Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:41

Тошкент ва Бишкек ариқ устида келишиб олди


Ўш шаҳрида Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш бўйича давлатларо комиссияси музокараларининг навбатдаги босқичи якунланди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати ва Қирғизистон расмийлари Ўш шаҳрида чегара юзасидан навбатдаги музокаралар 16 июлдан 21 июлгача бўлиб ўтгани ҳақида 24 июл куни маълумот тарқатди.

Маълумотларда айтилишича, томонлар ўзбек-қирғиз чегарасининг аниқланмаган айрим ҳудудларида бўлиб, у ердаги вазиятни ўрганган. Мазкур ҳудудлар юзасидан муайян қарорлар қабул қилинган.

Ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаш бўйича Қирғизистон комиссияси раиси Қурбанбай Искендеровнинг айтишича, учрашувда Ўш ва Андижон вилоятлари чегарасидаги иккита аниқланмаган ҳудуддан бири аниқлаб олинди, яна бир ҳудуд масаласи эса мутахасасисларга ўрганиш учун топширилди:

- Ўш вилояти Қорасув туманида “Инспекторская дорога” деб аталадиган йўл бор эди. Мана шу йўлдан Ўзбекистон фойдаланиб келган. Бироқ бу йўл кўпроқ қирғизистонликлар учун керак эди. Шунинг учун биз мана шу йўлни Ўзбекистондан сўраган эдик. Ўзбекистон томони эса бунинг эвазига биздан катта ариқлардан бирини сўраган. Ариқнинг ўртасидан чегара ўтган. Аммо бугунги кунда қирғизистонликлар биз сўраган йўлдан фойдаланмай қўйишибди. Шунинг учун бу ердаги чегарани ариқнинг ўртасидан ўтказишга ва бу ерни чегара аниқланган ҳудуд деб ҳисоблашга қарор қилдик, -деди Қурбанбой Искандеров.

Чегарани аниқлаш бўйича давлатлараро комиссия ўрганган иккинчи ҳудуд ўзбек-қирғиз чегарасидан оқиб ўтадиган Ўнг соҳил Кампиробод канали бўлди. Қурбонбой Искандеровнинг айтишича, канал бир неча йил ичида ўз ўзанини ўзгартирган. Шунинг учун ҳам бу ерда мутахасислар тадқиқот олиб боришлари ва ўзан неча метрга ўзгарганини, бу ҳудуд қайси давлатга қарашли бўлганини аниқлаб беришлари керак.

Қирғиз расмийси чегарани аниқлаш юзасидан навбатдаги музокаралар бир ярим ойдан сўнг бўлиб ўтишини, ҳозирча бу учрашув қаерда бўлиши номаълум эканини айтди.

- Кейинги учрашувда Жалолобод вилояти ва Наманган вилоятлари чегарасидаги аниқланмаган ҳудудлар масаласини ўрганамиз. Чегарани аниқлаш ишида кичик бўлса ҳам олға силжишлар бор, -деди Қурбанбай Искандеров.

Ўзбек-қирғиз чегарасининг узунлиги 1378 километрни ташкил қилади. Шу кунгача чегаранинг 1058 километри, яъни 70 фозидан ортиқроғи аниқланган. Қирғиз расмийларининг билдиришича, чегаранинг 354 километри ва бу ердаги 50 ҳудуд шу кунгача аниқланмай қолаётир.

Мутахасислар ўзбек-қирғиз чегарасининг аниқланмай қолаётган ҳудудлари икки давлат ўртасидаги низолар ўчоғи бўлиб қолаётганини эътироф этадилар. Масалан, 17 июл куни ўзбек-қирғиз чегарасининг Наманган вилояти Чуст туманидаги Ғова постида икки давлат чегарачилари ўртасида отишма содир этилган. Отишмада ҳар икки тарафдан биттадан чегарачи қурболн бўлган, биттадан одам яраланган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотда айтилишича, жорий йилнинг олти ойида ўзбек-қирғиз чегарасининг аниқланмаган ҳудудларида бу каби 4 та низоли вазият юзага келган.

Қирғизистонлик эсперт, қирғиз-ўзбек чегарасини аниқлаш бўйича давлат комиссиясининг собиқ раиси Саламат Аламанов Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегарани аниқлаш жараёни яқин ўн йилликда якунланишига шубҳа билдиради. Унинг айтишича, чегара юзасидан икки давлат ўртасидаги баҳс 90 йилдан бери давом этиб келмоқда.

- Деярли 90 йилдан бери бу масалада баҳслар бўлиб келмоқда. Совет замонидаёқ Ўзбекистон ва Қирғизистон айрим ҳудудлар масаласида баҳслашиб келгани бугунги кундаги чегара юзасидан ўтказилаётган музокараларни ҳам қийинлаштирмоқда. Бу борада Совет замонида икки республика ҳукуматларининг тенг ҳуқуқли (паритет) комиссиялари тузилган, улар айрим ҳудудлар масаласида келишувга ҳам эришган. Бироқ эришилган келишувлар сиёсий сабабларга кўра тасдиқланмай қолиб кетаверган. Бугунги кундаги чегара баҳсларига айнан ўтмишимиздаги муаммолар сабаб бўлмоқда, -деди Саламат Аламанов.
XS
SM
MD
LG