Линклар

logo-print
Тошкент шаҳридаги "Бунёдкор" стадиони 28 августдан бошлаб ишга тушиши маълум қилинди.

Championat.uz сайти маълумотига кўра, айни шу куни стадионда ўзбек футболининг 100 йиллик тантаналари нишонланади.

Ўзбекистон Футбол федерацияси (ЎФФ) раҳбари Мираброр Усмонов стадион қурилиши июн ойида ниҳоясига етишини билдирганди.

Лекин қурилиш ишлари яна бир ойга чўзилди. Ҳозирда стадионнинг томлари ёпиб бўлиниб, сўнгги қурилиш ва пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, “Бунёдкор” стадиони аслида 2012 йилнинг 10 мартида топширилиши керак эди.

Германиянинг GMP фирмаси томонидан лойиҳалаштирилган спорт комплекси қурилиши 2008 йил бошланган ва кейинроқ тўхтаб қолган эди. Бунга “Бунёдкор” жамоасининг муассиси, Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган "Зеромакс" ширкатининг ёпилиши сабаб бўлган эди. Шундан сўнг тўхтаб қолган қурилиш Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 5 апрелдаги қароридан сўнг яна бошланди.

Стадионнинг дастлаб 45 минг одамни сиғдира оладиган Марказий Осиёдаги энг катта спорт комплекси бўлиши ҳақида айтилган эди. ЎФФ сайти маълумотига кўра, эндиликда томошабинлар ўриндиқлари сони 34 минг бўлиб, мажмуа уч қаватдан иборат бўлади.

“Бунёдкор” спорт комплексининг аввалги лойиҳаси 150 миллион АҚШ долларига тенг экани айтилган эди, ҳозирги қурилишга 60 миллиард сўм сарфланиши ва бу маблағнинг хайрия ҳисобига йиғилиши айтилаяпти.
XS
SM
MD
LG