Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:58

Олимпиада тантанали очилди


Лондонда жумадан шанбага ўтар кечаси маҳаллий вақт билан 21.00да, Тошкент вақти билан тунги соат бирда XXX Ëзги Олимпиада ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Уч соатга чўзилган тантанали маросимни Лондондаги стадионда 80 минг одам, жумладан, Буюк Британия қироли Елизавета II ва юзга яқин давлатларнинг раҳбарлари томошо қилди.


Олимпиаданинг очилиш маросими телетрансляция қилинаётган пайтда Дэниел Крейг иштрокида британиялик агент 007 Жеймс Бонд ҳақида қисқа филм кўрсатилди. Тантаналар якунида эса Пол Маккартни ўз гуруҳи билан чиқиш қилди. Олимпиаданинг очилиш маросимида Дэнни Бойл саҳналаштирган “Мўъжиза ороллари” композицияси ижро этилди.



Буюк Британиянинг 22 шаҳрида Олимпиаданинг очилиш маросими кўчаларга ўрнатилган жуда катта экранларда намойиш этилди. Тантаналар якунлангач, Олимпиада шарафига Буюк Британиянинг барча шаҳарларида 15 минг муниципал кенгаш томонидан уюштирилган “Очиқ тун” деб номланган кўча сайллари ўтказилди.


Олимпиада ташкилотчилари ва ахборот агентликлари маълумотига кўра, телевидения орқали тантанали маросимни жаҳонда бир миллиардга яқин одам кузатиб борган.

Кейинги 16 кун давомида Лондон Олимпиадаси доирасида дунёнинг 205 мамлакатидан келган 10500 спортчи 26 спорт тури бўйича олимпиа медаллари учун кураш олиб боради. Спорт ишқибозлари 302 та қизғин мусобақанинг гувоҳи бўлади.


Лондон Олимпиадага 2005 йилдан тайёргарлик кўра бошлаган. Олимпиада ташкилий қўмитасини 1980 йилда Москвада ўтган Олимпиадада 1500 метрга югуриш бўйича чемпионликни қўлга киритган Себастян Коу бошқармоқда. Ташкилий қўмитага йирик халқаро спорт мусобақасини олий даражада ўтказишни таъминлаши учун 17 миллиард доллар ажратиб берилган.


Мазкур маблағ ҳисобига спорт шаҳобчаларидан ташқари Лондонда 200 гектарлик Олимпия парки, Олимпия қишлоғини спорт ареналари билан боғловчи янги юқори тезликда ҳаракатланиш мумкин бўлган трассалар, Темза дарёси устидан 50 метр баландликда соатига 2500 йўловчини ташиш қудратига эга бўлган осма йўл бунёд этилди. Бунинг оқибатида Олимпиадага келган спортчиларнинг 80 фоизи спорт ареналарига 20 минутдан оз вақт ичида етиб бориш имкониятига эга бўлди.


Мусобақаларни кўриш учун чипта сотиб олган ҳар бир спорт ишқибозига исталган жамоат транспортида бепул юриш ҳуқуқи берилган. Олимпиада ташкилотчиларига 70 минг кўнгилли ҳеч қандай ҳақ олмай кўмак кўрсатмоқда. Олимпиада мусобақалари ўтадиган 100 дан ортиқ объектни қўриқлашга 10 минг полициячи, беш минг тажрибали қўриқчи ва 13 минг ҳарбий жалб қилинган.


Лондон олимпия ўйинлари тарихида уч марта Олимпиада ўтказаётган ягона шаҳар ҳисобланади. Лондон 1908 ва 1948 йилларда ҳам Олимпиадага мезбонлик қилган.

2012 йил Ёзги Олимпиада ўйинлари 12 августгача давом этади. Олимпиадада Ўзбекистондан 54 спортчи иштирок этмоқда.
XS
SM
MD
LG