Линклар

logo-print

Қашқадарё вилоятининг Муборак туманидаги “Муборакгаз” ташкилотининг раҳбар ва ходимлари, солиқ инспекцияси инспекторларидан иборат 28 кишилик гуруҳ турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди.

Асосан иқтисодий жиноятларда айбланган судланувчилар устидан бошланган маҳкама икки ой давом этди.

Муборакда 28 кишининг қамалгани ҳақидаги хабарни шу маҳкамада иштирок
этган, исми сир қолишини сўраган мубораклик Озодликка етказди.

Унинг айтишича, асосан “Муборакгаз” ташкилотининг раҳбар ва ходимлари суднинг қора курсисига ўтқазилган:

- Жами бўлиб 28 киши қамалди, газ бошлиқлари, бухгалтерлар, назоратчилар... ҳаммаси асосан газчилар. Муборак шаҳри Жиноят ишлари бўйича судида икки ой давом этган маҳкамага Акбарали Туропов деган одам судялик қилди, дейди Озодлик манбаси.

Суҳбатдошнинг айтишича, “Муборакгаз” ташкилотининг собиқ раҳбари Қаландар Қаюмов 15 йилга, ташкилот ҳисобчиси Шуҳрат Қосимов 12 йилга, назоратчилар Отабек Қурбонов ва Умид Раҳмоновлар 8-9 йилга озодликдан маҳрум этилган. Унга кўра, “Муборакгаз”ни тафтиш қилган солиқчи ҳам қамалди:

- Солиқчи Муҳаммадамин Муҳаммадқулов деган йигит. У ревизия қилган экан. Унга сен 2009 йилда ана шу ташкилотдан пора олгансан деб, давление қилишиб, 13 йил бериб юборишди, дейди мубораклик манба.

Маҳкама жараёнини бевосита кузатиб борган суҳбатдошга кўра, суд адолатсиз ҳукм чиқарган:

- Суд умуман адолатсиз бўлди. Менинг шахсий фикрим шундай. Ҳеч нарсани очиқ тасдиқлай олишмади. Ўша камомаднинг қаердан пайдо бўлиб қолганини ҳеч ким билмайди, дейди мубораклик манба.

“Муборакгаз” ташкилотининг ўзини таништирмаган ходими ҳам 28 киши қамалганини тасдиқлар экан, айни пайтда ташкилот раҳбарлари ва ходимлари деярли янгиланаётганини айтди:

- 28 киши қамалди. Шу “осилиб” қолган газ бўйича қамалди. Энди ташкилотимиз янгиланаяпти, кадрлар муҳтожлиги сезилаяпти, деди “Муборакгаз” ташкилоти вакили.

Аҳолини газ билан таъминлаш масаласи сўнгги йилларда Ўзбекистондаги жиддий муаммолардан бирига айланиб бормоқда.

Кузатувчиларнинг айтишларича, ишлатилмаган газ учун аҳолининг бўйнига катта қарзлар ёзиб қўйилмоқда. Маҳаллий газ идоралари бошлиқлари эса хусусий корхоналарга газни ғайриқонуний сотаётганлиги айтилади.
XS
SM
MD
LG