Линклар

Тоғли Бадахшон ташқи дунëдан узиб қўйилди


Хоруғдаги ҳарбий амалиëтлар давомида ўнлаб тинч аҳоли вакилларининг ўлдирилгани айтилмоқда.

Хоруғдаги ҳарбий амалиëтлар давомида ўнлаб тинч аҳоли вакилларининг ўлдирилгани айтилмоқда.

Тожикистон ҳукумати Тоғли Бадахшонда бўлаëтган воқеаларни кенг жамоатчиликдан яшириш мақсадида¸ бу минтақани телефон¸ хусусан мобил алоқа имконидан маҳрум қилди. Айни пайтда¸ сунъий йўлдош орқали ишловчи телефонларнинг ҳам йиғиб олинаëтгани айтилмоқда.

Бундан аввал Тоғли Бадахшондаги ҳақиқий вазият¸ хусусан бу ерда маҳаллий аҳоли ўтказаëтган норозилик чиқишлари акс этган видеотасвирларнинг тожик жамоатчилигига етиб боришини тўхтатиш мақсадида Тожикистонда YouTube видео портали тўсиб қўйилди.

Тожикистон ҳукуматининг минтақадаги асл вазиятни жамоатчиликдан яшириш уринишлари ҳам маҳаллий¸ ҳам халқаро жамоатчиликни ташвишга солмоқда.

Бундай уринишлар¸ қолаверса Тоғли Бадахшондаги ҳарбий амалиëтларни тўхтатиш талаби билан бир неча кундан бери муҳожиратдаги тожикистонликлар норозилик тадбирлари ўтказмоқда.

27 июл куни Европа Иттифоқи ҳам Тоғли Бадахшондаги вазият муносабати билан ўз хавотирлари акс этган баëнот эълон қилди.

“Биз яна қурбонлар бўлмаслиги учун имкон қадар тез кунда тўқнашувлар тугатилишига ишонамиз. Тожик ҳукуматини алоқа воситаларини тиклаш, хавфсизликни таъминлаш ва тинч аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун шароит яратиб беришга чақирамиз. Шунингдек, нотинчлик зонасини тарк этишни хоҳловчи фуқароларга коридор очиб беришни сўраймиз,” дейилади 27 июл куни Европа Итифоқининг Тожикистондаги ваколатхонаси томонидан тарқатилган баёнотда жумладан.

Баёнотда тарафлар босиқликка чақирилиб, Тожикистон раҳбариятига минтақада тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш борасида барча имконни ишга солиш тавсия қилинади.

Шунингдек¸ ўз расмий баëнотида Европа Иттифоқи¸ фуқароларнинг вазият ҳақида объектив маълумотга эга бўлиш ва эркин фикр билдириш ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирди¸ Тожикистонда “Азия-Плюс” ва бошқа ахборот воситалари Интернет саҳифаларининг тўсиб қўйилганини танқид қилди.

Айни пайтда, марказдан Тоғли Бадахшон вилоятининг пойтахти Хоруққа, “Азия Плюс” нашри хабарига кўра, Тожикистон қуролли қўшинларининг махсус гуруҳлари жангчиларидан иборат машиналар колоннаси етиб келган.

Хоруғдан олинган янги хабарларга кўра, шаҳар марказида бир неча кундирки маҳаллий аҳолининг норозилик митинги давом этмоқда.

Маҳаллий помирликларни ташқи дунё билан боғлаб турган сўнгги имкон - суъий йўлдош воситасида ишловчи телефонларни ҳам мусодара этиш бошлангани айтилмоқда.

Youtube порталида 26 июл куни Pamir TV Интернет фойдаланувчиси томонидан Хоруғ атрофида бўлганлиги тахмин қилинаётган отишма ва помир тилида сўзлашаётган бир гуруҳ қуролланган шахсларнинг видеоролиги эълон қилинди.



Бироқ ҳозирча бу роликларда кимлар тасвирлангани ва отишма қаерда бўлаётгани тўғрисида аниқ маълумот йўқ.

Ҳукумат кучлари томонидан қуршовга олинган Тоғли Бадахшон билан ҳанузгача алоқа тикланганича йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG