Линклар

logo-print

Тошкентдаги “Чинни бозор” иши бўйича маҳкамага тортилган Тошкент вилоят Солиқ бошқармасининг Бозорлар ва савдо комплексларини назорат қилиш бўлими бошлиғи Рустам Турсунбоев 14 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Тошкент вилояти Жиноят ишлари бўйича суди вилоят Солиқ бошқармасининг Бозорлар ва савдо комплексларини назорат қилиш бўлими бошлиғи Рустам Турсунбоевни 14 йилга, унинг қўл остидаги инспекторни эса 7 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Бу ҳақда Озодликка судда даъвогар сифатида қатнашган “Эзгулик” жамияти фаоли Шоира Содиқбекова хабар қилди.

Ҳуқуқ фаолига кўра, Рустам Турсунбоев Ўзбекистон Жиноят Кодексининг тўққизта моддаси бўйича айбдор деб топилган.

- Буларнинг иши “Чинни бозор” билан боғлиқ. Оддий солиқ инспектори Ботир деган йигит тадбиркорларнинг ҳар биридан эркин савдо қилиш шарти билан 100 доллардан пора олаётган пайтда қўлга олинган. Бу йигит тергов қилинганда¸ унинг бошлиғи шу ишга мажбур қилганини айтиб берган ва бунинг ортидан Рустам Турсунбоев ҳам ҳибсга олинган эди, деди Шоира Содиқбекова.

Айни кунларда Тошкент вилояти Жиноят ишлари бўйича судида “Чинни бозор” иши юзасидан маҳкама якунига етай деб қолди. 25 июл куни бўлиб ўтган суд мажлисида прокурор суддан "Чинни бозор" раҳбарларига узоқ муддатли қамоқ жазоси сўради, дейди Шоира Содиқбекова:

- Икки ойдан буён давом этаётган судда кеча гувоҳлар кўрсатмаси тугади. Прокурор музокарага чиқди. Бозор маъмурияти раҳбари Раҳим Аҳмедовга прокурор суддан 18 йил қамоқ жазоси сўради."Чинни бозор" қурилишида иштирок этган “ТАТИКО” номли сохта фирма раҳбари Зафар Эргашевга ҳам прокурор 18 йил сўради. Прокурорнинг даъвоси бўйича, Зафар Эргашев Бўстонлиқ туманида ўзига 1 миллиард 700 миллион сўмлик дала ҳовли қурган экан. Прокурор бу дала ҳовлини давлат ҳисобига мусодара қилишни ҳам сўради, дейди Шоира Содиқбекова.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, “Чинни бозор” иши бўйича жами 12 киши маҳкамага тортилган. Шулардан 7 нафари ҳозирда ҳибсда сақланмоқда. Очиқда юрган беш кишидан бири, бозор назоратчиси Акбар Асқаровни ҳам прокурор ҳибсга олишни сўради, деб қўшимча қилади Шоира Содиқбекова.

Бунга қадар Тошкент вилояти Жиноят ишлари бўйича суди “Чинни бозор”даги дўконларни қуриш ишларида прораб бўлиб ишлаган биргина амалдор - Фарҳод Абдураззоқовга 15,5 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган эди.

Асосан, хўжалик ва маиший техника моллари билан савдо қилинадиган "Чинни бозор" маъмурияти, солиқ инспекцияси ва СЭС ходимларидан иборат жами 20 дан ортиқ шахс коррупция ва давлат мулкини ўзлаштиришга оид 10 га яқин жиноятда айбланиб, шу йилнинг 19 январ куни ҳибсга олинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG