Линклар

"Швецияда судланувчи ҳам одам экан!"

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистонликлар устидан маҳкама ўтаëтган суд зали.

Ўзбекистонликлар устидан маҳкама ўтаëтган суд зали.

Ўзбекистонлик диссидент имом Обидхон Назаровга қарши уюштирилган суиқасдга алоқадорликда айбланаëтган икки ўзбекистонлик устидан Швецияда бораëтган суд жараëнини кузатаëтган ўзбеклар шундан ҳайратда....



Тошкентдаги Тўхтабойвачча масжидининг собиқ имоми, Швецияда сиёсий бошпана топган 54 яшар Обидхон қори Назаровга уюштирилган суиқасдга алоқадорликда гумонланаëтган икки ўзбекистонлик устидан 26 июл, пайшанба куни суд ҳукм чиқариши кутилмоқда.

Имом иши юзасидан Швециянинг Стромсунд шаҳрида бўлиб ўтган суд жараёни мажлисларини тилга олинган мамлакатда яшаётган 2000 нафар атрофидаги ўзбек диаспораси вакиллари ҳам кузатди.

Улар, беихтиёр, суиқасд билан боғлиқ тергов-суриштирув амалиётларини ҳамда суд жараёнини ўз ватанлари – Ўзбекистондаги шунга ўхшаш амалиётлар ва суд жараёнларига қиёсладиларки, бу ҳолат воқеани ёритарканмиз, лавҳаларимизда сезилиб турди.

Ана ўша ҳолатлар, яъни шведча тергов ва судловнинг ўзбекистонликларни ҳайрон қолдирган жиҳатлари тўғрисида уларнинг ўзлари гапириб беради.

Обидхон қори Назаров иши юзасидан ўтказилган суд жараёни мажлисларида томошабин сифатида иштирок этганлар орасида ўзбекистонлик сиёсий муҳожир, 35 яшар Дониёр ҳам бор эди.

“Судья судланувчидан тушликка қачон чиқамиз, деб сўраганидан ҳайрон қолдим!”

Айтишича, Дониёрни ҳайрон қолдирган жиҳатлар кўп бўлди, бироқ мана бу ҳолатни ҳеч қачон унута олмаса керак.

- Суд пайтида, адашмасам биринчи куни судя танаффус эълон қилишдан олдин судланувчиларга қараб “Тушликка 11.30-12.00ларга яқин чиқамизми ëки озгина давом эттирсак бўладими?” деб сўраяпти. Кейин таржимонлар таржима қилиб улар “Майли давом этсак бўлади” дегандан кейин ўзининг адвокатлари билан келишиб, судни давом эттиришаяпти.

Озодлик: Судя судланувчидан сўраяптими тушликка чиқиш чиқмасликни?

- Ҳа. Маслаҳат тарзида ташлади саволни, дейди Дониëр.

Суд жараёни мажлисларида томошабин сифатида иштирок этган ўзбекистонликлардан яна бири суднинг ҳукмни тайёрлашга кетиш олдидан қабул қилган қароридан ҳайрон қолганини гапириб берди.

Бу масалага навбати билан тўхталамиз.

“Швед матбуоти айбсизлик презумпцияси принципига содиқлигидан ҳайрон қолдим!”

Швецияда истиқомат қилаётган сиёсий қочқин, журналист Тўлқин Қораев воқеа маҳаллий матбуотда ёритилишининг ўзини ҳайрон қолдирган жиҳатларига тўхталди.

- Шу воқеадан сўнг швед матбуоти бунга жуда қаттиқ эътибор билан қаради. Май ойига келиб эру хотинлар Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар қўлга олинганидан сўнг бу нарсага жуда ҳам қаттиқ эътибор қаратилди яна. Даставвал мени ҳайрон қолдирган нарса шу бўлди. Билмадим яна қайси мамлакатда бор экан бундай усул. Швецияда шахснинг ҳуқуқи ҳар қандай бошқа қонунлар борми, ҳуқуқлар борми ҳаммасидан устун туради. Эру хотин қўлга олинганида “Бир эркак, бир аëл ушланди. Швед тилида гапирар экан. Ўзбек тилида гапирар экан” деб мана шу жиҳатларини айтаяпти. Ҳатто эр хотин эканлигини ҳам айтмади бошида. Яъни шахснинг ҳуқуқини ҳимоя қилди. Жиноят қилганми қилмаганми бундан қатъий назар шахснинг ҳуқуқи дастлабки ўринда туради, дейди Тўлқин Қораев.

Қўлга олинган эр-хотиннинг исмлари ҳам швед матбуотида тилга олинмаганини, улар шартли равишда Ольга ва Сергей, деб аталганини алоҳида таъкидлаб ўтди Тўлқин Қораев.

Айтишича, уни ҳайрон қолдирган яна бир жиҳат суд жараёнининг маҳаллий матбуотда кенг ёритилгани бўлди.

- Суд залидан репортаж бериб борилди. Узлуксиз онлайн тартибда берилди. Остерсунд постинг газетаси ўзининг интернет саҳифасида берди буни. Шу ерда ҳам исмини келтиргани йўқ. Унақа қилиб шахсини ҳақоратлаш, буни швед қонунлари тақиқлайди. Бунақа нарсани тасаввур қилиб бўлмайди. Фақат прокурорга таянди, терговга таянди. Ҳаттоки уларни жиноятчи деб ҳам айтгани йўқ швед матбуоти, дейди ТЎлқин Қораев.

Обидхон қори Назаров иши юзасидан ўтказилган суд жараёни мажлисларида томошабин сифатида иштирок этган ўзбекистонлик сиёсий муҳожир, 35 яшар Дониёрнинг айтишича, уни ҳайрон қолдирган яна бир жиҳат суд жараёнида оқловчи ва қораловчи ўртасидаги ўзаро мусобақа принципига оғишмай амал қилингани бўлди.

“Швед судида адвокат билан прокурорнинг ҳуқуқлари амалда тенг экан!”

Дониёр швед судида адвокат ва прокурорнинг мавқеи тенглигига ҳам эътибор берибди.

- Ўзбекистондаги бўлган суддан фарқлари булар бир-бирига тескари фикрни кўтариб чиқаëтган бўлса ҳам бир-бирига бўлган муносабати, қизишиб кетмаслиги, қанақадир бир томонга зуғум ўтказмаслиги кўриниб турибди. Мўътадил ҳолатда ўтдида. Ўзбекистондаги бўлган судга солиштирганда Ўзбекистонда прокурорларнинг анча устунлиги, ҳатто улар судда туриб айбланувчига, ҳатто адвокатга ҳам ўзининг гапини ўтказишга ҳаракат қилиб дўқ қилганларининг гувоҳи бўлганман, дейди Дониëр.

“Прокурор қандай курсида ўтирса судланувчилар ҳам ўшандай курсида ўтирганидан ҳайрон қолдим!”

Ўзбекистонда судланувчи панжара ортида ўтиришига кўникиб қолган Дониёр шведча судловнинг ўзи кутмаган яна бир жиҳатига эътиборимизни қаратди.

- Ўзбекистонда судда айби исбот қилинадими қилинмайдими у гуноҳкор сифатида қараладида. Ҳатто ўша темир панжаралар эшиги ҳам охиригача очилмайди. Одам ëни билан кириб ëни билан чиқадиган қафасларга солиб суд қилинади. Бу ерда булар оддий стулда ўтиришибди. Прокурор қанақа стол-стулда ўтирган бўлса, улар ҳам худди шунақа юмшоқ, қулай стол-стулларда ўтиришибди, дейди Дониëр.

“Швецияда судланувчи ҳам одам экан!”

Бу фикр Дониёрнинг хаёлидан судьянинг судланувчиларга бўлган муносабатини кўриб ўтибди.

- Судянинг овозини одатий ҳолатдан кўтариб уларга мурожаат қилганини эслай олмайман. Ҳақоратмас¸ ҳатто тўғри гапни агар сал овозини кўтариб гапирадиган бўлса ëки қарашини сал қаттиқроқ қилиб гапирадиган бўлса, унинг олдидаги адвокатлари бемалол ўзининг протестини билдириб, ўша нарсанинг ноқонунийлигини исботлаши кўриниб турган нарса эди, дейди Дониëр.

“Судья судланувчиларни асосий ҳукм чиққунига қадар ҳибсдан озод қилиб юборганидан ҳайратландим!”

45 яшар сиёсий муҳожир, Швецияда истиқомат қилиб турган Абдураҳмон ҳам Обидхон қори Назаров иши юзасидан ўтказилган суд жараёни мажлисларида томошабин сифатида иштирок этганлардан бири.

Абдураҳмон ҳам, Озодлик билан суҳбат чоғида, суд жараёнининг Дониёрни ҳайрон қолдирган жиҳатларидан ҳайрон қолганини айтиб берди.

“Айниқса, деди Абдураҳмон, суднинг судланувчиларни ҳукм чиққунича ҳибсдан озод қилгани менга қаттиқ таъсир қилди”.

- Ҳайрон қолдирган нарсаси, суд буларга асосий ҳукм чиқаргунча буларни озод қилиб юборгани уйига. Бу нарса мени жуда ҳам ҳайрон қолдирди. Мен бу нарсани умуман кутмаган эдим. Бу нарса менга булутсиз кунда чақмоқ чаққандай таъсир қилди. Эшитиб ҳайрон қолдим, дейди Абдураҳмон.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG