Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:13

Хоруғлик аёллар норозилик йиғини ўтказди


Шанба куни бир гуруҳ аёллар Хоруғ шаҳар ҳокимияти биноси олдида тўпланиб, расмийлардан қўшинларни олиб чиқиб кетишни талаб қилишган.

Озодлик радиоси тожик хизматининг хабар қилишича, норози аёллар ўз талабларини шаҳарда қўшинлар, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техниканинг бўлиши аҳоли орасида қўрқув ва ваҳима кайфиятини пайдо қилаётгани билан асослаганлар. Улар на ўзлари, на болалари уйларидан хотиржам кўчага чиқолмаётганларини билдирганлар.

Бу орада Тоғли Бадахшон мухтор вилояти раиси Қодир Қосим ва Тожикистон мудофаа вазири Шерали Хайруллоев маҳаллий аҳоли олдига чиқиб, уларнинг хавфсизлиги ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан таъминланишига ваъда қилганлар.

Аснода қатор интернет сайтларда Тоғли Бадахшонда ҳукумат кучлари актив амалиёт ўтказишига асосчи сабабчилардан бири ўлароқ кўрилган Толиб Айёмбековнинг баёноти пайдо бўлди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 21 июл оқшомида Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг Тоғли Бадахшон вилоят бошқармаси бошлиғи Абдулло Назаров Ишкошим туманида ўлдириб кетилганди ва бунга Ишкошим чегара заставаси бошлиқ ўринбосари Толиб Айёмбековнинг одамлари алоқадор кўрилганди. Назаровни пичоқлаб ўлдирганларни ҳуқуқ-тартибот идораларга топшириш талаби Айёмбеков тарафдорлари томонидан рад этилганидан кейин расмийлар 24 июл куни Хоруғда “қуролланган жиноятчилар”ни тутиш бўйича махсус амалиёт ўтказа бошлагандилар. Бу орада уларга 28 июлгача қуролни топшириб, таслим бўлиш таклиф қилинганди. Кеча оқшом Тожикистон Ички ишлар вазирлиги қуролланган шахсларнинг айримлари расмийлар талабига бўйсуниб, қуролларини топшира бошлагани ҳақида маълумот тарқатди.

Айёмбеков музокарага тайёр


Генерал Назаров ўлдирилганидан кейиноқ Афғонистонга ўтиб кетгани айтилаётган Толиб Айёмбеков баёнотида эса қурол топшириш ҳақида ҳеч нарса дейилмаган бўлса-да, унинг музокараларга тайёр экани таъкидланган. Айёмбековга кўра, Тожикистон президенти уни генерал Абдулло Назаров ўлимида асоссиз айблаб, шу баҳонада Помир аҳлига қарши ҳарбий амалиётни бошлаб юборган.

Бу амалиётни қоралаган Айёмбеков “тинч аҳолининг бундан буён ҳалок бўлишига йўл қўймаслик мақсадида расман музокараларга тайёрлигимни ҳамда содир бўлган воқеанинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаш учун тергов тадбирлари ўтказилишига ҳозир эканимни билдираман”, дея баёнот берган.

Баёнотда “Абдулло Назаров ўлимига оид иш тергови шаффоф ва КХШТга аъзо бўлган мамлакатлар вакиллари бўлмиш мустақил экспертлар иштирокида ўтказилиши лозим”лиги айтилади. Бу мутахассислар, Айёмбековга кўра, жорий вазиятни тўла англашлари учун терговга оид барча маълумотлар билан таниша олишлари ва Помир аҳли билан шахсан алоқа қилиш имкониятига эга бўлишлари шарт.

Бу баёнотни ёйинлаган сайтлар у Толиб Айёмбековга яқин бўлган шахслардан олинганини қайд этганлар.

Айни пайтда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги шу тобда Хоруғда вазият осойишта бўлиб, аҳоли ўзининг кундалик фаолияти билан машғул эканини билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG