Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:13

Гулнора Каримовани севиб қолдим....


Гулнора Каримова Канн кинофестивали доирасидаги зиëфатлардан бирида.
Гулнора Каримова Канн кинофестивали доирасидаги зиëфатлардан бирида.

Қурбақанинг ишқи маликага тушди. Туя ҳаммомни орзу қилди. Бу мақоллардаги драманинг янги тамсили пайдо бўлди - Қозоғистон қурилишларидан бирида мардикорлик қилаëтган шўрлик йигит "ўзбек маликаси"га ошиқу беқарор бўлиб қолди....

Осилсанг баланд дорга осил ёхуд маслаҳатли тўй тарқамас

Э ёронлар, юракда бир дард бор менда. Ҳеч кимга айтолмайман бу гапларни. Ёнимда бир ҳамдардим йўқки, юракни ёриб ҳасратлашадиган. Оҳ тортсам, ўтли нафасимга бурама мих қотирадиган дрелим қизиб кетиб ишга ярамай қолаяпти. Аъзои баданим оташга айланган, бочкадаги совуқ сувга бошимни тиқсам сув шарақлаб қайнаб тошаяпти.

Ишқ дардига мубтало бўлдиму қолдим. Тушуняпсизми, мен севиб қолдим! Баттар бўл деяпсизми? Не дождетес! Чунки бундан баттари бўлмайди. Бўларим бўлган аллақачон. Уйқусиз тунлару, томоқдан сув ўтмай қолгани сабаб, кўзлар киртайиб, гугурт чўпдек озиб кетдим.

Мавзудан бироз чекинаман, доим интернету газеталарда сонсиз эълонларни кўраман, бир ойда фалонча, бир йилда пистонча оздираман деган. Ҳаммаси бўлмаган гап экан. Озишни истаган одамлар севиб қолсин. Шунақа севсинки кунига уч кило, уч килодан эт ташлаганини ўзиям сезмай қолсин.

Билмайин босдим тиконни, биродарлар. Хуллас севиб қолдим. Севгандаям, ўнгу сўлга, юқорига, пастга, диагоналига қарамай севдим.

У париваш доим кўз олдимда, кўзимни юмсам у, кўзимни очсам у. Куну тун юрак ўйноғи сабаб валидолхўрлик қилиб ётибман.

Ҳа, йигит ўлгур, айтмайсанми, кимни севиб қолганингни дейсизми? Айтаман, айтаман, ҳозир бир кружка совуқ сув ичиб олай. Яқинроқ келинг ,қулоғингизга айтаман кимлигини.

Ҳой, нима бўлди, унсиз қотиб қолдингиз? Кўзингизни пирпиратманг, эшитганингиз аниқ. Гуля хонимни севиб қолдим.

Ҳа да, ўша малоик, Гулнора Каримова.

Э, борингэ, қанақа одамсиз ўзи, севгининг с ҳарфини тушунмайсиз. Хўш нима қилишим керак эди? Бу юрак қурғурга буйруқ бериб бўлмаса. Истаганини севадида. Менга Алла Пугачева ёқарди, лекин унинг боши очиқмас. Максимжон бор ўртада, оиласини бузмайманку, уям орзу ҳавас кўргиси келади.

Мен нимаям қила олардим, юрак қурғур Гуляхонга чопиб турса. Хуллас, узил-кесил қарорга келдим. Пешанада борини кўрамиз. Қарор қатъий, муҳокамага ўрин йўқ. Таваккалнинг боши кал¸ дерлар. Бошга тушганни кўз кўрар.

Уйланаман шу қизга. Топсам молим , топмасам жоним фидо шу малакка. Тенг тенги билан, тезак қопи билан деган сийқаси чиққан гапларни айтманг менга. Бўридан қўрққан ўрмонда ўтин кесмас эмуш, чумчуқдан қўрққан далага тариқ сепмас эмуш.

Қолаверса мен ҳам ердан чиққан қўзиқорин эмасман. Ўзимга яраша обрўим бор. Ўрта Осиё , Қозоғистон ва Россияда хизмат кўрсатган Гастарбайтер унвони соҳиби, Халқаро Саргардон Сайёҳлар Клуби Раиси, Дунёда бор йўғи уч одам олган Қизил Ғишт (Красний Кирпич) ордени эгаларидан бириман.

Тўй масаласиниям деярли пишитиб қўйдим. Ўзбекмиз ҳар ҳолда, совчи қўяман удум бўйича. Совчиларниям топдим. Ҳурмати улуғ инсонлар. Муҳаммад Солиҳ, Абдураим Пўлатов ва Баҳодир Чориевларни кўндирмоқчиман ўртага тушишга. Уларам баҳонада Ўзбекистонни кўриб келишади. Ортиқча савоб ҳеч кимга зиён қилмас деб ўйлайман. Қолаверса¸ бўлажак қайнотам билан яраш ошини еб келишади.

Буюк келажак сари Юртбошимиз (бўлажак қайнотам) белгилаб берган йўлдан оғишмай бораётган юртга тўйлар ярашади. Тўйни исрофгарчиликларсиз, ихчамгина ўтказмоқчиман. Барини ўйлаб пишитиб қўйганман. Кўп нарсадан тежаймиз экан. Тўй кўйлакларию, тақинчоқларни арендага олишга ҳожат йўқ. Ҳамма пулни шилиб кетадиган отарчилар умуман керакмас. Гуля хоним қўшиқ айтса, мен қизиқчилик қилиб тўйни ўтказволамиз. Бир хозяйственний эр бўлса менчалик бўлар. Ичкилик масаласиниям ҳал қилдим. Қозоғистондан ўн, ўн беш яшик ароқ, беш олти бочка Чимкент пивосидан олиб бораман.

Хоразмлик дўстларим гуручини, Сурхонлик шогирдларим гўштини, Водийлик ҳамкасблар мева-сабзавотини кўтарамиз дейишяпти. Қолаверса ўзимнинг ҳам унча мунча жамғариб қўйганим бор.

Агар Гуля хонимни кўндиролсам тўйни "Мингта тўй" акциясига қўшиб қўямиз.

Эсон-омон тўйни ўтказиб олсам, қайдасан Зомин тоғлари деб асал ойига жўнаб кетамиз. Келин болага ўз қўлларим билан арча босиб, тандир кабоблар тайёрлаб бераман.

Тўйга марҳамат азизлар!! Тўй хабарини эшитган заҳоти¸ Мустақиллик майдонига келаверинглар!!!
XS
SM
MD
LG