Линклар

logo-print

Россияда яшаётган бир гуруҳ қирғизлар томонидан ташкил этилган “Патриот” гуруҳи бошқа миллат вакиллари билан юргани гумонланган қирғиз қизларини хўрлашда давом этмоқда.

Россияда яшаётган қирғизлардан иборат “Патриот” гуруҳи бошқа миллат вакиллари билан алоқда бўлган қирғиз қизларини калтаклаётгани ҳақида бир неча ой олдин маълум қилинган эди. Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси мазкур гуруҳ аъзолари қидирилаётганини, уларга нисбатан Россия ва Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги жиноят ишлари очганини маълум қилган.

Аммо бир-икки ойлик танаффусдан сўнг “Патриот” гуруҳи ўз фаолиятини қайта жонлантиргани маълум бўлмоқда. Интернетда эълон қилинган янги видеотасвирларда “патриот”лар қирғиз қизларидан бирини хўрлаётгани акс этган.

Видеотасвирда “патриот” қирғизлар қизга пичоқ ўқталиб, унинг баданига пичоқ санчгани кўрсатилган. “Патриот”лардан бири эса хўрланаётган қирғиз қизига бундан аввал бир қанча қизларни сўйиб ташлаганини айтган. Видео давомида қуйидагича мулоқот бўлиб ўтади:

- Акалар, менга тегманглар!
- Пичоқни бер, буни сўйиб ташлаймиз!
- Сени калтаклаганим ҳали ҳолва, сендай қизларнинг кўпини сўйиб ташлаганман. Сени қўйиб юборсак ариза ёзаман, қаматаман дейсан. Биз қамалмаймиз. Бизни қўллаганлар жуда кўп.


Видеотасвир давомида қирғизлардан бири қизни ҳимоя қилмоқчи бўлади. Аммо “патриот”лардан бири бу йигитни Қорағулжа туманидан эканини айтиб, уни “ватанпарвар” эмасликда айблайди ва қорағулжаликлар “ўзбекларга қарши урушда қаҳрамонлик кўрсатганини” таъкидлайди.

- Сенда ватанпарварлик борми? Қорағулжаликлар қандай бўлади? Ўзбекларга қарши урушда қорағулжаликлар нима қилди, биласанми? Сурдими? Агар кучинг етмаса билиб қўй, бизга ўхшаган акаларинг бор, -дейди “патриот”.

Видеотасвир қирғиз қизини қип яланғоч қилиб ечинтириш ва калтаклаш билан якунланади. Бу қизнинг тақдири ҳозирча номаълум. Воқеа Москва шаҳрида бўлиб ўтгани тахмин қилинмоқда.

Москвадаги қирғизларнинг “Ала Тоо” жамоат ташкилоти раҳбари Жамила Бегибаеванинг айтишича, бундай воқелар тез-тез содир этилаётгани ҳақида маълумотлар бор.

- Аввал шунга ўхшаш воқеаларни содир этганлар қўлга олинди, деган хабар тарқатилгани билан уларнинг қўлга олинганини хеч ким кўргани йўқ. Шунинг учун ҳам хўрлашлар давом этаверадиганга ўхшайди. Улар уриб-тепкилаётган қизларнинг кўпчилиги бошқа миллат вакиллари билан умуман алоқа қилмаган қизлар. Бу қизлар “патриот” ларга бўйсунмагани учун ҳам хўрланишган, -дейди Жамила Бегибаева.

Бундан аввал Екатиринбургда “патриот”лар томонидан хўрланган қирғиз қизи Сапаргул Россия ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига ариза ёзган эди. Екатиринбургдаги Қирғизистон консули Гулнура Нарматованинг айтишича, мазкур ариза юзасидан жиноят иши очилиб, Сапаргулни калтаклаган қирғиз “патриот”ларидан икки нафари қўлга олинган.

-Икки йигит қўлга олинган. Бироқ етарли далил-исботлар бўлмагани учун улардан шаҳардан четга чиқмаслик ҳақида тилхат олиниб, ҳибсдан озод қилинган. Ҳозир бу жиноятни уюштирган учинчи одамнинг шахси аниқланди. У ҳам Екатиринбургда экан. Уни ҳам жавобгарчиликка тортиш юзасидан ишлар олиб борилаяпти, -деди Гулнура Нарматова.

Айрим манбалар “Патриот” гуруҳи аъзоларининг бир қисми Қирғизистонга қочиб келганини айтмоқда. Бироқ Қирғизистон милицияси гуруҳ аъзолари мамлакатга келмагани, агар келсалар қўлга олинишларини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG