Линклар

logo-print

Лондонда ўтаётган Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон жамоаси ҳозирча битта бронза медалини қўлга киритиб, жамоалар бўйича ҳозирча 21-ўринни эгаллаб турибди. Бадиий гимнастика бўйича Луиза Галиулина допинг тестидан ўта олмагани сабабли мусобақадан четлатилди.

XXX Ëзги Олимпиада ўйинларининг иккинчи кунида Ўзбекистон олимпия жамоасининг тўрт аъзоси 29 июлда медал учун курашни давом эттириши режаланган эди.

66 килограммгача бўлган дзюдочиларнинг нимчорак курашида Мирзоҳид Фармонов битта "иппон" ва битта "юко" билан ливиялик Муҳаммад Кавес устидан ғалаба қозонди.

Бироқ чорак финалда Фармонов жанубий кореялик Чо Жун Хога "юко" билан ютқазди.

60 килограммгача бўлган вазндаги боксчилар жангида Фазлиддин Ғоибназаров марокашлик Меволи Абдунга қарши илк бор олимпиада рингига тушади.

Мазкур жанг душанбага ўтар кечаси Тошкент вақти билан 00:15да бошланади.

Бадиий гимнастикачи Луиза Галиулина допинг тестидан ўта олмагани сабабли мусобақадан четлатилди.

Халқаро Олимпия Қўмитаси маълумотига кўра, 25 июл куни олинган допинг тест натижаси Галиулинанинг организмида таъқиқланган (диуретик препаратига алоқадор) фуросемид моддаси борлигини кўрсатган.

20 яшар Луизанинг Олимпиада мусобадаларида иштирок этиши ёки иштирок этмаслиги ҳақидаги узил-кесил қарор иккинчи допинг тест натижаси маълум бўлганидан кейин қабул қилинади.

Оғир атлетика бўйича Руслан Макаров (56кг) Олимпиада медали учун курашни давом эттиради.

Оғир атлетикачилар беллашуви Тошкент вақти билан 22:00да бошланади.

Олимпиаданинг биринчи кунида 60 килограммгача бўлган вазндаги дзюдочилар курашида икки карра жаҳон чемпиони, 2008 йилги Пекин Олимпиадасининг бронза медали соҳиби Ришод Собиров Ўзбекистон олимпия жамоасига илк медални олиб келди.

Собиров финалга чиқиш учун бўлган курашда россиялик дзюдочи Арсен Галстянга бой берди.

Ундан олдин Ришод Собиров австриялик Людвиг Пайшер, венесуэлалик Хавер Гуедес ва бразилиялик Фелиппе Китадаини ютган эди.

Бронза медали учун курашда Ришод Собиров франциялик Софиане Милоуни мағлуб этди.

Финалда Арсен Галстян япониялик Ҳираоки Ҳираокани "иппон" билан мағлубиятга учратиб, дзюдо бўйича Олимпиада олтин медалини қўлга киритди.

56 килограммгача бўлган вазндаги боксчилар жангида 28 июл куни ўзбекистонлик Орзубек Шоимов бразилиялик рақиби Виейре де Хесусу Робенилсонга 7:13 ҳисобида бой берди.

75 килограммгача бўлган вазндаги боксчилар ўртасидаги жангда Ўзбекистон олимпия жамоаси аъзоси, икки марта жаҳон чемпиони Аббос Атоев марокашлик рақиби Бадриддин Ҳаддиоуни 11:9 ҳисобида ютиб, навбатдаги давра беллашувига йўлланма олди.

Атоев 2 август куни ўтган йилги жаҳон чемпионатининг бронза медали соҳиби руминиялик Богдан Журатонга қарши рингга тушади.

Орзубек Шоимовнинг мағлубиятидан сўнг Олимпиада олтин медали учун курашни ўзбекистонлик беш нафар боксчи давом эттиради.

60 килограммгача бўлган вазнда Фазлиддин Ғоибназаров 29 июл куни ўзининг биринчи жангида марокашлик Меволи Абдун Хуазиндзега қарши рингга тушади.

Милтиқдан отиш бўйича ўтказилган квалификация беллашувида Ўзбекистон олимпия жамоаси аъзоси Сокина Мамедова 56 мерган ичида 49 ўринни эгаллаб Олимпиада медали учун курашда қатнашиш имкониятидан мосуво бўлди.

Ўзбекистон олимпия жамоасининг яна бир аъзоси Сергей Лагутин велоспорт бўйича гуруҳли шоссе пойгасида ғолибдан 8 сония ортда қолиб бешинчи ўринни эгаллади.

Пойгада қозоғистонлик машхур велоспортчи Александр Винокуров 250 километр масофани 5 соат 45 дақиқа 57 сонияда босиб ўтиб Қозоғистон олимпия жамоасига биринчи ва ҳозирча ягона бўлган олтин медални келтирди.

Оғир атлетика бўйича 48 килограммгача бўлган вазндаги спортчилар беллашувида Ўзбекистон олимпия жамоаси аъзоси Марина Сисоева биринчи ва иккинчи уринишда 79 килограммли штангани даст кўтара олмади. Учинчи уринишда 80 килограммлик штанга ҳам ўзбекистонлик ёш спортчига бўйсунмади. Сисоева ҳам Олимпиада беллашувини давом эттира олмайдиган бўлди.

Оғир атлетика бўйича Олимпиада олтин медали учун курашни ўзбекистонлик беш нафар эркак штангачи, яъни, Руслан Макаров (56 кг), Баҳром Мендибоев (69 кг), Шерзод Юсупов (85 кг), Руслан Нуриддинов (105 кг) ва Иван Ефремов (105 кг) давом эттиради.

Айни пайтда, теннис бўйича Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси, АТР рейтинги бўйича дунёда 34 ўринни эгаллаб турган Денис Истомин Лондон Олимпиадасидаги илк ўйинда дунёнинг 17 ракеткаси, испаниялик Фернандо Вердаскони иккита сетда мағлубиятга учратиб кейинги даврада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG