Линклар

Тошкент шаҳрининг деярли барча туманларидаги хусусий ҳовлилар газ ҳисоблагичларини ўз вақтида давлат стандартидан ўтказмагани учун миллионлаб сўмлик жаримага тортилмоқда.

"Аҳоли олдиндан огоҳлантирилмади"

Юнусобод туманидаги маҳаллалардан бирида истиқомат қилувчи Раъно опанинг айтишича, шу кунларда ишлатилган газ ҳақини ўрнатилган ҳисоблагичлар бўйича ўз вақтида тўлаб турган хонадонлар у йўқ, бу йўқ, миллион-миллион сўмга қарздор қилиб қўйилмоқда:

- Биз шу участкага кўчиб келганимизга 3 йил бўлди. Райгаздан ўзи одамлар келиб счетчикни қўйиб, пломбалаб кетишган эди. Уч йилдан бери назоратчи келиб ўзи текшириб, квитанция ёзиб пулини олиб кетарди. Ўтган ҳафта томдан тараша тушгандай келиб¸ "Счетчикни бошқатдан текширтириб келиш керак", деди.

Райгазга олиб борсак, сизларни яқин икки миллион сўм қарзларинг бор, дейди. Нимага деб сўрасак, айтадики, икки йил олдин қарор чиққан эди, счетчикни госстандартдан ўтказиш керак эди, дейди. Биз эса бу ҳақда умуман эшитмаганмиз, дейди Раъно опа.

Расмий раддия

Озодлик билан суҳбатда "Юнусободтумангаз" корхонаси бошлиғи Хайрулла Расулов Тошкент шаҳри¸ хусусан Юнусобод туманидаги хусусий ҳовлиларнинг ëппасига газдан қарздорга чиқарилаëтгани ҳақидаги хабарларни инкор қилди:

- Агар 2-3 йил олдин ҳисоблагич госстандартдан ўтказилган бўлса¸ жарима деган сўзнинг ўзи бўлмайди. Бундан мақсад¸ шубҳали счётчиклар бўлса, пломбаси узилган ёки бирор асбоб билан дахл қилинган бўлса, бошқатдан ўтказилади. Иккинчи шубҳали томони эса, шунча газда ишлайдиган приборлар уйда турибди, лекин ишлатилган газ билан тўланган пул бир-бирига тўғри келмайди. Бундай ҳолда ҳам қайтадан стандарт текширувидан ўтиши керак.

Бундан ташқари,Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йилдаги қарорига биноан газ ҳисоблагичлар тўрт йилда бир марта госстандартдан ўтиши керак. Биз бекордан бекорга стандартдан ўтган ҳисоблагични яна қайтадан ўтказмаймиз. Шубҳали бўлиши мумкин. Агар ноқислик аниқланса жарима эмас, ўша газ ишлатилган шароитдан келиб чиқиб қўшимча тўлов олинади, дейди "Юнусободтумангаз" корхонаси бошлиғи Хайрулла Расулов.

Суҳбат давомида Тошкентдаги энг йирик туманлардан ҳисобланган Юнусобод газ идораси раҳбари¸ аҳолининг сурункали тарзда газ ҳисоблагичларни давлат стандартларига мослаш лозимлиги ҳақида огоҳлантирилгани¸ бу ҳақда газ идораси ходимлари ҳам оғзаки¸ ҳам ëзма тушунтириш бериб келганини қўшимча қилди.


Бу жарималар ўғирланган газ пули қоплаш учун "ихтиро қилинди"

Тошкент газ идораси масъуллари¸ нима учун газ ҳисоблагичларни ҳар тўрт йилда давлат стандартларидан ўтказиб туриш ҳақидаги Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йилда қабул қилинган қарори ижросининг 2012 йилга келиб ëппасига текширилаëтганига ойдинлик киритишни истамадилар.

Озодлик суҳбатлашган оддий тошкентликларда бу борада ўз тахминлари бор. Юнусободлик Раъно опа фикрича¸ газ соҳасидаги ўғирликлар кўламини хаспўшлаб бўлмай қолганидан¸ расмийлар счëтчикларни текшириш баҳонасини ўйлаб топишган:

- Бизнинг ўйлашимизча, булар ўзлари ўғирлаган газнинг пулини аҳоли ҳисобидан тўлдирмоқчи. Масалан¸ қиш пайтида булар теплицаларга катта миқдорда газ сотади, бу ёқилган газнинг пулини кассага бериш керак, шунинг учун еб юборилган пул аҳолининг бўйнига қўйилмоқда, дейди суҳбатдош.

Раъно опанинг айтишича, ҳозир деярли ҳамма хонадоннинг чекига емаган сомсага пул тўлаш қисмати тушган.

"Ҳатто газдан қарздорликни камайтириш учун йўқ қилиб юборилган газ пуллари маҳаллаларга тақсимлаб берилмоқда. Маҳалла қўмиталари эса бу қарзни аҳоли жон бошига бўлиб чиқаяпти¸ дейди Озодлик суҳбатлашдан Тошкентдаги ҳовлилардан бири соҳибаси.

Учтепада ҳам айни норозилик

Тошкентнинг Учтепа туманида истиқомат қилувчи Гулбаҳор опанинг айтишича, бугун аҳолидан давлат стандартларига мос газ ҳисоблагич талаб қилаëтган газ идоралари асли сифатсиз ускуналарни ўзлари ўрнатиб¸ тасдиқлаб берган:

- Қўйилган учётчикларни жуда кўпи бузилвотти. Буни газ идорасига бориб айтсанг, балога қоласан, бир дунё қарз қилиб қўйишади. Ўзи учётчикни тепага қўйиб кетишади. Хонадон эгаси бир ойда бир кўрса кўради, кўрмаса йўқ. Агар текширувчи келиб кўрсаю учетчик ишламай қолган бўлса, тамом балога қоласиз. Катта-катта суммага жарима қилишади, дейди Гулбаҳор опа.

Тошкентнинг Юнусобод ва Учтепа туманларида бошланган “газ террори”нинг яқин кунларда бошқа туманларга ҳам кўчиши кутиляпти.

Оддий газчилар ҳам халққа хайрихоҳ

Озодлик билан суҳбатда ўз исми айтилмаслигини сўраган Тошкентдаги газ идораси мулозимларидан бири ҳам аҳоли билан дарддош эканини айта туриб¸ бу жараëнга матбуот жиддий эътибор қаратиши лозимлигини таъкидлайди:

- Тўғрисини айтайми, жуда кўп шикоятлар тушяпти. Одамларга қўшимча қарздорлик ёзиб қўйишяпти. Энди ўзларинг бир қарамасанглар бўлмайди. Менга ҳам қариндошлар шикоят қилишиб, ёрдам сўрашяпти. Лекин биз ёрдам беролмаймиз, кичкина одаммиз, дейди исми сир қолишини сўраган Тошкент газ идораси ташкилоти ходими.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG