Линклар

Ўзбекистондаги газеталар жорий ҳафтада сувга чўкаётган одамлар, айрим давлат муассасаларидаги ўғирликлар ва пластик карточкага телевизор харид қилиб бўлмаслиги ҳақида ёзишди.

Чорвоқда она-бола чўкиб кетди

Ёз мавсумида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган Чорвоқ сув омборида бахтсиз ҳодисалар кўпаймоқда. “Ҳуррият” газетаси 25 июл куни хабар беришича, ушбу дам олиш масканида чўкаётган боласини қутқариш учун ўзини сувга отган она фарзандига қўшилиб ғарқ бўлган.

Озодлик мухбири билан суҳбатлашган Тошкентдаги суғурта ширкати ходими жорий йил 24 июл куни 25 ёшли дўсти Чорвоқда чўкиб ўлганини маълум қилди.

Бир қатор Интернет сайтлар орқали тарқатилган хабарга кўра, 18 июл куни айни ушбу сув ҳавзасида тезюрар скутер катамаран билан тўқнашиб кетган. Оқибатда, катамарандаги бир нечта одам оғир аҳволда шифохонага ётқизилган, 12 ёшли қизалоқ эса бедарак йўқолган.

“Ҳуррият” нашри қайд этишича, ғаввослар саъй-ҳаракати билан жорий мавсумда юнусободлик Нодира Муҳамедова, яккасаройлик Саидрасул Аъзамов, олмазорлик Гулнора Илёсоваларнинг фарзандлари қутқариб қолинган.

Газета жазирама кунларда сузиш ҳавзаларига танда қўйган одамларни эҳтиёткорликка чақиради.

Наманганда 1,7 миллиард сўмлик дон-дун ўмарган амалдорлар қамалди

“Наманган дон маҳсулотлари” очиқ акциядорлик жамияти мансабдорлари бир неча йил давомида 1 миллион 412 минг килограмм ёки 1,7 миллиард сўмлик дон-дунни талон-тарож қилган. “Диёнат” газетаси 26 июл сонига кўра, “Намангандаги гигант корхонага эгри ишларга муккасидан кетган тўда ин қурган”. Ширкат раҳбарлари катта миқдорда донни ўмариш билан бирга қўшиб ёзиш, ҳужжатларни сохталаштириш жиноятларига қўл урган.

Дон топшириш мажбуриятини бажара олмаган фермерлардан пора ундириб, “режа уддаланди” деган мазмунда қалбаки ҳужжатлар расмийлаштирган. Акциядорлик жамияти раиси Илҳомжон Ғиёсов 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳамда 9 йил озодликдан маҳрум қилинган. Жиноий тўданинг қолган аъзолари 7-8 йиллик қамоққа ҳукм этилган.

Олий суднинг “Куч – адолатда” газетаси эса коллеж қурилишидаги ўғрилик ҳақида хабар берди. Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари Бобур Умаровга кўра, Жондор туманидаги қишлоқ хўжалиги коллежи қурилишида буюртмачи ва пудратчи ўзаро келишиб, 207 миллион сўмни ўзлаштирган. Ушбу жиноий иш бўйича “Бухороуйқурилиш” ширкати раҳбари Комил Иброҳимов ва “Исмат Муҳамматобод” хусусий корхонаси раҳбари Одил Омонов айбдор деб топилган. Хусусий корхона директори О.Омонов зарарнинг ярмини қоплагач, 2 йилу 2 ой ахлоқ тузатишга ҳукм қилинган. “Бухороуйқурилиш” расмийсига қандай жазо тайинлангани очиқланмаган.

Пластик карточкага телевизор сотилмайди?!

Тошкентда электроника маҳсулотлари cотиладиган асосий маскан - “Флешка” техномарказида терминаллар йўқ. “Даракчи” ҳафтаномаси ёзишича, техномарказдаги дўконларда уяли алоқа воситалари, телевизор, ноутбук ва бошқа техник воситаларни пластик карточкага харид қилиш имкони мавжуд эмас.

Ҳолбуки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, дўконларда нақд пулсиз савдо мажбурий саналади. “Бу ерда пластик карточкага телефон ёки фотоаппарат учун ғилоф харид қилиш мумкин, холос” дея қайд этилади.

Таҳририят Ўзбекистон Солиқ кодексига кўра, назорат-касса машиналарини ўрнатиш мажбурий бўлгани ҳолда, пластик карточка орқали савдодан бош тортиш энг кам ойлик иш ҳақининг 75 бараваридан 100 бараваригача жаримага сабаб бўлишини урғулайди.

“Новый век” нашри 26 июл сонида “тез ёрдам” хизматининг кечикиб келгани сабабли ҳаётдан кўз юмган бемор қисматидан ҳикоя қилади. Ева Химмелнинг ёзишича, инфарктни бошдан кечирган танишига “тез ёрдам” чақирилади.

Тиббий гуруҳ ярим соат деганда етиб келади, аммо уларда зарур жиҳозлар йўқлиги маълум бўлади. Сўнг иккинчи гуруҳнинг келиши кутилади. Умуман, беморни шифохонага олиб бориш, реанимация бўлимига ётқизиш ва муолажа қилиш чўзилиши сабабли вақт бой берилади.

“Шифокор беморни олиб келиш учун транспорт йўқлиги ёки даволаш бўлинмалари турли қаватларда жойлашганини рўкач қилиш ўрнига, унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун бор имкониятини ишга солиши шарт. Ким билсин, айнан йўқотилган вақт ва ўз вазифасига совуққонлик қайғули воқеага олиб келгандир. Эҳтимол, шунинг учун ҳам одамларнинг оқ либослиларга ишончи йилдан йилга сўниб бораётгандир”, дея куйинчаклик билан ёзади муаллиф.

Фуқаро арзига эътиборсиз ҳоким ўринбосарига иш очилди

Маҳаллий газеталар фуқаролар мурожаатига эътиборсиз мутасаддиларни танқид қилди.

Касби туманилик Б.Яҳёев 2011 йил 9 июнда тадбиркорлик учун ер ажратишни сўраб туман ҳокимига ариза беради. Ушбу мурожаат 8 ойдан ошиқ муддат ўрганилмай ётади.

“Адолат” газетасига кўра, адлия идораси аралашуви билан фуқаро арзига эътиборсиз Касби тумани ҳокими ўринбосари З.Турсунов ҳамда туман архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи Ш.Шерғозиевга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 43-моддаси бўйича иш очилган.

Сенатор Эркин Рўзметов “Ҳуррият” нашри орқали маълум қилишича, Наманган вилояти Норин тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти туман ҳокими ўринбосарига, Ўзбекистон Чернобилчилар уюшмаси Наманган бўлими шаҳар ҳокимига уч марта йўллаган мурожаатига ақалли бир марта жавоб берилмаган.

“Инсон ва қонун” газетасига кўра, 2012 йилнинг 10 март куни Қарши шаҳрида “ЗИЛ” юк машинаси фуқаро Р.Холбоевнинг “Нексия” автомобилини уриб пачоқ қилади.

Юк машинаси ҳайдовчиси воқеа жойидан қочиб кетади. Жабрдийда ҳайдовчи айбдорни топишни сўраб, ҳуқуқ идораларига ариза топширади. Қарши шаҳар ички ишлар бўлими аризагўйга қонунда белгиланган муддатдан 50 кун кечикиб, 2012 йилнинг 20 июнидагина жавоб йўллайди.

Таъкидланишича, мурожаатлари расмийлар томонидан эътиборсиз қолдирилаётган фуқаролар судга, прокуратурага ёки адлия идорасига шикоят қилиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG