Линклар

Россия Бош санитар врачи аҳолини гамбургер ва суши емасликка, Америка ва Япониядан "экспорт"қилинган бу емаклар ўрнига миллий таомлар истеъмол қилишга чақирди.


Геннадий Онишченконинг баёноти Москвадаги McDonald's ресторани мижозларидан бири сотиб олган McChicken сендвичидан қурт чиққани тўғрисидаги хабар кетидан янгради.

Интерфакс ахборот агентлигига кўра, Россия Федерацияси Бош санитар врачи, агар сендвичидан қурт чиққан аёл расман арз қилгудай бўлса, McDonald's ресторанида текширув ўтказилади, деган.

Геннадий Онишченко тилга олинган ресторан маҳсулотларини “егулик аталмиш нарсалар”, деб атади.

Шундан сўнг Онишченко ўз ғазабини гамбургерга сочди.

- Гамбургерлар, ҳатто қуртсиз бўлса ҳам, Москва ва умуман Россия аҳолиси учун яхши овқат эмаслигини фуқароларимиз ёдига солиб қўймоқчиман. Гамбургер бизнинг овқат эмас, деди Геннадий Онишченко.

Душанба куни Коммерсантъ-ФМ радиоси ўзини Мария, деб таништирган аёл билан суҳбат ўтказди. “Мария”нинг айтишича, у McDonald'sдан сотиб олган McChicken сендвичидан қурт чиққан.

- Машинага ўтириб, сендвични ея бошладим. Ярмидан кўпини еб бўлаёзган эдим, McChicken солинган қоғоз қути четидаги қуртга кўзим тушиб қолди. Кейин синчиклаб қараб, сендвичдаги салат орасида яна битта қуртни кўрдим, деди аёл.

Хабарларга қараганда, McDonald’s аёлга сендвичнинг пулини қайтариб берган.
Ресторан раҳбариятидан воқеа юзасидан изоҳ олишнинг иложи бўлмади.

Онишченконинг “Гамбургер” баёноти унинг россияликларга хорижий таомлар ўрнига миллий овқатларини истеъмол қилишни жорий ёз давомида иккинчи бор тавсия қилишидир.

Ўтган ойда Бош санитар врач аҳолига суши емасликни тавсия қилган ва шундан сўнг текширувчилар сушипаз ресторанларни босган, уларга 694 000 рублли (21 400 доллар) жарима солган эди.

Геннадий Онишченконинг тиббий тавсиялари ҳамда ҳориждан у ёки бу озиқ-овқат ва ичимликлар импортини тақиқлаш тўғрисидаги фармойишлари Кремлнинг сиёсий мақсадларига уйқаш келиб қолиши билан диққатни ўзига тортади.

Масалан, ўтган йилнинг декабрида, Путинга қарши мисли кўрилмаган норозилик намойишлари ўтаётган бир пайтда Бош санитар врач россияликларни шамоллаб қолиш хавфи мавжудлиги учун кўчага чиқмасликка чақирган эди.

Геннадий Онишченко, шунингдек, Молдова ва Грузия винолари импортини ҳам ўз вақтида тақиқлаган, унинг бу қарори Москванинг Кишинев ва Тбилиси билан муносабатлари жуда совиб кетган даврларга тўғри келган эди.

Бундан ташқари Москва Киев билан келишолмай қолган даврда Онишченко Украина пишлоғини, Минск билан келишолмай қолган пайтда Беларуснинг сут маҳсулотларини тақиқлаган.

Геннадий Онишченконинг гамбургерга боғлиқ баёноти ортида қандай сиёсий сабаб борлиги аниқ эмас.
XS
SM
MD
LG