Линклар

Янгийўлда ҳуқуқ ҳимоячиси пичоқлаб ўлдирилди


Акромхўжа Муҳитдинов ҳуқуқ фаоллари тадбирларидан бирида гапирмоқда.

Акромхўжа Муҳитдинов ҳуқуқ фаоллари тадбирларидан бирида гапирмоқда.

25 июл куни Тошкент вилояти Янгийўл туманининг Тинчлик посёлкасида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алъянси фаоли Акромхўжа Муҳитдинов жигарига санчилган пичоқ зарбидан жон берди.


59 яшар Акромхўжа Муҳиддинов ўлдирилганини Озодликка унинг дафн маросимида иштирок этган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алъянси раисаси Елена Урлаева маълум қилди.

Урлаевага кўра, маҳаллий фуқаролардан бири Маҳмуд исмли шахс Акромхўжа Муҳиддиновни маҳалладаги дўконча олдига чақирган ва ўша ерда ҳуқуқ фаолини уч киши калтаклаган.

Ҳужум қилганлардан бири Муҳиддиновга пичоқ санчган.

- 25 июл куни кечқурун Акромхўжа менга қўнғироқ қилиб, Елена фермерлар иши бўйича ютиб чиқдим улар хурсанд, тезда келинг, деб айтди. Бир соатдан кейин уни маҳалла марказидаги дўконча олдига чақиришган ва уч киши калтаклаган. Кейин Мирислом исмли ёш йигит унга пичоқ санчган. Қон кўп йўқотган Акромхўжа касалхонага олиб кетилаётган пайтда йўлда жон борган, дейди Елена Урлаева.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алъянси раҳбарига кўра, милиция Маҳмуд ва 1992 йилда туғилган Мирислом исмли шахсни дарҳол қўлга олган.

Жанжалда қатнашган учинчи шахс - Мирисломнинг отаси яширинишга улгурган.

Елена Урлаевага кўра, прокуратура воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатган ва тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

- Прокуратура ва милиция ходимлари келди ва воқеа бўйича суриштирув олиб борди. Хотини ва қизини тунги учга қадар прокуратурада ушлаб туришди. Қотиллик бўйича жиноий иш қўзғатилган. Натижа қандай бўлишини кўрамиз. Нима бўлганда ҳам сафимиз битта фаолга камайди, деди дафн маросимида иштирок этган Елена Урлаева.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алъянси раҳбари Акромхўжа Муҳиддиновнинг ўлдирилиши унинг инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасидаги фаолияти билан боғлиқ эканини иддао қилмоқда.

- Акромхўжа Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алъянси ва Бирдамлик фаоли эди. Пахта далаларида болалар эксплуатацияси бўйича ўтказилган рейдларда фаол иштирок этган. Биз рейдларга бирга борганмиз ва бир неча марта ҳужумга учраганмиз. Кечаги бандитлар провокациясини ҳам атайин уюштирилган¸ деб ҳисоблайман. Чунки у Янгийўл туманидан фаол иш олиб борган эди, деди Елена Урлаева.

59 яшар Акромхўжа Муҳитдинов 7 йилдан бери Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алъянси аъзоси сифатида фаолият олиб бораётган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG