Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:18

Қирғизистонда ўзбекча қўшиқ тақиқланди


Ўшликларнинг кўпи бундай бир томонлама ҳукмдан ҳайрон.
Ўшликларнинг кўпи бундай бир томонлама ҳукмдан ҳайрон.

Ўш шаҳар суди “Osh City Uzbek Mahalla” қўшиғини қирғиз халқини ҳақоратловчи деб топди ва Қирғизистонда унинг тарқатилишини тақиқлади. Айни пайтда¸ ўзбеклар ўзига ҳақорат деб билаëтган қирғизча қўшиқлар тарқалишда давом этмоқда.

Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг билдиришича, мамлакат ҳуқуқ - тартибот тузилмалари мазкур қўшиқни Қирғизистон ҳудудида тарқатилмаслигини назорат қилиши керак. Ўш шаҳар суди қарорида белгиланишича, “Osh City Uzbek Mahalla” қўшиғида қирғиз халқи ҳақорат қилинган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, бу қўшиқ ёзнинг бошланишида Ўш шаҳрида мобил телефонлари орқали тарқатила бошланган. Экспертиза бу қўшиқ “ўзбек ва қирғизлар орасидаги нафратни кучайтириш ва низо қўзғашга” қаратилганини тасдиқлаган.

Шундан сўнг Ўш вилоят прокуратураси “Osh City Uzbek Mahalla” қўшиғини Қирғизистон ҳудудида тақиқлаш борасида Ўш шаҳар судига таклиф киритган.

Бундан аввалроқ “Osh City Uzbek Mahalla” қўшиғини ижро этган одам ва унинг яшаётган манзили аниқлаш юзасидан Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси қидирув ишларини бошлаган эди. Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Суйунбек Ўмурзақов 8 июн куни қўшиқ муаллифи ва ижрочиси аниқланганини Озодлик радиосига маълум қилди.

Унинг айтишича, ўзбек тилида куйланган “Osh City Uzbek Mahalla” қўшиғи ижрочиси асли ўшлик йигит. У 2009 йилда Россия фуқаролигини олган ва айни пайтда Қирғизистондан ташқарида яшайди.

Суйунбек Ўмурзақовнинг айтишича, миллатлараро нафрат қўзғатувчи қўшиқ муаллифини қўлга олиш юзасидан Миллий хавфсизлик қўмитаси қидирув ишларини олиб бормоқда.

Ўш шаҳридаги ўзбек фаоллари “Osh City Uzbek Mahalla” каби қўшиқларни тарқатмаслик, ижро этмаслик илтимоси билан барча санъаткорлар ва жамоатчиликка мурожаат йўллаган.

Айни пайтда Қирғизистонда қирғиз ижрочилари томонидан ўзбекларга қарши қаратилган қўшиқлар ҳеч қандай тўсиқларсиз интернет сайтларида тарқатилмоқда. Алтинбек Борошев исмли ижрочининг “Ўштук ўзбектерге” деган қўшиғи ҳам шулар жумалсидандир. Мазкур қўшиқда Ўш қирғинини ўзбеклар бошлагани, ўзбеклар бегуноҳ одамларнинг қонини тўккани ва бунинг учун ўзбеклар “азон айтиб халқни қирғинга чақиргани” иддао қилинади.

-Тун яримда азон айтиб белги бердинг,
Юртдошингга ажал сочиб, жиҳод дединг.
Ким мусулмон¸ ким кофир Аллоҳ гувоҳ
Гуноҳи йўқ оқиздинг сен қонинн элнинг.
Ким мусулмон¸ ким кофир Аллоҳ гувоҳ
Йиртиқ чопон кийиб келган меҳмон элсан, деб куйланади қирғиз қўшиқчиси ижро этган қўшиқда.

Қўшиқ давомида "ўзбекларни дўзахнинг тўрида жой кутиб тургани" айтилади.

Бироқ Қирғизғистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ўзбеклар ҳақорат қилинган мазкукр қўшиқни тақиқлаш юзасидан шу кунгача чора –тадбирлар кўргани йўқ.
XS
SM
MD
LG