Линклар

logo-print

Владивостокда намоз ўқиш митингга тенглаштирилди


Бундан сўнг кўчада намоз ўқиган мусулмонлар рухсат берилмаган митинг қилганликда айбланиб¸ катта миқдорда жаримага тортилиши мумкин.

Бундан сўнг кўчада намоз ўқиган мусулмонлар рухсат берилмаган митинг қилганликда айбланиб¸ катта миқдорда жаримага тортилиши мумкин.

Масжид ичкарисига сиғмасдан атроф йўлакларда намоз ўқиган Приморъе мусулмонлари митинглар тўғрисида Россияда қабул қилинган янги федерал қонунни бузди¸ деб топилди.


Рамазон арафасида Приморъе ўлкаси Адлия бошқармаси мусулмонларнинг Владивостокдаги ягона масжидга сиғмасдан атрофдаги кўчаларда намоз ўқигани учун ўлка Мусулмонлари қозилик бошқармасига огоҳлантириш эълон қилди.

Приморъе ўлкаси қозилик бошқармаси раҳбари¸ Владивостокдаги “Ислом” диний ташкилоти раиси Абдулла Ишмуҳамедов бу огоҳлантиришнинг диний бошқарма биноси жойлашган Шепеткова кўчасида яшайдиган фуқаролардан тушган шикоятлар асосида берилганини айтади:

- Уларнинг претензияси шуки, биз бинонинг ичкарисини бепул арендага олганмиз. Лекин бино атрофидаги ерлар бизларга қарашли эмас. Одамлар сиғмагандан кейин жума кунлари ўша ерларга жойнамозини ташлайди ва намозини ўқийди, биласизку. 10-15 минутда бўшайди у жой! Ўша нарса маҳаллий яшаётганларни нафратини уйғотиб, бизларга ҳасади борлари устимиздан ёзган. Адлиядагилар келиб текшириб, “шаҳар ҳокимиятинини огоҳлантирмасдан йиғилиш ўтказди” деб қарор чиқарди. Янги митинглар тўғрисида қонун қабул қилишдику Россияда, яъни ҳар бир митингдан бир ой олдин огоҳлантириб қўйиш керак экан, дейди муфтий Абдулла Ишмуҳамедов.

Приморъе ўлка қозилик бошқармаси бошлиғи сўзларига кўра, Адлия бошқармаси ўз қарори билан намоз ўқишни митинг ўтказганликка тенглаштириб қўйди.


Муфтий Ишмуҳамедов Адлия бошқармасининг бу қарорига қаршилик кўрсатилмаса ва у бекор қилинмаса бундай “огоҳлантиришлар” Россиянинг барча ўлкаларидаги масжид ва диний ташкилотларга босим ўтказиш учун асос бўлиши мумкин, деган фикрда эканини гапиради.

- Ҳозир агар буни бир маротаба ютворсак, Россия бўйича қаерда масжидлар бўлса, ҳаммага шундай қилади булар. Москвадаям ўзингиз биласиз, турасиз шу ерда, Проспект Мирада ўтиб бўлмайди; Қозонда ҳам, Уфада ҳам шунақа! Сиғмайди масжидларга одамлар, чунки масжидлар кам, одамлар кўп. Шунинг учун бунга бўйсинмаслик керак. Мен телефон қилиб норозилигимни билдирганимда, менга “мумкин бу қарорни бекор қиламиз, бошқа сизни безовта қилмаймиз”, деб ваъда берди, дейди Владивосток муфтийси Абдулла Ишмуҳамедов.

Маълум бўлишича, Владивостокнинг Шепеткова кўчасидаги ягона намозхонага 600-700 одам сиғади. “Бу ахир масжид ҳам эмас, намозхона. Қолганлар сиғмагани учун келмай кетган”, дея куйинади муфтий Озодлик билан суҳбатда.



Приморъе қозилик бошқармаси раҳбари Абдулла Ишмуҳамедовнинг сўзларига кўра, биринчи огоҳлантириш ортидан Приморъе мусулмонлари масжид ташқарисида яна намоз ўқиса 300 минг рубл жаримага тортилади.

