Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:30

Авжи мавсумда Андижон туғруқхоналари ëпилди


Ҳозир бутун Андижонга битта 2-туғруқ комплекси хизмат кўрсатмоқда.
Ҳозир бутун Андижонга битта 2-туғруқ комплекси хизмат кўрсатмоқда.

Ўзбекистон туғруқхоналари учун июл-август ойлари чақалоқлар кўп туғиладиган ой ҳисобланади. Айни туғруқ мавсумида Андижондаги иккита туғруқхона таъмир учун ëпилди.



Бу ҳақда Андижондаги мобил мухбиримиз ўз кўзи билан кўрганларини ëзиб юборди.

Мана ўша мактуб:

“Салом. Андижонда ҳамма ҳомиладор аёллар шаҳарда ишлаб турган ягона туғруқхонада туғишга мажбур бўлаяпти.

Сабаби¸ Андижондаги 1 ва 3- туғруқхоналар худди келишиб олгандай¸ бирданига ремонт бошлаб олишган. Ишлаб тургани фақат 2- туғруқхона. Туғруқхонада кунига камида 50-60 чақалоқ конвейердан тушиб келаяпти.

Ҳомиладорларни ётқизиш учун хона танқислигидан врачлар ўз хоналарини бўшатиб бериб¸ ўзлари коридорларда ишлаб туришга мажбур бўлишаяпти.

Туғуруқхона бош врачи шундай кўрсатма берган уларга. Оддий кунлари битта хонага 3-4 ҳомиладор ётқизилган бўлса¸ ҳозирги пайтда бир хонада 6-7 таси жойлаштирилаяпти.

Кроват етмаганларига эса¸ ерга матрас ташлаб жой қилиб беришяпти. Шунга қарамасдан врачлар ҳомиладор аёлларимизнинг ҳар-биридан хабар олиб туришга улгуришаяпти.”

Мобил мухбиримиз ўз мактубига Андижон туғруқхонасида фарзанд кутаëтган аëл билан суҳбатини ҳам илова қилибди:

“Шундай тарзда туғишга тайёргарлик кўриб 3- фарзандини туғилишини кутиб ётган аёлга¸ сиз шу шароитда туғишга қандай қарайсиз? деган саволга у аёл:

"9 ой қийланиб ҳомилани кўтариб юрган 1-2 кунлик қийин шароитга хам чидайманда энди, деб жавоб берди.”

Мактуб Андижонда кузатилаëтган 40-45 даража иссиқда фарзанд кўришга шайланган аëлларга эзгу тилаклар билан якунланган.

Мактубни олган заҳотимиз Андижон вилоятидаги туғруқхоналарга телефон қилдик. Аммо туғруқхона вакиллари ҳам¸ вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси (Облздрав) мулозимлари ҳам бу мавзуда гаплашишни исташмади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг исми айтилмаслигини истаган мулозими бу юзадан фикр билдиришга рози бўлди:

- Андижон Облздрави бу муаммони ҳал қилиши керак. Ҳар бир роддом ëпилса ҳомиладор аëллар резерв роддомга бириктирилган бўлади. Ўша роддомга бориши керак ҳомиладор аëллар. Ўзи роддомларда ремонт режаланган бўлади. "Мойка" дейди буни. Туғруқхона тозалиги учун зарур процедура бу¸ дейди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мулозими.

Айнан тозалик масаласида ўзбек туғруқхоналарида муаммо бор¸ дейди Самарқанднинг Каттақўрғонида врачлик қилувчи Абдурайим Бозоров.

Ялла тўйидан кейинги алла тўйи

Ўзбекистон туғруқхоналари учун июл-август ойлари чақалоқлар энг кўп туғиладиган ой ҳисобланади.

Бу гапни Озодликка билдирган врач Абдурайим ака Бозоровга кўра¸ айни шу икки ойни бемалол “қўзилатиш мавсуми “ деб ҳисоблаш мумкин.

- Мен ҳар йили кузатаман¸ ҳар йили июл августда кўп бола туғилади. Бу йил эса бултурги августдан ҳам кўпроқ бола туғилди¸ дейди бу врач.

Суҳбатдош июл-август ойида кўп чақалоқ туғиш боисини тўйлар мавсуми билан боғлайди:

- Тўйдан кейин 9 ой ўтгач фарзанд туғилишини кутишади. Ана шунақа қилиб фарзандлар ҳам туғилаверади¸ дейди самарқандлик врач.

Самарқандлик врач билан телефонда гаплашиб турганимизда Андижондаги мобил мухбирдан яна мужда келди:

- 2-роддом тарихида бўлмаган 70 та чақалоқни бир куннинг ўзида уйига жўнатиш устидан чиқтим.

70 та !!! Ўйлаб кўринг дарвоза тагидаги коровул тоғани қилган дуоларию ва уни эвазига олган суюнчи пуллари!!! Кимдир 1000 сўм¸ кимдир эса 10 000 минг сўм беради. Арзийди шу пулга ишлашга шу инсонлар"¸ деб тугалланади Андижондан келган мактуб.
XS
SM
MD
LG