Линклар

logo-print

Россия Ташқи ишлар вазирлиги “Ўздунробита” вазиятига муносабат билдирди


Russia -- Foreign Minister Sergei Lavrov speaks during a news conference on the situation in Syria, at the Foreign Ministry headquarters in Moscow, 16Jul2012

Russia -- Foreign Minister Sergei Lavrov speaks during a news conference on the situation in Syria, at the Foreign Ministry headquarters in Moscow, 16Jul2012

Дипломатик қоидаларга мослаб ëзилган Москва баëнотида "Ўздунробита" можаросининг тез орада ўзаро манфаатли тарзда ҳал этилишига умид билдирилди¸ акс ҳолда бу воқеанинг икки давлат ўртасидаги сармоявий ҳамкорликка путур етказишига нозик ишорат қилинди.

25 июл куни жамоатчликка эълон қилинган расмий баëнотда Россия Ташқи ишлар вазирлиги МТС ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси “Ўздунробита” атрофидаги вазият ривожини кузатиб бораëтгани айтилади.

"17 июл куни Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги қарори билан мазкур корхонанинг амалдаги лицензиясини 10 кунга тўхтатди. МТС очиқ ҳиссадорлик жамияти дунëнинг жуда кўп мамлакати¸ хусусан МДҲ га аъзо давлат ҳудудларида телекоммуникация хизматлари соҳасида муносиб эътиборга эга экани маълум.

Ўзбекистон томонига “Ўздунробита”нинг вақтинча бош директори¸ Россия фуқароси Радик Даутовга нисбатан ўта кескин эҳтиëт чораси – ҳибсда сақлаш танлангани хусусида хавотирларимиз расмий тарзда етказилди"¸ дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати эълон қилган баëнотда.

Шунингдек,Москва расмий баëнотида Россия Ташқи ишлар идорасининг Ўзбекистондаги Россия элчихонаси орқали ўзбек томони билан мазкур масала юзасидан мунтазам алоқа олиб бораётгани айтилади.

“Элчихона консуллик бўлими ходимларига Даутов олдига тўсиқсиз кириш имкони берилган. Элчихонамиз йўллаган маълумотга кўра¸ ҳибсда сақланаëтган Россия фуқаросининг ахлоқий ва руҳий аҳволи қониқарли. Изоляторда сақланиш шароитлари ҳам унинг инсоний қадрини ерга урмайди. Саломатлик борасида ҳам ҳеч қандай шикояти йўқ. Маъмурият томонидан кўрсатилаëтган муносабат ҳам рисоладагидай. Тергов ҳаракатларини ўтказиш пайтида Даутов олдига адвокат таклиф қилинмоқда”¸дейилади баëнот матнида.

Бироқ Ўзбекистонда қамоқда қолаётган “Ўздунробита” сўнгги директори Радик Даутовнинг рафиқаси Тамара Озодликка куни кеча берган интервьюсида ўзи ва элчихона вакилларининг ҳибсдагилар билан учрашуви чекланаётганини маълум қилган эди.

- Мен оммавий ахборот воситаларини кузатиб бораман ва Ўзбекистондаги қамоқхоналарда маҳбусларни сақлаш шароитларини яхши тасаввур этаман. Юмшоқ қилиб айтадиган бўлсак, қаймоқ жой эмас... Тушуниб турибманки, шароитлари жуда оғир. Менга “У ўзини яхши ҳис этаяпти!”, дейишаяпти. Бу “яхши” сўзининг ортида нима борлигини тушуниш ҳам қийин, деган эди Тамара Даутова.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўз баëнотида "Ўздунробита" билан боғлиқ вазият ривожи Россия жамоатчилигининг кескин ташвишига сабаб бўлаëтгани, жумладан, Радик Даутовнинг рафиқаси Россия Федерацияси президенти Владимир Путин номига очиқ мактуб билан мурожаат қилганини айтиб ўтади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги баëнотига муносабат билдирган “Мобильные ТелеСистемы” очиқ ҳиссадорлик жамиятининг Жамоатчилик алоқалари бўйича департаменти вакиласи Валерия Кузменко¸ Москванинг мазкур воқеа юзасидан кечикиб бўлса-да билдирган расмий ëндашуви Ўзбекистонда МТС устидан терговнинг адолатли олиб борилишига туртки бўлиши мумкинлигини айтади:

- Президентга юборилаётган арзларнинг кўплигини ҳисобга олсак, аслида юборилган хатлар жуда узоқ вақт ичида кўриб чиқилади. Демак, хат етиб борибдики, Ташқи ишлар вазирлигидан расмий жавоб келди. Бу, албатта, ишимизга кўмаклашади, деган умиддамиз. Ўзбекистондан эса биз ҳанузгача жавоб олганимиз йўқ, вазият ўзгаришсиз қолмоқда, дейди вазирлик хатига муносабат билдирган МТС матбуот котиби Валерия Кузменко.

Расмий баённома охирида, Москва дипломатик идораси “Россия фуқароси ва МТС очиқ ҳиссадорлик жамияти билан боғлиқ муаммоларнинг тез орада Россия-Ўзбекистон орасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари доирасида ҳал этилиши ўзаро манфаатларга хизмат қилиши ва муаммонинг икки давлат ўртасидаги инвестицион ҳамкорликка салбий таъсир кўрсатишига йўл қўймаслигига ишончи комил" эканини таъкидлаб ўтган.

Ҳозирча Ўзбекистон дипломатлари идораси мазкур баëнотга муносабат билдирмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG