Линклар

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мамлакат олийгоҳларида тўлов-контракт асосида ўқишнинг янги нархларини тасдиқлади.

Энди “юриспруденция”, “халқаро муносабатлар”, “халқаро иқтисодиёт” мутахассисликлари Ўзбекистонда энг қиммат соҳага айланди – уларда ўқиш учун бир йиллик бакалавриат учун 4 800 000 сўм, магистратура учун эса 5 250 000 сўм тўланади.

Энг арзони педагогика йўналишидаги таълим бўиб¸ мазкур соҳа бўйича тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган талаба бакалавриат учун 3 300 000 сўм, магистратура учун эса 3 580 000 сўм тўлаши керак бўлади. Бу аввалги нархдан 10 фоиз баланд.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмийлари ўқиш нархлари ошиши сабабларини ҳозирча изоҳламади.

Ўзбекистонда ўқиш нархлари ошишига қарамай бу йил мамлакат тарихида рекорд сонда, қарийб ярим миллион абитуриент талабаликка даъвогарлик қилмоқда.

Ўзбекистон олий ўқув юртлари 2012-2013 ўқув йилида 56,6 минг нафар абитуриентни қабул қилади.

- Бу йилги қабул режа тасдиқланган.2012-2013 йилга умумий сони 56 607 киши. Шунинг ичида грантлар бўйича 19 340, тўлов-контракт бўйича 37 267 талаба бу йил қабул қилинади, дейди Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ўзини таништирмаган расмийси.

Тошкентлик Гулруҳ бу йил талаба бўлишликка даъвогарлик қилаётган минглаб абитуриентдан бири.

- Олдимга талаба бўлишим керак¸ деган мақсадни қўйдим. Ҳозир Чет тиллар институтига ҳужжат топширдим, кўрамиз. Конкуренция бу йил кучли. Ўз билимига ишонганлар ҳам ҳозир кираманми, деб ўйланиб турибди.Ҳозирги пайтда ҳам билим¸ ҳам пул бўлмаса Ўзбекистонда, менимча ўқишга кириш қийин, дейди Гулруҳ.


Кириш учун пул, киргандан кейин яна пул


Олий таълим Ўзбекистонда энг коррупциялашган соҳалардан бири ҳисобланади. Мамлакатда совет давридан мерос қолган "пул билан ўқишга кириш" мустақиллик даврида янада чуқур илдиз отди.

- Ҳозир Ўзбекистонда талаба бўлиш жуда қимматга тушаяпти. Ўқишга кириш учун бериш керак. Киргандан кейин ҳам контракт пули дейди, у ҳам йилиги минг долларнинг тепасида. Ҳозир тест саволлари жуда қийин, мактаб программасидан ҳам қийин қилиб қўйишибди. Атайлаб грантга кирмасин деб, яна таниш-билишчилик қилиб киритиш учун, буни атайлаб қийинлаштириб қўйишибди¸ дейди бу йил қизини ўқишга киритишга шайланаётган хоразмлик Комилжон ака.

Ўзбекистон олий ўқув юртларига ўқишга киришнинг қанчага тушишини махсус ўрганган Эксперт Ишчи гуруҳига кўра¸ энг қиммат ўқув юртлари Тошкент Юридик институти ва Жаҳон иқтисоди ва дипломатия университети бўлиб, уларга кириш абитуриентга 40 минг долларга тушиши мумкин.

Энг арзони эса журналистика ва хорижий тиллар факультетлари. Аммо улар учун ҳам камида 5000 доллар керак.

- Ҳаммасини орзуси нима қилиб бўлмасин ўқиш, олий даргоҳда ўқиш. Лекин бу даргоҳни тугатганидан сўнг иш топиш қийин. Мана яқинда ўртоғимни ўғли Юридик институтини тугаллаб иш топаолмай юрибди. Прокуратурада иш бор дебди, 50 минг доллар сўрашибди ишга кириш учун. Ана шунақа, дейди Комилжон ака.

Сўнгги икки ой ичида Ўзбекистонда бир қатор институт ўқитувчиси порахўрликда қўлга тушди.

Май ойида Гулистон Давлат университетининг икки нафар ўқитувчиси абитуриентлардан пора олаётган маҳал ушланди.

Ўтган ой Тошкент Давлат Юридик институтини узоқ вақт давомида бошқарган профессор Мирзаюсуф Рустамбоев ректорлик лавозимидан бўшатилди.

Рустамбоевнинг ҳам қабул жараёнидаги коррупция учун ишдан кетгани тахмин қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG