Линклар

logo-print

Тошкент шаҳар Хўжалик суди 30 июл куни Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг МТС-Ўзбекистон ширкати фаолиятини яна уч ойга тўхтатиб туриш сўровини қаноатлантирди.

Озодлик билан суҳбатда МТС очиқ ҳиссадорлик жамиятининг Москвадаги бош идораси матбуот котиби Елена Кохановская ширкатнинг ўзбек суди қарорига муносабатини баëн қилди:

- Даставвал айтишим зарурки, 10 кунлик муҳлат давомида лицензиямизни тўхтатилишига сабаб қилиб кўрсатилган ва биздан талаб қилинган кўрсатмаларнинг барчаси ижро этилди. Биз бу кўрсатмаларни бажарганимиз тўғрисида Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигини хабардор қилдик. Шанба куни эса Агентлик ишимиз юзасидан судга ариза топширгани тўғрисида билдиришнома олдик. Шанба куниёқ суддан душанба кунига суд маҳкамаси белгилангани тўғрисида хат олдик. Албатта, душанба кунигача жисмонан бирор ҳужжат тайёрлашнинг иложи бўлмаган эди. Судни кейинроққа қолдириш илтимосимиз эса Тошкент Хўжалик суди томонидан ҳатто инобатга олинмади, дейди МТС расмийси Елена Кохановская.

МТС-Ўзбекистон ширкати 17 июл куни кун кеч соат 6 дан бошлаб ўз лицензияси муддати тўхтатилиши ҳақида кўрсатма олиши ортидан мамлакат аҳолисига барча тур алоқа xизматларини тўхтатган эди.

Ўзбекистондаги 9 миллиондан ортиқ МТС мижозининг умиди чиппакка чиқди - МТС-Ўзбекистон камида яна уч ойга ўз хизматини тиклай олмайди ва мижозлар яна уч ой тармоқдан узилганича қолади.

Ўзбекистон судининг мазкур қарори арафасида МТС бош идораси махсус баëнот тарқатди ва унда Ўзбекистон Бош прокуратурасини "Ўздунробита" ходимларига босим ўтказиб¸ уларни олдиндан ҳозирланган "иқрорнома"лага имзо чектираëтганликда айблади.

30 июл куни МТС очиқ ҳиссадорлик жамиятининг Москвадаги бош идораси тарқатган расмий баёнотда¸ тергов остидаги “Ўздунробита” ходимларининҳ Ўзбекистон прокуратураси босими остида “иқрорномаларга имзо чеккани” хабар қилинади.

Бу хабар манбаси очиқланмаслигини таъкидлаган МТС матбуот хизмати вакилади Валерия Кузменко Ўзбекистон прокуратураси томонидан “Ўздунробита”га нисбатан олиб борилаётган ноқонуний амалиётлар давом этаётганини иддао қилди:

- МТСга келиб тушган маълумотга кўра, 100 фоиз МТСга қарашли бўлган “Ўздунробита” ширкати ходимларига Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан “иқрорнома” олиш мақсадида босим ўтказилаётгани бўлиши мумкин. Ширкат ходимлари “келтирилган асбоб-ускуналар нархини ошириш фактлари тўғрисида маълумотларни яширгани учун пора сифатида мукофот” олганлигини бўйинларига олишга мажбур этилган.

Жумладан, юқоридаги кўрсатмалар суҳбат деб аталган сўроқлар давомида олинган, адвокатлар “Ўздунробита” ходимлари билан учрашувга қўйилмаган. Прокуратура терговчилари ниҳоят адвокатларни ходимларимиз ёнига киритганда улар аллақачон “иқрорномалар”га имзо чекиб бўлган, дейди МТС вакиласи Озодлик билан суҳбатда.

Ушбу вазият юзасидан тарқатилган махсус баёнотида МТС раҳбарияти Тошкентдаги ходимларининг бу усулда сўроққа тутилаётганидан норозилик билдирди.

“МТС га қарши қўйилаётган коррупцияга оид айбловлар асоссиз ва абсурддир. 100 фоиз МТСга қарашли бўлган “Ўздунробита” ширкатининг молиявий натижалари МТС Гуруҳининг умумий кўрсаткичларига бевосита таъсир этади”, дейилади баённомада.

- МТС Гуруҳи бош акционер сифатида ускуналарнинг иложи борича арзон нархда олинишида манфаатдор, жумладан Ўзбекистонда ҳам. Бу иқтисодий самарадорлигимиз кўрсаткичига бевосита таъсир қилади. МТС бутун жаҳон стандартларига мос равишда ўз ходимларини қўшимча рағбатлантириш амалиётини ҳам қўллаб келади – рағбатлантириш ҳам муайян бизнес кўрсаткичларини ошириш, ҳам иқтидорли ишчиларимизни сақлаб қолиш учун қилинади.

Шу сабабли, мотивация учун берилаётган мукофотлар “сотиб олинаётган ускуналарнинг нархини оширишга” қаратилган пора бўлиши мумкин эмас, дейди МТС компаниясининг Россиядаги бош офиси матбуот хизмати вакили Валерия Кузменко.

Баёнот охирида “Ўзбекистон прокуратурасининг “Ўздунробита” шўъбалари молиявий-хўжалик фаолияти устидан олиб бораётган текширувлари ҳанузгача бирор жиддий қонунбузарликлар”ни аниқламагани, “процессуал қонунчилик бузилиши асосида ходимлардан олинаётган “иқрорномалар” эса МТСнинг Ўзбекистондаги бизнесига катта босим бўлаётганидан далолат” эканлигига урғу берилди.

Ўзбекистон прокуратураси ҳисоб-китобига кўра, жиноий гуруҳ ташкил этганликда гумонланаётган “Ўздунробита” ширкати раҳбарияти томонидан турли тўловлар асосида республика хазинасига 500 миллиард сўмдан зиёд миқдорда зиён етказилган.

МТС фаолияти тўхтатилгандан бери Ўзбекистон мобил алоқа бозорида жами тўрт ширкат - Beeline, UCell, UzMobile ва Perfectum Mobile қолди.

Ўзбекистонда МТС шўъба корхонаси "Ўздунробита" мобил алоқа ширкати фаолияти расман 10 кунга тўхтатилган ва бу муҳлат 30 июл душанба куни ниҳоясига етади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG