Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:37

Бадахшонликлар ўз норозилигини изҳор қилмоқда


Хоруғдаги ҳарбий амалиëтлар ҳам минтақа ичкариси¸ ҳам ташқарисида яшаëтган бадахшонликларни қаттиқ хавотирга солиб қўйди.
Хоруғдаги ҳарбий амалиëтлар ҳам минтақа ичкариси¸ ҳам ташқарисида яшаëтган бадахшонликларни қаттиқ хавотирга солиб қўйди.

24 июл куни асосан Тоғли-Бадахшон автоном вилояти фуқароларидан иборат гуруҳ Москвадаги Тожикистон элчихонаси олдида норозилик пикети ўтказди. Пикетчилар Тожикистон кучишлатар тизимларининг минтақадаги махсус операцияни тугатишни талаб қилди.


Сешанба куни Москванинг Гранатний тор кўчасидаги Тожикистон элчихонаси олдида стихияли тарзда оммавий норозилик йиғилиши юзага чиқди. Пикетчилар Тожикистон армиясининг Тоғли Бадахшонда 24 июл соат эрталабки 3:00 ларда бошлаган махсус амалиётига ўз норозилигини билдирди.

Озодлик билан суҳбатда Тожикистон Социал-демократик партиясининг Тоғли Бадахшон вилояти бўйича раиси Олим Шерзамонов пикетга чиққан ҳамюртлари асосий талабларини овоза қилди.

- Бизнинг талабларимиз асосан учта: Бадахшонга янги киритилган жанговар кучларнинг олиб чиқилиши, уларнинг шартсиз ва сўзсиз Бадахшондан кетишини таъминлаш; бутун Бадахшон бўйлаб алоқани барқарорлаштириш; тарафлар ўртасида музокараларнинг давом этиши. Кеча элчихона олдида кечгача йигитларимиз қилган пикети давомида бирор жавоб берилмади бизга. Биз бир гуруҳ болаларни элчи Сафиев олдига киритвордик. Гўё у Душанбе билан алоқада бўлиб бизга жавоб бера олмабди, дейди Москвадаги пикет иштирокчиларидан бири Олим Шерзамонов.

Кун ярмига келиб Москвадаги Гранатний кўчасига 500 га яқин тожикистонлик йиғилганидан бир мунча вақт ўтиб ҳодиса жойига уч автобус ОМОН жангчилари етиб келди. Олим Шерзамоновнинг айтишича, полиция раҳбарияти билан олиб борилган музокара натижасида элчихона олдида фақат 20 та пикетчи қолдирилди.

“Қолганлар шаҳардан ташқаридаги майдонлардан бирига юборилди”, дея давом этади норозилик намойиши иштирокчиси.

- Биз Москва ҳукумати билан конфликтга киришни истамадик. Мен ўзим у майдонда бўлмадим, лекин кечгача у майдонда йигитларимизнинг сўзларига қараганда 2000 га яқин одам йиғилибди.Кечки 5 ларга келиб биз журналистларга ўз талабларимизни билдириб тарқадик, чунки пикетимизга рухсат берилмаган эди. Биз Россия қонунларини бузишни истамаймиз, ахир пикетга келган болаларнинг кўпида ҳужжатлари жойида эмас, дейди норозилик намойиши иштирокчиларидан бири Тожикистон Социал-демократик партиясининг Тоғли Бадахшон вилояти бўйича раиси Олим Шерзамонов.

Пикет иштирокчилари Тожикистон элчихонаси билан олиб борган музокаралари давомида намойишчилар талабларининг элчихона ходимлари томонидан Душанбега юборилганини айтилмоқда.

Бадахшонликларнинг худди шундай норозилик чиқишларининг Санкт-Петербург ва Бишкекда ҳам бўлиб ўтгани хабар қилинди. Санкт-Петербургдаги Гостиний Двор олдига йиғилганлар “Помирликлар вазият тинч йўл билан ҳал этилиши учун!”, “Тожик ерида тинчлик бўлсин!”, “Ўз халқингга қарши ҳарбий ҳаракатларни тўхтат!” шиорларини кўтариб чиқди.

Айни пайтда, Олим Шерзамонов 25 июл куни Тожикистон президенти талаби билан Бадахшонда отишма тўлиқ тўхтатилгани ва музокаралар бошлангани бадахшонликлар орасида умид уйғотганини билдирди.

Хоруғдан олинган хабарларга кўра, Тожикистон президенти Тоғли Бадахшон автоном вилояти раҳбари Қодир Қосимдан Помирда олиб борилган махсус амалиётни тўлиқ тўхтатишни талиб қилган ва шаҳарда маҳаллий вақт билан соат 14:00 да отишма тўхтатилган.

Шаҳарда барча давлат идоралари, озиқ-овқат дўконлари ва бозорлар ишламаётгани айтилмоқда.

Олим Шерзамоновнинг хабарига кўра, ҳозирда ташқи дунёдан алоқаси узилган Хоруғ шаҳрида маҳаллий аҳолининг норозилик йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

- Бадахшоннинг турли четларидан келган тинч аҳоли ҳозирда Хоруққа йиғилди. Мумкин 5000 га яқин одам йиғилгани тахмин қилинмоқда. Уларнинг аксари жанговар ҳаракатлар давомида ўлдирилганларнинг яқинларидир. Ҳозирда биз 40 кишидан зиёд тинч аҳолидан бўлган одамнинг ўлдирилгани ҳақида хабарга эгамиз. Улар шунчаки Тожикистон президенти Раҳмонов олиб борган катта сиёсий ўйин қурбонлари бўлди, дейди Тожикистон мухолифат партияси расмийларидан бири Олим Шерзамонов.

Олим Шерзамонов бадахшонликлар яна бир катта оммавий намойиш ўтказиш учун Москва ҳукуматига ариза топширганини маълум қилди.

Тожикистон расмий хабарларига биноан, 24 июлда бошланган ҳарбий амалиётлар чоғида 30 жанггари ўлдирилган, 40 нафари ҳибсга олинган.

Улардан 8 нафарининг Афғонистон фуқаролари экани айтилади. Аммо норасмий манбаларда айтилишича, армия ва аҳоли орасида ҳалок бўлганлар сони анча катта ва тахминан 100 дан ортиқдир.

Тожикистон Давлат Миллий хавфсизлик қўмитасининг Бадахшон вилоят бошқармаси бошлиғи Абдулло Назаров 21 июл куни ўлдириб кетилган эди.
XS
SM
MD
LG