Линклар

Автоҳалокатда беш ўзбек мардикори ўлди


Ўзбекистонлик мардикорлар ҳалокатга учраган Самара-Уралск автомагистрали.

Ўзбекистонлик мардикорлар ҳалокатга учраган Самара-Уралск автомагистрали.

Самара вилоятида регистрациясини янгилаш учун Қозоғистон чегарасига кетаётиб йўлда аварияга учраган Ўзбекистон фуқароларидан беш нафари нобуд бўлди, яна олти киши турли жароҳатлар билан касалхонага ëтқизилди.


22 июл куни куни Самара вилоятининг Болшечерниговский туманидан ўтадиган Самара-Уралск М-32 трассасида ВАЗ-21099 ва ВАЗ-2115 давлат номер белгиси бўлган икки автомобил юзма-юз тўқнашди.

Авария натижасида ўзбекистонлик 5 мардикор нобуд бўлди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда ҳалок бўлган йигитлардан бирининг яқини Давронбек:

- Самарада ўзбеклар авария бўлиб кетиб, бештаси ўлибди. Улар ичида жиянимиз ҳам бор эди. Уларга қанақадир кўмак беришнинг иложи бормикин, деган мақсадда телефон қилятган эдим. Кейин хабарлашсам¸ уйдан пул келибди айримларига. Владимир вилоятининг ҳар хил жойида ишлаётган болалар экан. Паспортни кирди-чиқди қилиш учун чегарадан ўтиб келгани учун Газел заказ қилиб Қозоқ чегарасига кетган боллар бўлган. Биласизку, бир йилда бир пропискани янгилаб туриш керак. Булар разрешение на работу билан ишлаган. Сроки тугаганидан кейин, чиқиб келишга мажбур, дейди бу автоҳалокат натижасида жиянини йўқотган водийлик Давронбек.

Давронбекнинг сўзларига қараганда, Владимир вилоятидан иккита Газелда чиққан 16 нафар ўзбек мардикори, Самара шаҳрига келиб чегарагача енгил автомашина ёллаган.

“Лекин ҳайратланарлиси¸ ўзимизнинг йигитлар кетаётган автомашиналар юзма-юз тўқнашган!”, дея давом этади Давронбек:

- Иккови бири-бири билан уришган, қандай уришганига мен ҳам ҳайронман. Битта жойдан чиқиб кетган – биттаси эртароқ, биттаси кейинроқ. Аварияга учраган иккала машинадан 5 киши ўлибди, иккитаси болнисада оғир экан. Менинг аммамнинг невараси бор эди, 20 ёшга кирган бола бор эди, хуллас жияним. У ҳам ёлғиз ўғил эди, бечора, дейди нобуд бўлган йигитнинг исмини шаҳрихонлик Достонбек деб таништирган Давронбек.

Самара – Уралск трассасида меҳнат муҳожирлари кетаётган автомобиллар тўқнашганини Озодликка тасдиқлаган Самара вилояти Давлат Автомобил инспекцияси ходими Олга Писарева жароҳат олганлар орасида Тожикистон фуқаролари ҳам борлигини билдирди:

- ВАЗ-21099 автомобилини бошқараётган 1981 йили туғилган ҳайдовчи Самара-Болшая Черниговская йўлининг Қозоғистонга кетиш тарафида 152-километрда қарама қарши йўлга чиқиб кетган ва Қозоғистон тарафидан келаётган ВАЗ-2115 автомашинаси билан тўқнашиб кетган. Автоҳалокат эрталабки соат 4 ларда содир бўлган. Натижада ВАЗ-21099 автомашинаси ҳайдовчисидан ташқари орқа ўриндиқда ўтирган 1988 йилда туғилган йигит вафот этди. ВАЗ –2115 автомашинасида ҳайдовчидан ташқари орқа ўриндиғда ўтирган 1993 йилда туғилган йигит ва туғилган йили аниқланмаган яна бир шахс нобуд бўлди, дейди Самара Давлат Автомобил назорати инспектори.

Олга Писарева тўқнашган машиналардан бири Қозоғистон чегарасига, иккинчиси чегарадан ичкарига қараб келаётгани ва ичида ўзбекистонлик ҳамда тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ўтирганини тасдиқлади.

Инспекциядан олинган маълумотларга кўра, аварияга учраганлардан қолган 6 киши Болшечерниговский марказий ва Самара шаҳар шифохоналарига олиб кетилган.

Самара автомобил инспекциядан олинган маълумотларга кўра, “99” автомобилни Отабек Ҳайитов исмли йигит, “15” ни эса Валерий Жуковский бошқарган.

Самарага қайтаётган ВАЗ-2115 нинг орқа ўриндиғида Озодликка қўнғироқ қилган Давронбекнинг жияни шаҳринхонлик Достонбек Омонов ва унинг дўсти Баҳромбой Авазмуротовлар ўтиргани аниқланди.

“Автоинспекция ходимлари ҳалокат жойига санитар авиациясини чақиртирган ва уч нафар энг оғири Самарадаги Калинин номидаги шифохонага олиб кетилди”, дейди Озодлик билан суҳбатлашган Болшечерниговский туман марказий шифохонаси хирурги Лилия Савелева.

- Бизда ҳозир бир нафари қолди улардан. Доктор унга ҳозир ҳам жавоб бериш мумкин¸ деяпти. Бошқа сменада эди, бир киши ўлиб қолди, қолган уч оғир аҳволдагиларни Самара шаҳрига юбордик. Бу уч кишининг жароҳатлари жуда оғир. Масалан¸ 1982 йилда туғилган йигитнинг жағи, бош суяги синиб кетган, кўкрак қафаси бир нечта жойдан, қўл-оёқлари синган, мия чайқалган. Шифо беришини тилаб қоламиз, дейди шифохонага тушган 6 кишидан учтасининг аҳволи оғир қолаётганини айтган шифокор.

Шифохона ходими Самара-Уралск автотрассаси маҳаллий аҳоли орасида бехосият ҳисобланиши ва айнан шу ерда тез-тез мудҳиш автоҳалокатлар бўлиб туришини қўшимча қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG