекин биз оилавий Билайн компаниясининг абоненти эдик. Аксига олиб уларга мен телефон қилардим. Улар мени камроқ йўқларди. Энди эса улар мени йўқлашаяпти. Шунисига хурсандман. Ҳеч қанақа қийинчиликлар бўлгани йўқ. Бир тарафадан зиëн, лекин бир тарафдан яхши деб ўйлайман. Мен учун танишларимнинг Билайн компаниясига ўтиши яхши. Чунки менга Билайн ëқарди, улар эса МТС тутишарди.

Абдулазиз, Андижон, Россия:

- МТСнинг узилгани қийинчилиги шу алоқа сифати бошқа компанияларни ëмонлашмасу биз яшайдиган қишлоқда МТС яхши ишларди. Ҳозир бошқа компанияларники унчалик яхши ишламаяпти. Гаплашганда узилиб қолаяпти, бошқа бўлаяпти. Улар антенна ўрнатишса, яхши ишлаб қолар. Бизнинг қишлоқда алоқа яхши бўлмаяпти. Андижон вилояти, Жалақудуқ туманида. 27 июлда қайтади деб ваъда бераяпти эканку. Шунақа гаплар бор. Битта қариндошимизнинг телефонини олиб келиб берибди. Ўша орқали гаплашиб турибмиз.

*************************************
Азиз муштарий¸

Сиз ҳам "Ҳафта саволи"га жавоб ёзмоқчи ёки шу мавзуда маълумот бермоқчи бўлсангиз "Шарҳлар" тугмачасини босиб, фикр-мулоҳазаларингизни ёзиб қолдиришингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG