Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:02

Дамашқ ва мухолифат уруши Алеппога кўчди


Кенг кўламли тўқнашувлар олдидан Алепподаги тинч аҳоли шаҳарни тарк этмоқда.
Кенг кўламли тўқнашувлар олдидан Алепподаги тинч аҳоли шаҳарни тарк этмоқда.

Суриянинг иккинчи йирик шаҳри ҳисобланган Алепподаги исёнчи гуруҳлар ва маҳаллий аҳоли ҳукумат кучлари уюштириши кутилаётган кенг кўламли ҳужумга тайёргарлик кўрмоқда.


Сўнгги кунларда рўй берган тўқнашувлардан кейин исёнчи гуруҳлар шаҳарнинг қарийб ярмини ўз назоратига олганини иддао қилди.

Ҳукумат армияси учқичлари исёнчи гуруҳларга ёрдам етиб келишига йўл қўймаслик учун Алеппо атрофидаги ҳудудларни бомбардимон қилмоқда.

Хабарларга кўра¸ Дамашқ ҳукумати Алеппога аскарлар ва танклардан иборат катта куч жўнатган.

Мухолифатчиларнинг Озод Сурия Армияси матбуот вакилига кўра, ҳукумат армиясининг кўп сонли ҳарбий техникаси Алеппога етиб келган.

Айни пайтда, Озод Сурия Армияси вакили “энг йирик жангда иштирок этиш учун” партизанларга ҳам мадад кучлари етиб келганини қўшимча қилди.

Вашингтонда 26 июл куни ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Виктория Нуланд Алепподаги вазият ҳақида буларни айтди.

- Биз Алеппода қирғин содир этилишидан хавотирдамиз. Сурия режими шунга шайланаётганга ўхшайди, - деди Давлат департаменти расмийси.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Нави Пиллай Сурия ҳукумати кучлари ва исёнчи гуруҳларни Алеппо аҳолисини жанглардан сақлашга чақирди.

Пиллай жума куни эълон қилган баёнотда Алеппода тўқнашувлар рўй бериши “муқаррар бўлиб бораётгани” тинч аҳоли хавфсизлиги борасида хавотирлар кучайишига сабаб бўлаётгани билдирилган.

Сурияда можаро бошланишидан олдин Алеппо шаҳрида икки миллиондан зиёд одам яшаган.

Айни пайтда, Алепподан Сурия парламентига аъзо этиб сайланган депутат жума куни Туркияга қочди.

Аҳлас Ал-Бадавий хоним Sky News Arab телеканалига берган интервюсида президент Башар Ал-Ассад режимини ваҳшийликда айблади.

Ал-Бадавий президент Башар Ал-Ассад бошчилигидаги Баас партияси ҳукмрон бўлган Сурия янги парламентнинг хорижга қочган биринчи депутати бўлди.

Сурияда давом этаётган зўравонликлар қўшни давлатларни ташвишга солмоқда. Боиси бир оз олдин Ливанга тарқалган зўравонликлар жума куни Иордания ҳудудида ҳам ёйилди.

Хабарларга кўра, Сурия аскарлари Иордания ҳудудига ўтишга уринган 300га яқин қочқинни ўққа тутганидан сўнг Иордания ва Сурия акарлари ўртасида отишма содир бўлган.

Иордания хавфсизлик кучлари Тал Ал Сиҳаб минтақасида Сурия кучлари билан 10 дақиқа отишмалар бўлганини билдирди.

Иордания ҳукумати матбуот котиби эса суриялик қочқинлар ўққа тутилганини тасдиқлади, холос.

Бироқ Саудия Арабистонининг Ал-Арабия телеканали отишмада Иорданиянинг икки аскари яраланганини хабар қилди.

27 июл куни Турия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли ўз мамлакати Сурия чегарасидаги вазиятни диққат билан кузатиб бораётганини билдирди.

Довутўғли фаолияти таъқиқланган Курдистон ишчилар партияси ва Ал-Қоида каби гуруҳлар Сурия чегараси яқинига ўрнашиб олиши мумкинлиги Анқара расмийларини хавотирга солаётганини урғулади.

Ўтган ой Сурия ҳарбийлари Туркияга қарашли разведка самолётини уриб туширганидан кейин Анқара расмийлари Дамашқни агар Сурия аскарлари Туркия ҳудудини ўққа тутса, кескин жавоб қайтарилиши ҳақида огоҳлантирган.
XS
SM
MD
LG