Линклар

"Sasol" Ўзбекистонда суюқ ëнилғи ишлаб чиқаради


Ўзбекистонда суюлтирилган газ билан юрувчи автомобиллар сони бензин қимматлашган сайин кўпайиб бормоқда.

Ўзбекистонда суюлтирилган газ билан юрувчи автомобиллар сони бензин қимматлашган сайин кўпайиб бормоқда.

Жанубий Африка Республикасининг энергетика ва кимё соҳасидаги энг йирик “Sasol” гуруҳи Ўзбекистонда йилига 1¸5 миллион тонна суюқ ёнилғи ишлаб чиқариш режасини очиқлади.

“Sasol” компаниялар гуруҳи президенти Дэвид Констеблнинг 23 июл куни Тошкентда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашуви давомида табиий газдан синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқариш режаси маъқулланган.

Расмий Тошкент қўллаëтган бу лойиҳа Қашқадарëда кунига 38 минг бочка синтетик суюқ ëнилғи ишлаб чиқарадиган корхона қурилишини кўзда тутади.

Ўтган йили Жанубий Африка Республикасининг "Sasol"¸ Ўзбекистоннинг "Ўзбекнефтегаз" ва Малайзиянинг "Петронас" ширкатлари Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият, инвестиция ва савдо вазирлиги билан Ўзбекистонда синтетик суюқ газ ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича инвестиция шартномаси имзоланган эди.

"Sasol" ширкати тарқатган хабарномага кўра, умумий қиймати 2¸5 миллиард доллар бўлган бу лойиҳада иштирок этаётган сармоядорларга давлат томонидан сармояни ҳимоялаш ва молиявий имтиёзлар бўйича кафолатлар берилади.

Жанубий Африканинг ёқилғи соҳасидаги энг йирик ширкати бўлмиш “Sasol” мутасаддиларига кўра, лойиҳа доирасида келаси йилдан бошлаб керосин ва дизел ёнилғилари ишлаб чиқарилиши мумкин.

“Sasol” ширкатининг Жанубий Африкада кўмирни, Қатарда эса газни суюқ ёнилғига айлантириш бўйича йирик заводлари бор.

Мазкур лойиҳага давлатга қарашли “Ўзбекнефтегаз” ва "Sasol" ширкатлари сармоянинг 44,5 фоизини¸ “Петронас” ширкати эса 11 фоизини киритгани айтилмоқда.

Лойиҳа иштирокчиси бўлган “Петронас” ширкати раҳбарлари ҳам Ўзбекистон президенти тарафидан қабул қилинган эди.


Суюлтирган газ - Ўзбекистон иқтисодига малҳам

Газ соҳасида 40 йил фаолият кўрсатган ва исми айтилишини истамаган тошкентлик мутахассиснинг Озодликка айтишича¸ газни плитада ëқиш пулни ëқиш билан баробар исрофгарчилик.

- Мен газ институтида ўқиганимда домлам газни ўчоқда ëқиш 10 сўмликларни ëққан билан тенг¸ деган эди. Ўзи ҳақиқатдан ҳам шундай. Газни унақа исроф қилиш керак эмас ўчоқда ëқиб. Газдан моддаларни олиб фойдаланиш керак. Керакли нарсаларни. Газ¸ масалан¸ кимë саноатида пластмасса ишлаб чиқаришда бирламчи хом-ашëдир. Ҳозир газни ўчоқда ëқиш 100 долларлик банкнотларни ëқиб чой қайнатган каби бир иш, дейди суҳбатдош.

Суҳбатдошга кўра табиий газ суюлтирилган газ ҳолатига ўтгани он сотиш ва сақлаш учун қулай товарга айланади. Бундай молга эса энергетик ташналиги ортаëтган дунëда харидор кўп.

Хитой ва Покистон Ўзбекистондан суюлтирган газ сотиб олишдаги потенциал харидор ҳисобланади.

Бундан ташқари Ўзбекистондаги газ билан юрадиган автомобиллар ҳам бу бозорнинг асосий сегменти ўлароқ кўринади.

Россия Фанлар академияси академияси тадқиқотига кўра¸ ҳозир дунëдаги мавжуд транспортларнинг 27 фоизи газ билан юрмоқда. Бу рақамнинг 2035 йилга бориб 30 фоиздан ошиши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG