Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:22

Олимпиада 2012: Луиза четлатилди, Фазлиддин курашни давом эттиради


ХXX Ëзги Олимпиада ўйинларида қатнашаётган Бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон олимпия жамоаси аъзоси Луиза Галиулина допинг тестидан ўта олмагани сабабли мусобақадан четлатилди, боксчи Фазлиддин Ғоибназаров эса кечаги учрашувда ғалаба қозонди.

Халқаро Олимпия Қўмитаси маълумотига кўра, 25 июл куни олинган допинг тест натижаси Луиза Галиулинанинг организмида таъқиқланган фуросемид моддаси борлигини кўрсатган.

20 ёшли Луизанинг Олимпиада мусобақаларида иштирок этиш-этмаслиги ҳақидаги узил-кесил қарор иккинчи допинг тест натижаси маълум бўлганидан кейин қабул қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонлик машҳур дзюдочи Абдулла Тангриев қонида наша асоратлари аниқлангани учун Лондондаги Ёзги Олимпиада ўйинларида қатнаша олмаслиги эълон қилинганди.

Айни пайтда 60 килограммгача бўлган вазндаги боксчилар жангида якшанба куни Фазлиддин Ғоибназаров камерунлик Иячинте Меволи Абдунни 11:6 ҳисобида мағлуб қилиб, кейинги босқичга ўтишга муваффақ бўлди.

1/16 финалда Фазлиддин АҚШдан келган боксчи Хосе Рамиризага қарши рингга тушади.

Шунингдек, 29 июл куни Лондон олимпиадаси доирасида 66 килограммгача бўлган дзюдочиларнинг нимчорак курашида Мирзоҳид Фармонов битта "иппон" ва битта "юко" билан ливиялик Муҳаммад Кавес устидан ғалаба қозонди. Бироқ чорак финалда Фармонов жанубий кореялик Чо Жун Хога "юко" билан ютқазди.

Уч уринишда 145 килограммни кўтара олмаган оғир атлетикачи Руслан Макаров эса Олимпиада ўйинларини тарк этадиган бўлди.

Олимпиаданинг дастлабки кунида 60 килограммгача бўлган вазндаги дзюдочилар курашида икки карра жаҳон чемпиони, 2008 йилги Пекин Олимпиадасининг бронза медали соҳиби Ришод Собиров Ўзбекистон олимпия жамоасига илк медални олиб келганди.

Собиров финалга чиқиш учун бўлган курашда россиялик дзюдочи Арсен Галстянга ғалабани бой берди.

Бронза медали учун курашда Ришод Собиров франциялик Софиане Милоуни мағлуб этди.

56 килограммгача бўлган вазндаги боксчилар жангида 28 июл куни ўзбекистонлик Орзубек Шоимов бразилиялик рақиби Виейре де Хесусу Робенилсонга 7:13 ҳисобида бой берди.

75 килограммгача бўлган вазндаги боксчилар ўртасидаги жангда Ўзбекистон олимпия жамоаси аъзоси, икки марта жаҳон чемпиони Аббос Атоев марокашлик рақиби Бадриддин Ҳаддиоуни 11:9 ҳисобида ютиб, навбатдаги давра беллашувига йўлланма олди.

Атоев 2 август куни ўтган йилги жаҳон чемпионатининг бронза медали соҳиби руминиялик Богдан Журатонга қарши рингга тушади.

Орзубек Шоимовнинг мағлубиятидан сўнг Олимпиада олтин медали учун курашни ўзбекистонлик беш нафар боксчи давом эттиради.

Милтиқдан отиш бўйича ўтказилган квалификация беллашувида Ўзбекистон олимпия жамоаси аъзоси Сокина Мамедова 56 мерган ичида 49 ўринни эгаллаб Олимпиада медали учун курашда қатнашиш имкониятидан мосуво бўлди.

Ўзбекистон олимпия жамоасининг яна бир аъзоси Сергей Лагутин велоспорт бўйича гуруҳли шоссе пойгасида ғолибдан 8 сония ортда қолиб, бешинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Мазкур пойгада қозоғистонлик машҳур велоспортчи Александр Винокуров 250 километр масофани 5 соат 45 дақиқа 57 сонияда босиб ўтиб, Қозоғистон олимпия жамоасига биринчи ва ҳозирча ягона бўлган олтин медални келтирди.

Оғир атлетика бўйича 48 килограммгача бўлган вазндаги спортчилар беллашувида Ўзбекистон олимпия жамоаси аъзоси Марина Сисоева биринчи ва иккинчи уринишда 79 килограммли штангани даст кўтара олмади. Учинчи уринишда 80 килограммлик штанга ҳам ўзбекистонлик ёш спортчига бўйсунмади. Шу важдан Сисоева ҳам бундан буён Олимпиада беллашувини давом эттира олмайди.

Аснода теннис бўйича Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси, АТР рейтинги бўйича дунёда 34-ўринни эгаллаб турган Денис Истомин Лондон Олимпиадасидаги илк ўйинда дунёнинг 17-ракеткаси, испаниялик Фернандо Вердаскони иккита сетда мағлубиятга учратиб, кейинги даврада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
XS
SM
MD
LG