- Жарима бергандан кейин биз давом этсак, бизни судга бериб ташкилотимиз фаолиятини тўхтатиб қўйиши мумкин. Ёки ёмонликка оладиган бўлса, шаҳарга бизлар билан ижарани тўхтатишга буйруқ бериши мумкин ва бинони олиб қўйиши мумкин. Шунинг учун мен телефон қилиб,"Рождество ёки Пасха байрамларида одамлар сиғмасдан ташқарига чиқиб кетади¸ уларга ҳам огоҳлантириш беринглар!”, дедим. Ёки сайрга чиққан одамларни ҳам митинг қилаяпти¸ деб огоҳлантиринглар. Бу абсурд-ку! Улар бу қарорни менга фуқароларнинг мурожаатига жавоб беришлари кераклиги билан тушунтирди. “Биз одам эмасмизми? Нега бабушкалар мурожаатига эътибор қилиш мумкин, бизлар Россия фуқаролари эмасмизми? Ундан кўра биз қийналмаслигимиз учун ер ажратиб берсаларингиз бўлмайдими”дедим, дейди Абдулла Ишмуҳамедов.

Суҳбатимиз охирида муфтий Ишмуҳамедов бу қарорни бекор қилиш талаби билан судга мурожаат қилишини билдирди.

Озодлик мухбири мазкур огоҳлантириш юзасидан Приморъе ўлкаси Адлия бошқармасига юборган сўровига жавоб олинганича йўқ.

Мусулмонларнинг Владивостокдаги биринчи жамоат ташкилоти 1992 йилда ташкил топган ва бир йилдан кейин “Ислом” Приморъе мусулмонлар диний ташкилоти (Приморъе муфтияти) номи остида қайдга олинган. Бу ташкилотнинг биринчи раиси этиб ўзбекистонлик Олимхон Мағрупов сайланган.

1998 йилдан Приморъе муфтияти номини Приморъе ўлкаси Мусулмонлари қозилик бошқармасига ўзгартирган бу ташкилотни касби бўйича врач ва келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Абдулла Ишмуҳамедов бошқариб келмоқда.

Приморъе муфтиятидан олинган хабарга кўра, жорий йилнинг 30 июнида Владивостокда Татаристон президенти Рустам Минниханов, Россия Бош муфтийси Талғат Тожиддин, ўлка вице-губернатори Ирина Василькова ва Приморъе ўлкаси муфтийси имом Абдулла Ишмуҳамедов иштирокида тантанавий равишда Қозон масжиди пойдеворига тош қўйилди.

Маълум бўлишича, Приморъеда ягона фаолият юритаётган масжид Находка шаҳрида жойлашган. Яна бир масжид 2008 йилдан буён Уссурийск шаҳрида қурилмоқда.

“Митинглар тўғрисида”ги қонун амалда

Шу тариқа, Владивосток мусулмонлари бир ой олдин Россия мухолифати томонидан кескин танқид остига олинган “Йиғилишлар, митинглар, демонстрациялар, юришлар ва пикетлар тўғрисида” деб номланган федерал қонун босими остига тушган биринчи жамоага айланди.

Россия мухолифатига қарши қаратилгани айтилаётган ва бевосита Путин ташаббуси билан жорий қилинган бу қонун¸ айниқса¸ ўтган йил охирларидан бошлаб авж олган Россия аҳолисининг оммавий норозилик чиқишларига ҳукумат доираларининг жавоби дея баҳоланмоқда.

Куни кеча Владивосток полициясининг бир гуруҳ роуджампер – баланд бинолардан арқон билан сакрайдиганларни 50 кишилик йиғилиш учун “Митинглар тўғрисида”ги қонунни бузганликда айблаб судга бергани хабар қилинди.

Россия Давлат Думасида “Единая Россия” ташаббуси билан шу йилнинг 9 июнида қабул қилинган бу қонунда оммавий йиғилишларни уюштирган жисмоний шахсларни 300 минггача, юридик шахсларни эса 1 миллионгача жаримага тортиш қўзда тутилган.

Айни пайтда, “Справедливая Россия” ва КПРФ фракцияларининг 100 га яқин депутати митинглар тўғрисидаги қонуннинг хомлиги ва адолатсизлигини таъкидлаб¸ Конституциявий судга махсус мурожаатнома юборди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG