Линклар

logo-print

Диний экстремизмни тарғиб қилувчи видеоматериаллар контрабандасида айбланиб Ўзбекистонда қўлга олинган қозоғистонлик Ермек Қўсмағамбетов беш йилга озодликдан маҳрум этилди.

Бу ҳақда Tengrinews.kz агентлиги айбланувчининг ўртоғи Ақмарал Шакирова сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Қўсмағамбетов иши бўйича Қибрай туман судида 4 июл куни бошланган маҳкама кеча, яъни 23 июл куни ниҳоясига етган.

Маълум бўлишича, қозоғистонлик Ермек Қўсмағамбетов шу йил март ойи ўрталарида ўзбек-қозоқ чегарасидаги “Майский” назорат-ўтказиш пунктидан ўтаётган пайтда ушланган. Ўзбекистон расмийлари иддаосича, 27 ёшли бу қозоғистонлик йигитнинг ушланишига унинг ноутбукидан “диний-экстремистик мазмундаги” материаллар топилгани сабаб бўлган.

Ўша куни Ермекка ҳамроҳлик қилган Ақмарал Шакированинг айтишича, йигит сафарга ўзи билан синглисининг нетбукини олиб олган экан.

“Постдан ўтиб бўлай дегандик, бирдан смена бошлиғининг нетбук ичидаги материалларни кўргиси келиб қолди. Биз уни Ермекнинг синглисидан вақтинчага олиб турганимизни ўша пайтдаёқ айтгандик”, дея эслайди 16 март воқеаларини Ақмарал.

Унинг айтишича, нетбукни икки соатча обдон текширган смена бошлиғи ундан ичида видеоматериаллар жойлаштирилмиш “Ислом” деган папка топган. Ақмарал фикрича, экстремистик бўлмаган бу видеоматериалларни баҳона қилиб уларни назорат-ўтказиш пунктида тутиб қолганлар, тунги иккида эса Қибрай туман ички ишлар бўлимига олиб кетганлар.

Тез орада Ақмарал қўйиб юборилган, бироқ Ермек воқеага ойдинлик киритилгунича Қибрай ТИИБда қолиши айтилган.

“26 март куни уни [Тошкент] вилоят МХХсига олиб кетилгани ва Ермекнинг иши билан улар шуғулланаётганидан хабар топдим”, дейди Ақмарал.

30 март куни Тошкент вилоят судида ёпиқ маҳкама бўлиб ўтиб, унда Қўсмағамбетов “ўз хатти-ҳаракатлари билан, яъни чегарадан диний экстремизм, сепаратизм ёки фундаментализмни тарғиб қилувчи материалларни олиб ўтгани учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-банди (диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализмни тарғиб қилувчи материаллар контрабандаси) ” бўйича айбдор топилади ҳамда уни ҳибсда сақлаш ҳақида қарор чиқарилади. Бу модда бўйича айбланганлар учун 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.

Ақмарал Шакированинг айтишича, Ермекнинг синглиси бу нетбукни Олмаотада бозорларидан бирида “қўлдан” олган экан. Ақмаралга кўра, қиз нетбукни сотиб олган пайтдаёқ унда диний мазмундаги роликлар бўлган.
XS
SM
MD
LG