Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:55

Прокуратура МТС ширкатига янги айблов эълон қилди


Ўзбекистон Бош прокуратураси МТС ва унинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси бошқарув ходимларига нисбатан янги айбловларни илгари сурди. Бу баëнот¸ МТС раҳбарияти томонидан "абсурд" дея баҳоланди.



МТС очиқ ҳиссадорлик жамиятининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси "Ўздунробита" уяли алоқа ширкати мансабдор шахсларининг жиноий ишлари орқали етказилган моддий зарарнинг умумий миқдори 26 июл ҳолатига кўра 700 миллиард cўм ( 368 миллион АҚШ доллари) дан ошади.

Бу ҳақда Республикаси Бош прокуратураси 27 июл кунги расмий баёнотида маълум қилди.

Ўтган ҳафтада Бош прокуратура "Ўздунробита" мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари томонидан етказилган молиявий зарарни 500 миллиард сўмдан зиёдроқ деб баҳолаган эди.

Ҳозирда "Ўздунробита" мансабдорлари устидан тергов жараёни давом этмоқда.

Бош прокуратура расмий баёнотида айтилишича, тергов жараёнида қўлга киритилган материаллар МТС ва унинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси бошқарув звеносида оилавий-қариндошчилик асосидаги жиноий гуруҳ ҳаракат қилганини кўрсатган.

“Бу гуруҳ аъзолари тўланиши лозим солиқлар миқдорини камайтириш¸ келтирилган ускуна ва маҳсулотлар нархини ошириб кўрсатиш, валюталарни яшириш ва яширин даромадларни ноқонуний йўл билан нақдга айлантиришга имкон берувчи молиявий схемаларни ўйлаб топган ва лицензиясиз фаолият юритиб келган”, дейилади прокуратуранинг 27 июл куни эълон қилинган баёнотида.

Абсурд айбловлар

МТС матбуот хизмати раҳбари Елена Кохановская Озодлик билан суҳбатда прокуратура айбловларини “абсурд” деб атади.

- Прокуратуранинг ҳеч қанақа судловсиз ходимларимизни очиқчасига айблаётганини бошқача таърифлаб бўлмайди. Ҳеч қанақа судловсиз ходимларимизни аллақандай махинация, пул ювиш ва даромадларни яширганликда айблашаяпти. Ҳали суд бўлмасдан ходимларимизни жиноятчига чиқаришаяпти. Ходимларимизнинг ҳибсга олинишини биз - Россиянинг улкан сармоячисига нисбатан босим ва уни маҳаллий бозордан сиқиб чиқариш дея баҳолаймиз, деди Кохановская.

Айни пайтда ¸ МТС матбуот котиби Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий айблов матнини МТС ширкати раҳбариятига тақдим қилмаганини айтади:

- Прокуратура бизга фақат ўзини сайти орқали мурожаат қилaяпти, ширкатга расман айбловни шу пайтгача тақдим қилгани йўқ. Улар 2004 йилдан буён ширкатимиз фаолиятини кўп бора текширишган, ҳеч бир нуқsон топишмаган эди. Энди бизга қарши расмий айблов тақдим этиш учун асос ҳам йўқ уларда, дейди Кохановская.

"Ўздунробита" 17 июл куни кун кеч соат 6 дан бошлаб ўз лицензияси муддати тўхтатилиши ҳақида кўрсатма олиши ортидан мамлакат аҳолисига кўрсатиб келинган барча хизматларини тўхтатган эди.

Айни вақтда ширкатнинг Ўзбекистондаги 9 миллиондан ортиқ МТС мижозларининг аксари тармоқдан узилганича қолмоқда.


МТС Ўзбекистон фаолияти қайта тикланадими?

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги МТС лицензиясини 10 иш кунга тўхтатганини билдирган. Бу муддат 28 июл куни тугаши керак.

Аммо ширкатнинг бу муддатдан кейин фаолиятини қайта бошлашига ишончи йўқ.

- Биз ҳам 10 кунлик муддат тугашини кутаяпмиз. Бу муддат ичида ширкатимиз Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг барча кўрсатмаларини бажарди. Лекин ҳозир ширкатимизга нисбатан бўлаётган босимларга қараб фаолият тикланиши ёки тикланмаслиги ҳақида олдиндан бирон нарса дейиш қийин. Ҳозир ширкатнинг Ўзбекистондаги идораларидаги жиҳозлар рўйхатга олинаяпти, дейди МТС матбуот хизмати раҳбари Елена Кохановская.

Прокуратура: тергов жараёни шаффоф ўтмоқда

Айни пайтда Ўзбекистон Бош прокуратураси МТС мансабдорларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов жараёни шаффоф ва холис олиб борилаётганини билдирди.

Бош прокуратура расмий баёнотида айтилишича, тергов ҳаракатларини олиб бориш жараёнида жиноий-процессуал қонунчилик талабларига тўлиқ амал қилинаяпти, ҳар бир айбдорга ҳимоя ҳуқуқи таъминланган, Россия фуқароси бўлганлар иштирокидаги тергов ҳаракатлари Россия элчихонаси вакиллари иштирокида ўтказилаяпти.

Баëнотда айтилишича¸ Россия Бош консули ҳибсда ушлаб турилаётган МТС-Ўзбекистоннинг муваққат раҳбари, Россия фуқароси Радик Даутовни ёнига охирги марта 24 июл куни киритилган¸ Даутов консулга ҳибс шароитлари ва тергов жараёни хусусида шикоят қилмаган.

- Ҳа, консул ҳақиқатан ҳам учрашди. Радик унга шикояти йўқлигини айтган. Энди, қўлига кишан солинган одам нима ҳам дерди. Ўз навбатида биз ҳозир Ўзбекистондаги ходимларимизни, ҳеч бўлмаганда гаров эвазига озод этилишига ҳаракат қилаяпмиз. Сабаби¸ уларнинг қўлига кишан солиниб, ҳибсда ушлаб турилиши мутлақо ортиқча эҳтиëт чораси, деди Елена Кохановская.

Сўнгги баëнотида Ўзбекистон Бош прокуратураси Россия ахборот воситаларини МТС билан боғлиқ жараёнларни бир ёқлама ва нохолис ёритаётганликда, МТС ширкатини эса тергов жараёнига босим қилишга уринганликда айблади.
XS
SM
MD
LG