Линклар

Пайшанба куни Москва шаҳар мэрияси рухсати билан ўтказилган мухолифатчилар тадбирида 6 май кунги норозилик юришида ҳибсга олинганларни озод қилиш талаб этилди.


“6 май маҳбусларига озодлик!”

Айнан шу шиор остида пайшанба куни соат кечки 19:00 Россия пойтахтининг Новопушкинский хиёбонида "6 май Қўмитаси" томонидан уюштирилган фуқаролар митинги бўлиб ўтди.

Намойишга йиғилган мухолифат вакиллари Болотная майдонида шу йилнинг 6 май кунги тадбир давомида оммавий тартибсизликларда айбланиб қўлган олинганларни озод қилиш ва уларга очилган жиноий ишларни тўхтатиш талабини илгари сурдилар.

“6 май Қўмитаси” 28 июн куни тузилган бўлиб, қўмита Социал-демократик партия, “Другая Россия”, “Солидарность”, “Сўл фронт”, "Оқ лента" ҳаракатлари ва жамоатчилик фаолларини ўзида бирлаштирди.

Митингда сўзга чиқмаса-да, иштирокчилар орасида Борис Немцов, Илья Яшин, Дмитрий Гудков, Иля Пономарёв, Алексей Навалнийлар кўринди.



Митинг бошланишидан олдин норозилик намойиши тарафдорларининг асосий талабларини “Сўл фронт” мувофиқлаштирувчиси Сергей Удалцов овоза қилди.

- Мен эслатиб ўтмоқчиманки, ўша куни 600 дан зиёд одам ҳибс этилди. Ҳар бир ҳибс этилган, жумладан мен ҳам, бўлажак маҳбусга айланишимиз мумкин. Бизнинг бошқа иложимиз қолмади: биз ё қамоққа ўтирамиз ва яна бир таҳқирланишга учраймиз, ёки биз дўстларимиз ҳимоясига чиқиб озод бўламиз, деди ўзи ҳам 6 май куни полиция томонидан ҳибсга олиниб 15 кун қамоқда ўтириб чиққан мухолифат етакчиси Сергей Удалцов.

Москва полицияси расмий маълумотига кўра, митингга 800 га яқин намойишчи йиғилган, лекин митингни кузатиб борган Озодлик мухбири ҳисобига кўра, Новопушкинский хиёбонида 2,5 мингдан зиёд одам йиғилди.

Тартибли ва жанжалсиз ўтган намойишда полициячилар томонидан пичоқ ва файер олиб киришга уринган бир киши ҳибс этилгани хабар қилинмоқда.

Митинг иштирокчилари аввалги тадбирлардаги каби “Эсдан чиқармаймиз, кечирмаймиз!”, “Шармандалик!”, “Россия Путинсиз!” каби шиорларни ҳайқирди.



Норозилик намойишида сўзга чиққан "Инсон ҳуқуқлари учун" ҳаракати етакчиси Лев Пономоревга кўра, Болотная майдонидаги тўполонлар ҳукумат томонидан оммавий норозилик юришларига қарши уюштирилган провокациядир.

- Ҳукумат ҳақиқатан қўрқиб кетди. У ўн минглаб одам йиғилган 6 май акциясида Лукашенко “тажрибасидан” фойдаланмоқчи бўлди. Лукашенко айни митингда провокация қилиб барча мухолифат раҳбарлари ва оддий фуқароларни ҳибс этган. Мана ҳозир Минскда сиёсий мухолифат йўқ! Худди шундай вазифа Болотная майдонида куч ишлатар тизимларга юклатилган эди, дейди жамоатчилик фаоли Лев Пономарёв.

Уч соат давом этган митингдан тарқаётган мухолифатчилар бундан-да йирикроқ оммавий намойишга – жорий йилнинг 15 сентябрига мўлжалланган “Миллионлар марши”га яна йиғилишларини билдирди.

6 май¸ Владимир Путин инагурациясидан бир кун олдин¸ Россия мухолифати мамлакат бўйлаб “Миллионлар марши” ўтказди. Акция иштирокчилари Путиннинг Кремлга қайтиб келишига норозилик билдирди.

Болотная майдонида ўша куни бошланиб кетган тартибсизликлар натижасида 600га яқин намойишчи ушланди.

Кейинроқ тартибсизликлар юзасидан қўлга олинганлардан 14 киши жавобгарликка тортилди, 1200 киши гувоҳ сифатида сўроққа тутилди. Суд 53 нафар полиция ходимини жабрдийда сифатида тан олди.

25 июл куни мазкур воқеаларга алоқадорликда гумонланиб яна икки киши ҳибсга олинди.

Болотнаяда ҳибсга олинганларни озод этиш талаблари Россиянинг бошқа йирик шаҳарларида уюштирилган митингларда ҳам янгради.
XS
SM
MD
LG