Линклар

Парламент ҳукуматни истеъфога чиқармоқчи


Қирғизистон Бош вазири Ўмурбек Бабанов парламент депутатларининг ишончини қайта қозониш учун ҳаракат қилмоқда.

Қирғизистон Бош вазири Ўмурбек Бабанов парламент депутатларининг ишончини қайта қозониш учун ҳаракат қилмоқда.

Қирғизистон парламентидаги ҳукмрон коалицияга кирган “Ата Мекен” партияси ҳукуматни истеъфога чиқариш юзасидан навбатдаги жараённи бошлади.

“Ата Мекен” фракцияси ҳукмрон коалициядаги ҳамкори бўлган “Республика” партияси вакили Ўмурбек Бабанов бошқараётган амалдаги ҳукуматни истеъфога чиқариш масаласини муҳокама қилиш учун айни пайтда таътилда бўлган парламентнинг навбатдан ташқари йиғинини ўтказиш ташаббуси билан чиқди.

“Ата Мекен” фракцияси аъзоси Жўмарт Сапарбаевнинг айтишича, бу борада депутатлардан имзо йиғиш жараёни бошланган.

- Бугунги кунда парламентнинг навбатдан ташқари йиғинини тез кунларда ўтказиш учун бор имкониятни ишга солаяпмиз. Чунки август ойининг охирларида ҳукумат икки-учта конни ким ошди савдосида сотиб юбориши мумкин. Бизнинг ташаббусимизни бошқа фракциялар ҳам қўллаб-қувватлмоқда, –деди депутат Жўмарт Сапарбаев.

Сўнгги хабарларга қараганда мазкур ташаббусни парламентдаги “Ар-Намис” фракцияси ҳам қўллаган. Мухолифатдаги “Ата Журт” фракцияси эса ҳукуматга ишончсизлик билдириш масаласи аллақачон пишиб етилганини билдирмоқда. Парламентдаги Социал демократлар фракциясининг фикри эса бу масалада иккига бўлинган. Бироқ “Республика” партияси ҳукуматни истеъфога чиқариш масаласида навбатдан ташқари йиғин ўтказилишига қарши.

- Қирғизстонга ҳозир барқарорлик керак. Иссиқкўлда сайёҳлик мавсуми муваффақиятли кетаяпти, сармоя муҳити жуда ижобий бўлиб турибди. Бош вазир Россия билан ҳамкорликда муҳим иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида музокаралар олиб бораяпти. Ҳозирги вақтда ҳукуматни истеъфога чиқариш Қирғизистон учун фойдали бўлмайди, -деди “Республика” фракциясидан парламент депутати Қурманбек Дийканбаев.

Қирғизистон ҳукуматига ишончсизлик кўрсатиш масаласи парламентда июн ойининг бошларида кўтарилган эди. Ўшанда ҳукумат истеъфоси масаласини кун тартибига киритиш учун депутатларнинг кўпчилиги овоз бермаган. Парламент ҳукуматга уч ойлик синов муддати берган эди.

Ҳукуматга ишончсизлик кўрсатиш ташаббусининг кўтарилишига эса мамлакатдаги иқтисодий аҳволнинг ёмонлашаётгани, ҳуқуқ-тартибот тузилмаларида амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларнинг ортга сурилаётгани ва коррупцияга қарши кураш етарли даражада олиб борилмаётгани сабаб бўлган.

Бош вазир Ўмурбек Бабанов парламентнинг бундай огоҳлантирувидан сўнг зудликда коррупцияга қарши курашни кучайтирувчи учта қонун лойиҳасини парламентга тақдим этди ва ҳуқуқ-тартибот тузилмаларида чала қолган ислоҳотларни амалга ошириш тўғрисида кўрсатма берди.

Бироқ сиёсатшунос Темир Жумакадиров бундай тадбирлар Ўмурбек Бабановни Бош вазир курсисида сақлаб қола олмайди, деб ҳисоблайди:

- Биздаги сиёсий майдонда норасмий музокаралар катта аҳамиятга эга. Бу сафар ҳам ҳамма нарсани мана шу норасмий музокаралар ҳал қилади. Бабанов ҳукумат истеъфосини талаб қилаётган депутатлар билан қай тарзда музокара ўтказиши, унга қандай шартлар қўйилиши, бу шартларнинг қабул қилиниши ёки қилинмаслигига қараб ҳукуматнинг тақдири ҳал бўлади, -деди Темир Жумакадиров.

Қирғизистон Конституциясига мувофиқ парламентдаги депутатларнинг ярмидан кўпи ҳукуматга ишончсизлик билдирса, сўнгги қарорни президент қабул қилади. Президент парламент ташаббусини қўллаши ёки рад этиши мумкин. Сиёсатчилар бугунги сиёсий вазиятдан келиб чиққан ҳолда президент ҳукуматни истеъфога чиқаришга рози бўлмаслигини айтмоқда.

Бироқ Конституцияга биноан орадан уч ой ўтиб парламент ҳукуматга яна бир бор ишончсизлик билдириш ҳуқуқига эга. Бу ҳолатда президент ҳеч қандай эътирозларсиз ҳукумат истеъфосини қабул қилишга мажбур бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG